Андрей Шипилов: "Ўзингизнинг севимли ишингизга бундай муносабатда бўлиш ярамайди"

Aslanov Jasurbek
22 июл 2026, 23:54
"Қўқон-1912" - ОКМК учрашувидан (1:4) сўнг мезбонлар устози Андрей Шипилов матбуот анжуманида иштирок этди.

Андрей Шипилов: “Ўзингизнинг севимли ишингизга бундай муносабатда бўлиш ярамайди. Нима бўлаётганини тушунмаяпман. Иккинчи бўлимда майдонга тушдик ва… Биринчи навбатда мен уялиб кетдим. Бу ерда фақат мураббий айбдор эмас. Жамоа ютқизса мураббийни айблашади. Биринчи бўлимда яхши ўйнадик, ҳа қаердадир ишончли ҳаракат қила олмадик, аммо мувозанатни тикладик. ОКМК биринчи таймда қийинчиликларга дуч келди. Иккинчи бўлим олдидан ҳаммасини тушинтирдик, гаплашдик… Ҳозир ҳам улар билан суҳбатлашиб чиқяпман. Катта, профессионал, тажрибали футболчилар, аммо уларнинг бошида нима борлигини тушунмаяпман. Натижа адолатли деб ҳисоблайман, ишга бундай муносабатда бўлиш мумкин эмас. Яхши шаҳар, мухлислари зўр.

- Жасур Ёқубов жароҳат сабаб майдонни тарк этди, кўп гол ўтказишимиз сабаби унинг чиқиб кетиши эмасми?
- Ёқубов “Машъал” билан яхши ўйнаган эди. У жароҳатини оғирлашитириб олмаслиги учун алмаштирдик. Голлар сабаби - хатолар занжири. Бундай биринчи бўлим билан 4 та гол ўтказишни ҳазм қила олмайман. Йигитларга нима бўлаётганини тушунмаяпман. Футболчилар чарчаб қолган бўлса, жисмоний ҳолати ёмон бўлса тушунардим, аммо ундай эмас.

- Трансфер ойнаси ёпилгани йўқ, жамоага янги футболчилар қўшиладими?
- Бу саволга мен жавоб бера олмайман. Маълум бир бюджет бор. Кимдир кўп футболчи олади, кимдир кам. Менга Нимели йўқлигини айтишди, сабабини билмайман. Кимларгадир эътирозим йўқ, кимларгадир эса бор. Албатта, жамоага янги футболчиларни жалб қилиб, рақобатни кучайтирган бўлардим. Аммо имкониятдан келиб чиқиб иш қиламиз. Бор футболчилар билан ишлаймиз. Натижа йўқлиги - бу жуда ёмон. Раҳбарият нима деса шу. Улар билан яхши суҳбат қурдик. Футбол - жамоавий ўйин, аммо натижа учун мураббий жавоб беради.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›