

Ўйиндан кейин "Бунёдкор" бош мураббийи Илёс Зейтуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Ҳаммага хайрли кеч. Қўқонга келиш мен учун доим ёқимли. Чунки бу ерда онам ўсиб улғайган. Қолаверса ёш пайти ўзим ҳам кўп келганман. Қўқондан ҳар доим бошқача хотиралар қолган. Ўйинга келадиган бўлсак, рақибни ғалаба билан табриклайман. Албатта, биз бу ўйинни таҳлил қиламиз ва мағлубиятдан дарс оламиз. Иккинчи таймда шогирдларим анча яхши ҳаракат қилишди. Мақсадимиз ҳисобни тенглаштириш эди, лекин тўп кирита олмадик. Бунга биринчи навбатда айбдор ўзимман. Чунки таркибни ўзим тузаман, натижага ҳам ўзиб жавоб бераман. Биз қийин вазиятда ҳам бош эгмасликни ўрганишимиз керак. Афсуски, бугун имкониятни бой бердик.
- Рақиб бир киши кам қолгач, жамоангиз кўпроқ ҳужумга ўтди. Бу ҳолат "Қўқон-1912" ҳимояга ўтиб олганиданми ё бошқа сабабми?
- Уйда ўйнар экансан, майдонда неча киши қолганига аҳамият бермайсан. Мақсад ютиш ва мухлислар қаршисида ғалабани нишонлаш бўлади. Буни жуда яхши тушунаман. Биз озроқ совуққон бўлиб ҳаракат қилишимиз керак эди. Қўқон эса ҳимояда яхши ўйнаб ҳисобни сақлаб қолди. Айтиб ўтганимдек, асосий айбдор ўзимман, ҳамма масъулиятни ўз бўйнимга оламан.
- Бунёдкорнинг асосий етакчилари клубдан кетиши ҳақида гап-сўзлар чиқди. Бу гаплар ростми?
- Биз йигитлар билан яқинда бошланадиган Кубок учрашувларини биргаликда ўтказишга келишиб олдик. Биз "Бунёдкор" либоси ва клуб рамзи учун ўйнаймиз. Ҳозир футболчиларга дам берамиз. Сиз ҳақсиз, 5 ой маошсиз ўтириш жуда оғир. Менимча, Кубок ўйинларига қадар раҳбарият ўйинчилар билан гаплашади. Футболчиларимиз жуда кучли ва ҳурматга лойиқ, уларнинг ҳар бирида таклифлар бор. "Бунёдкор" менинг жамоам эмас, аммо футболчилар жамоада қолиши учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Лекин эртага нима бўлишини билмайман.
- Кубок мусобақасида ёшлар ўйнайдими ёки асосий таркибми?
- Академиямиздан чиқаётган ёшлар кўп. Биз Кубок баҳсларини ҳурмат қиламиз ва ҳар бир ўйинда ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Албатта, ёшларга ҳам имкон берамиз.



