Иброҳим Ибрагимов: "Олимпиада йўлланмаси учун тайёргарликни давом эттирамиз"
08 окт 2023 12:10
Янгиликлар
Иброҳим Ибрагимов: "Олимпиада йўлланмаси учун тайёргарликни давом эттирамиз"
- Осиё ўйинлари мусобақаси ҳақида фикрларингиз?
- Бу турнир биз учун фойдали бўлди деб айта оламан. Ҳар бир ўйин қизиқарли ва ўзига яраша қийин ўтди. Гонконг билан мусобақа давомида уч маротаба ўйин ўтказдик, бунақаси камдан-кам бўлади албатта. Бу жамоа ҳам мусобақага яхши тайёргарлик кўриб келган экан. Бундан ташқари Индонезия ва Саудия Арабистони билан ҳам яхши ўйин ўтказдик.
- Ярим финалда Жанубий Кореяни мағлуб этиш учун нима етишмади деб ўйлайсиз?
- Ярим финал баҳсида Жанубий Корея билан ҳам ёмон ўйнамадик. Жамоамиз финалга чиқиш учун бор кучи билан ҳаракат қилди. Мусобақа аввалида Хитойга чемпионликни мақсад қилиб борган эдик. Ярим финалда ўзимизнинг хатолар сабаб гол ўтказдик, бу биз учун катта дарс бўлди.
- Бронза медали учун ўтган баҳс ҳақида нималар дея оласиз?
- Ушбу учрашув аввалидаги кучли шамол ва ёмғир биринчи бўлимда ўзимизнинг тактик футболни кўрсатишга бироз қийинчилик туғдирди. Тайм сўнгида гол киритиб, биринчи бўлимни ғалаба билан якунлаганимиз бизга қўл келди. Иккинчи бўлимда мураббийлар штабининг кўрсатмаларига амал қилиб учта гол уришга эришдик.
Мусобақа давомида бизга мухлислик қилган барча юртдошларимизга раҳмат айтаман. Ўтган йилги Осиё кубогида иккинчи ўрин, бу сафарги Осиё ўйинларида учинчи ўринни қўлга киритдик. Осиёда тенгдошларимиз орасида фақатгина чемпионликни қўлга киритиш қолди. Ўз устимизда янада кўпроқ ишлаб, хатолардан керакли ҳулоса қилган ҳолда асосий мақсадимиз бўлган 2024 йилги Олимпиада ўйинларига йўлланма берадиган Осиё кубоги мусобақаларига тайёргарликни давом эттирамиз.
Фикрлар