

Ўтган мавсум иккинчи даврасида "Нефтчи"да тўп тепган футболчи эндиликда "лочинлар" шарафини ҳимоя қилади. Никабадзе "Ал Иттиҳод" билан ўйин олдидан фикрлари билан ўртоқлашди.
- "Навбаҳор"га қандай қилиб келиб қолдингиз? Янги жамоангиз ҳақидаги дастлабки таассуротлар билан ўртоқлашсангиз...
- Интервьюга таклиф қилганингиз учун раҳмат. Янги жамоамда барчаси яхши ва ёқимли. "Навбаҳор" томонидан таклиф бўлди. Таклифни ўрганиб чиқиб рози бўлдим. Шартнома имзоладик. Бор гап шу.
- "Нефтчи"дан кетишингизни сабаби нимада?
- Бу ҳақида гапиришни истамайман. Мен барча эътиборимни охиригача "Навбаҳор"га қаратганман. "Навбаҳор" билан барча мусобақаларда ғолиб чиқмоқчимиз.
- Мослашиш қийин кечмаяптими?
- "Навбаҳор"да аҳил оила йиғилган. Бу ерга келгунимга қадар Тома Табатадзени билар эдим. Шу боис мослашишда муаммога дуч келмадим.

- Олдинда "Ал Иттиҳод"га қарши учрашув кутмоқда. Бизда ҳали чемпионат бошланмаган. Бу омил расмий ўйинларда панд бермайдими?
- "Ал Иттиҳод"ни қандай рақиблигини ва кучини яхши биламиз. Лекин мағлуб бўлмайдиган жамоа йўқ. Бу тўсиқни енгиб ўтиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
- Рақиб таркибида маҳоратли ва тажрибали номлар кўп. "Навбаҳор" "Ал Иттиҳод"нинг устунлигини қандай қилиб йўққа чиқариши мумкин?
- "Навбаҳор" ўз олдига юқори мақсадларни қўйган. Шу боис ҳар қандай рақибни ютишимиз керак.
- "Нефтчи" ва "Пахтакор"га қарши ўйинлар "Навбаҳор" учун принципиал аҳамиятга эга. Сиз қайси тўқнашувни кўпроқ кутяпсиз?
- Чемпионлик йўлида ҳар бир рақиб муҳим ҳисобланади. Мавсум бошланишини интизорлик билан кутяпман.



