

Ўзбекистон тарихда илк бор Жаҳон чемпионатида қатнашди. Табиийки, эндиги мақсад мана шу темпни сақлаб қолган ҳолда ҳар тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасининг доимий иштирокчисига айланишдир.
"Пахтакор" клубининг собиқ легионери, Жаҳон чемпионатидаги экспертимиз Боян Миладинович сайтимиз журналисти Абдулазиз Искандаров билан суҳбатда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги дебют иштироки, йўл қўйилган хатолар ва бош мураббий Фабио Каннаваронинг тактикаси борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Дебют, тажриба етишмовчилиги
— Ўзбекистон учун Жаҳон чемпионатидаги биринчи иштирок умумий маънода ижобий таассурот қолдирди. Тўғри, натижалар кўнгилдагидек бўлмагандир, аммо футболчилар майдонда ватан шаънини муносиб ҳимоя қилиш учун бор кучлари билан ҳаракат қилишгани яққол кўринди.
Бу биз учун фақатгина биринчи қадам. Мазкур мундиал Ўзбекистон учун охиргиси бўлиб қолмаслиги керак. Жамоа кучлилар қаторидан жой олиши учун ҳар бир Жаҳон чемпионатида мунтазам иштирок этиши шарт.
Агар ўйинлардаги муваффақиятсизлик сабабларини изласак, энг асосий омил — тажриба етишмовчилиги бўлди. Эрон чемпионатида тўп сураётган уч нафар футболчимизда (Одилжон Ҳамробеков, Игорь Сергеев, Рустам Ашурматов) ўйин амалиёти кам эди. Улар охирги бор февраль ойи охирида расмий учрашувда майдонга тушишганди. Бундай йирик турнирда эса тонус жуда муҳим.
Шундай бўлса-да, мундиал келажак учун катта имкониятлар борлигини кўрсатиб берди. Очиғини айтаман, Ўзбекистон — менинг иккинчи ватаним, шунинг учун ҳам жамоага "биз" деб мурожаат қиламан.

Тан олиш керак, гуруҳимиз жуда қийин эди:
Португалия — дунёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири, улар бизни илк дақиқаларданёқ босим остида қолдириб, ғалабани илиб кетишди.
Колумбия — Жаҳон чемпионатларининг доимий иштирокчиси, уларда тажриба улкан.
Конго ДР — қандай кучга эга эканлигини Англияга қарши ўйинда ҳам кўрсатди, улар фақат сўнгги дақиқалардагина мағлуб бўлишди. Мундиалда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ.

Тактик хатолар: ҳаддан ташқари ҳимоявий ўйин
— Агар камчиликларга тўхталадиган бўлсак, биз ҳаддан ташқари кўп орқа чизиқда тўп узатиб юрдик. Ваҳоланки, олдинга чиқиб, кўпроқ хавфли вазиятлар яратишимиз керак эди.
Албатта, бош мураббий италиялик ва Италия футболи ҳар доим тартибли ҳимояси билан ажралиб турган. Улар ишни биринчи навбатда орқа чизиқни мустаҳкамлашдан бошлашади. Бироқ менинг фикримча, биз рақибларни ҳаддан ташқари ҳурмат қилиб юбордик. Кўпроқ ҳужумга эътибор қаратиш лозим эди. Масалан, Конго ДР билан баҳснинг биринчи бўлимида ҳужумкор руҳда яхши ўйнадик, аммо иккинчи бўлимда яна орқага чекиндик.
Осиё Кубогидаги мақсад
— Фабио Каннаваронинг терма жамоадаги имзоси ҳақида гапиришга ҳали эрта, чунки унга вақт камлик қилди. У ноябрь ойида тўлиқ ишга киришди ва қисқа муддат ичида футболчиларнинг имкониятлари билан ҳали тўлиқ танишиб улгурмаган бўлиши табиий.
Энди Жаҳон чемпионати ортда қолди, мураббий ҳамма хулосаларни чиқариб, футболчиларни яқиндан таниб олди. Ҳақиқий имтиҳонни Осиё Кубогида кўрамиз. Ишонаманки, Каннаваро терма жамоани бу турнирга юқори даражада тайёрлай олади. Табиий даражамиздан келиб чиқсак, навбатдаги Осиё Кубогида Ўзбекистон камида финалда ўйнаши шарт.

Авлодлар алмашинуви: янги цикл тараддуди
Терма жамоада секин-аста ёшартириш жараёнини бошлаш керак. Бу айниқса кейинги Жаҳон чемпионати саралаш циклида ўз сўзини айтади.
"Ҳозирда миллий жамоанинг Абдуқодир Ҳусанов, Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов каби мустаҳкам ўзаги (скелети) бор. Шунингдек, олимпия, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларимизда ҳам асосий таркиб даражасига тортиб бера оладиган иқтидорлар етарли. Бунга яққол мисол тариқасида Беҳруз Каримовни кўрсатишим мумкин".



