Германия терма жамоаси собиқ футболчиси: "Ўзбекистоннинг янги муҳитга қандай мослаша олиши асосий омил ҳисобланади"

Iskandarov Abdulaziz
6 июн 2026, 11:04
Жаҳон футболи экспертларининг нигоҳи Ўзбекистон терма жамоасига қаратилган.

Ўз вақтида Германия терма жамоасида тўп тепган ва бугунги кунда Косовонинг "Дренича" жамоасини бошқараётган Томас Брдарич мундиал олдидан фикрлари билан ўртоқлашди.

"Авваламбор бир ҳақиқатни тан олиш керак: Ўзбекистон Жаҳон чемпионати йўлланмасини мутлақо ҳаққоний тарзда қўлга киритди. Сўнгги йилларда мамлакатда футбол жуда ижобий суръатларда ривожланиб бормоқда.

Ушбу машаққатли йўлни диққат билан кузатиб борган инсон сифатида шуни айта оламанки, терма жамоа ўйинида тинимсиз ўсиш кўзга ташланмоқда. Бугунги кунда кўплаб ўзбек футболчилари хорижнинг топ-клублари билан шартнома имзолаган ёки халқаро майдонда катта тажриба тўплашга улгурган. Бу эса, ўз навбатида, жамоанинг умумий савияси ва майдондаги ўзига бўлган ишончида яққол акс этмоқда.

Албатта, Жаҳон чемпионати — бутунлай бошқа даража. У ердаги рақобат, ОАВнинг эътибори ва айниқса, руҳий босим Осиё саралаш босқичидагидан тубдан фарқ қилади. Эндиликда бош омил — жамоанинг мана шундай янги муҳитга қандай мослаша олишига боғлиқ бўлади. Шу билан бирга, мен Ўзбекистон миллий терма жамоасида мазкур мусобақанинг энг асосий сюрпризларидан бирига айланиш учун етарлича салоҳият кўрмоқдаман.

Яна бир жиҳатни унутмаслик лозим: бугунги кунда Осиё жамоалари жуда жозибали, тезкор ва тактик жиҳатдан ранг-баранг футбол намойиш этишмоқда. Бу эса уларни кутилмаган ва ҳар қандай рақиб учун ноқулай жамоага айлантиради",- дейди Томас Брдарич.

gettyimages-72836475-2048x2048.jpg

Маълумот учун, германиялик мутахассис 2012 йилги мавсумда "Бунёдкор" клуби спорт директори лавозимида фаолият олиб борган эди.

Батафсил интервьюни тез орада эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia