"Ал Айн" собиқ устози Сарокко: "Тан олиш керак, Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатидаги гуруҳи жуда қийин эди"

Iskandarov Abdulaziz
9 июл 2026, 10:57
"Каттақўрғон" жамоасининг жисмоний тайёргарлик бўйича италиялик мутахассиси билан эксклюзив интервью.

Алессандро Сарокко ким, деб савол беришингиз табиий. Балки унинг номи кенг жамоатчиликка у қадар таниш эмасдир. Чунки у фаолияти давомида кўпроқ сояда ишлаган, катта футболнинг кўринмас, аммо энг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланган жисмоний тайёргарлик йўналишида меҳнат қилган.

Бироқ унинг босиб ўтган йўлига назар ташласангиз, Сарокко футбол оламида катта мактаб кўрган инсон эканини англаш қийин эмас. 64 ёшли мутахассиснинг профессионал фаолияти 1985 йилда Неаполда бошланган. Бу эса Италия футболи учун ўзига хос романтик ва афсонавий давр эди — айнан ўша йилларда Диего Армандо Марадона “Наполи”ни бутун Европага танитаётганди. Кейинчалик Сарокко "Ал Жазира", "Вадуц", "Асколи", "Фрозиноне" каби жамоаларда ҳам муваффақиятли фаолият юритди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда меҳнат қилаётган италиялик тажрибали мутахассис билан суҳбатимиз Жаҳон чемпионати, миллий терма жамоамизнинг иштироки ва маҳаллий футболдаги ҳолат хусусида бўлди.

— Алессандро, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги дебют иштироки сизда қандай таассурот қолдирди?
— Мен Ўзбекистон иштирокидаги битта ўйинни бевосита кузатдим. Фикримча, бу турнир мамлакатингиз терма жамоаси учун катта тажриба мактаби вазифасини бажариб берди. Футбол ассоциацияси, футболчилар ва мураббийлар — барча-барча янги кўникмаларга эга бўлишди. Бу албатта кейинги ўсиш учун хизмат қилади.
Тан олиш керак, Ўзбекистон жой олган гуруҳ умуман осон эмасди. У ерда Португалия, Колумбия ва Конго ДР каби жиддий рақиблар бор эди. Кўрдингиз, Конго ДР ҳатто Англия билан тенгма-тенг жанг қилди. Умуман олганда, жамоангиз ҳақидаги таассуротларим ижобий.

— Айни пайтда ўзбек футболида бўлаётган ўзгаришлар, инфратузилмага оид ислоҳотларга муносабатингиз қандай?

— Ўзбекистонда инфратузилмага жуда катта эътибор қаратилаётгани қувонарли. Бунга ҳукумат даражасида сармоя киритилмоқда.

— Мундиалдаги ўйинлардан келиб чиқиб айтганда, терма жамоамизнинг энг катта камчилиги нимада кўринди? Жаҳон даражасига чиқиш учун нима етишмаяпти?

— Мен Ўзбекистон терма жамоасининг муаммоларини очиқчасига гапиришни истамайман. Фақат бир нарсани айта оламан: агар футболчи фақат ўз мамлакатининг ички чемпионатида ўйнаб, кейин тўғридан-тўғри Жаҳон чемпионатига борса, унга жуда қийин бўлади. Чунки мундиалдаги ҳиссиёт, тезлик ва муҳит бутунлай бошқача. Футболчилар тажриба орттирган сари, умумий ривожланиш ҳам ошиб боради. Хатоларга келсак, хато ҳаммада бўлади — сизда ҳам, менда ҳам.

photo_2026-07-09_10-52-11.jpg



— Терма жамоамиз бош мураббийи Фабио Каннаварони яхши танийсиз. Унинг мураббийлик салоҳиятига қандай баҳо берасиз?

— Мен Фабиони ҳали у 19 ёшгача бўлган футболчилар жамоасида ўйнаб юрган пайтларидан бери биламан. Футболчи сифатида унинг қандай афсона бўлганини бутун дунё билади. Мураббий сифатида ҳам у айни пайтда жуда яхши ва мазмунли фаолият олиб боряпти.

— Бу йилги Жаҳон чемпионатида қайси терма жамоа чемпионликка асосий даъвогар деб ўйлайсиз? Осиё грандларининг иштироки ҳақида нима дея оласиз?

— Мундиалда фақат энг кучли жамоалар қолишмоқда. Франция, Марокаш, Аргентина... Менимча, айнан мана шу терма жамоалардан бири чемпионликни қўлга киритиши мумкин.

Осиё вакилларига келсак, Япония жуда катта ўсишга эришгани яққол кўринди. Эронда эса мамлакат ичидаги муайян вазиятлар билан боғлиқ муаммолар бор. Шу сабабли улар Жаҳон чемпионатига хотиржам ва осон тайёргарлик кўра олишмади. Шунга қарамай, улар ҳам барибир ривожланишда давом этяпти, футболчиларининг индивидуал савияси анча юқори.

— Ҳозирда Пролигада иштирок этаётган "Каттақўрғон" клубидаги фаолиятингиз қандай кетмоқда? У ердаги шароитлар сизни қониқтиряптими?

— "Каттақўрғон" — ажойиб клуб. Шароитлар борасида айтадиган бўлсам, бу ерда ишлаш учун ҳамма нарса етарли. Албатта, уни Осиё грандлари бўлмиш "Ал Айн" каби кучли ва бой клублар билан солиштириб бўлмайди — бу мутлақо бошқа даража.
Бироқ "Каттақўрғон" энди шаклланаётган янги лойиҳа. Клуб учун янги стадион қурилмоқда, замонавий база барпо этиляпти. Бу жуда жиддий мақсадларни кўзлаган жамоа. Раҳбарият ҳамма нарсани энг яхши, профессионал тарзда йўлга қўйишга ҳаракат қиляпти. Асосий ва бош мақсадимиз — Суперлигага йўлланма олиш. Бунга қай даражада тайёрлигимизни вақт кўрсатади. Биз эса ўз навбатида мақсадга эришиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›