

Миллий чемпионатнинг 7-туридан ўрин олган "Ал Таавун" — "Ал Ҳилол" (0:6) учрашуви вақтида мезбонларнинг айрим мухлислари меҳмонлар ярим ҳимоячиси Рубен Невешни руҳий жиҳатдан издан чиқариш ва провокация қилиш мақсадида Диогу Жотанинг исмини қичқириб шиорлар янгратишган. "Ал Ҳилол" клуби ушбу ҳолат юзасидан расмий шикоят киритди.
Эслатиб ўтамиз, Невеш ва Жота яқин дўст бўлиб, илгари "Порту", "Вулверхэмптон" ҳамда Португалия терма жамоасида бирга тўп суришган. Диогу 2025 йилнинг 3 июль куни Испанияда содир бўлган автоҳалокат туфайли укаси Андре Тейшейра да Силва билан бирга фожиali тарзда вафот этган эди.
"Саудия Арабистони футбол федерацияси (SAFF) ва Саудия профессионал лигаси (SPL) "Ал Таавун" ва "Ал Ҳилол" ўртасидаги учрашувда ҳозир бўлган айрим мухлисларнинг Саудия футболи қадриятлари ва спорт маҳорати тамойилларига зид бўлган номақбул хатти-ҳаракатларини қатъиян қоралайди.
SAFF ва SPL шахсий фожиалардан ҳақорат ёки провокация мақсадида фойдаланиш мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат эканини ва Саудия футболида бундай қилмишларга ўрин йўқлигини таъкидлайди.
SAFF тегишли қўмиталар шикоятни қабул қилганини ва амалдаги қоидалар ҳамда тартиб-қоидаларга мувофиқ зарур чоралар кўрилишини тасдиқлайди. Текширув жараёни якунига етгач, унинг натижалари эълон қилинади", — дейилади федерация баёнотида.



