

Жаҳон чемпионати кўплаб хулосаларни берди. Келинг, олдимиздаги энг яқин турнирдан бошласак.
Осиё Кубоги-2027 да баҳоналар ўтмайди!
Жаноб Фабио Каннаваро Жаҳон чемпионатидаги иштирокимизни Осиё Кубогига тайёргарлик ва тажриба тўплаш жараёни деб атади. “Натижа талаб қилманглар”, деди. Хўп, мухлислар ҳам, экспертлар ҳам ўзбекона бағрикенглик билан бунга кўнди, майли.
Аммо олдинда бизни 2027 йил Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган Осиё Кубоги кутмоқда. Демак, ўзбек футбол жамоатчилигининг италиялик мутахассисдан энг юқори натижани талаб қилишга тўла маънавий ҳаққи бор. Чунки у бутун бошли Жаҳон чемпионати айнан шу турнир учун тайёргарлик сифатида кўрилди.
Бироқ, бу ерда жуда жиддий бир савол туғилади:
Осиё Кубоги старт олган пайтда футболчиларимизнинг жисмоний ҳолати қандай бўлади?
Келинг, шафқатсиз рақамлар ва тақвимга назар соламиз. Терма жамоанинг ўзагини ташкил этувчи “Пахтакор”, “Насаф” ва “Нефтчи” каби етакчи клубларимиз футболчиларини йил якунига қадар даҳшатли тақвим кутяпти.
Суперлига баҳслари: ~20 та ўйин
Ўзбекистон Кубоги: ~4 та ўйин
Элита ОЧЛ (Осиё Чемпионлар Лигаси-2): 5 та ўйин
Жами: Клублар миқёсида камида 29 та расмий учрашув!
Клубларимиз учун ички ва халқаро мавсум фақатгина декабрь ойининг охирига келиб якунланади. Осиё Кубоги эса қишда бўлиб ўтади. Каннаваро ўзининг севимли тактикасини қўллаб, футболчиларни яна бир ой олдин терма жамоа йиғинига чақириб, клубларнинг режасини бузадими? Тўлиқ куч билан ўйнаб, мавсум охирида чарчаган йигитларни яна ўша жисмоний юкламалар билан қийнаб, мусобақагача майиб қилиб қўймайдими?
Биз қачон расмий мусобақаларда, ниҳоят, ўзимизнинг энг оптимал ва идеал ҳолатимизда етиб борамиз? Клублар ва терма жамоа тақвими ўртасидаги бу баланссизлик қачон барҳам топади?
Бу саволлар ҳозирча очиқ. Лекин факт шуки — Фабио Каннаваро Саудия Арабистонидаги қитъа биринчилигида шунчаки чорак финал ёки ярим финал билан қутула олмайди. Ундан фақат ва фақат юқори натижа, яъни чемпионлик талаб қилинади. Баҳоналар лимити ЖЧдаёқ тугаган!

Ўйин фалсафаси: миллий ДНКми ёки "автобус"?
Келинг, фактларга қараймиз. Биз Фабио Каннаваро билан прагматик, яъни ҳимоявий футболни танладик ҳам дейлик. Аммо йирик мусобақадаги бор-йўғи 3 та ўйинда дарвозамиздан ўрин олган 11 та гол — мудофаа тизимимиз қай аҳволда эканини шафқатсизларча кўрсатиб қўйди. Дунёнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири бўлган мураббий бизга ҳимояланишни ўргата олмади.
Хўш, қўрқувни енгиб, ўйинни ўз қўлимизга олганимизда ва олдинга интилганимизда нимадир қила олдикми? Албатта! Колумбия билан кечган иккинчи бўлимдаги шиддат ва Конго ДРга қарши учрашувнинг дастлабки 45 дақиқалиги бунинг яққол исботидир. Биз тўп билан, ташаббус билан ўйнашга қодирмиз!
Нега айнан Темур Кападзе? Гап фақат натижада эмас. Кападзе билан ҳам катта саҳнада мўъжиза ярата олмас эдик. Лекин бу ерда масала — миллий ўйин фалсафамизда! Кападзе кела заҳоти Катанец меросини инқилоб қилиб, бузиб ташлагани йўқ. У 3 та марказий ҳимоячидан иборат тартибли тактикани сақлаб қолган ҳолда, футболчилардан фақат бир нарсани: тўп билан кўпроқ олдинга ўйнашни, ижодкорликни ва позицион ҳужумни талаб қилди.
Ҳа, биз тарихан тўп билан муомала қилишни, комбинацион футболни қойиллатган халқмиз — бу бизнинг ДНКмизда бор. Бироқ сўнгги йилларда терма жамоамиз тўпсиз ҳаракат қилишни, позицияни ёпишни ҳам ўрганди.
Эндиги энг олий вазифа — мана шу икки кучли жиҳат ўртасида "олтин баланс"ни топа олишдир. Вазиятга қараб ҳам ҳужумда ижод қилиш, ҳам орқа чизиқда тартибни сақлаш — замонавий футбол талаби шу. Мураббийлар штаби футболчиларнинг бор имкониятини бўғиши эмас, балки уларнинг кучли томонларидан максимал даражада фойдаланиши лозим.
Биз бугун, айни шу дақиқаларда катта ареналарда бизни тарсаки ейишдан қутқарадиган ва энг муҳими, ўзимизга хос ва мос бўлган ўйин услубини узил-кесил танлаб олишимиз шарт!

Жисмоний тайёргарликдаги юкламалар
Охирги иккита йирик мусобақа — 2024 йилги Осиё Кубоги ва Қатардаги Жаҳон Чемпионати бизга бир хил аччиқ сабоқни берди: жамоамиз жароҳатлар гирдобида қолди. Энг аламлиси, футболчиларимиз майдондаги курашларда эмас, айнан машғулот жараёнида — ўйинга тайёргарлик пайтида сафдан чиқмоқда. Бу борада Сречко Катанец даврида ҳам, Фабио Каннаваро штабида ҳам бир хил тизимли хато такрорланди. Мураббийлар машғулотлардаги юкламалар балансини тўғри тақсимлай олишмаяпти.
Аслида, жисмоний тайёргарлик ва функционал пойдевор футболчига йил давомида, асосан клублардаги мавсумлар оралиғида (йиғинларда) берилади. Бу муаммо занжирсимон тарзда маҳаллий клубларимизга ҳам бориб тақалади. Терма жамоа ихтиёрига келган футболчини атиги бир ой ичида "дахшатли" жисмоний даражага чиқариб қўйишнинг иложи йўқ. Аксинча, базаси кучсиз ўйинчига қисқа вақтда катта юклама берилса, унинг мушаклари дош бермайди ва машғулотнинг ўзидаёқ жароҳат олади. Мураббийлар штаби ва тиббий персонал мана шу нозик чегарани ҳис қила олиши шарт эди.
Авлодлар алмашинувига ўтиш палласи яқин, эртага кеч бўлади!
Жаҳон чемпионати якунланди, демак, биз келажак сари нигоҳ ташлашимиз шарт. Олдимизда турган энг оғриқли ва стратегик масала — бу терма жамоадаги авлодлар алмашинувидир. Ва бу жараённи эртага эмас, айнан бугундан бошлаш керак.
Келинг, оддий математикага ва шафқатсиз вақт омилига назар соламиз. Навбатдаги Жаҳон Чемпионати (ЖЧ-2030) саралаш циклининг ҳал қилувчи палларида бугунги етакчиларимизнинг ёши қуйидагича кўриниш олади:
Ўткир Юсупов — 39 ёш
Фарруҳ Сайфиев — 39 ёш
Игорь Сергеев — 37 ёш
Жамшид Искандеров — 37 ёш
Жалолиддин Машарипов — 37 ёш
Ботирали Эргашев — 35 ёш
Элдор Шомуродов — 35 ёш
Одилжон Ҳамробеков — 34 ёш
Отабек Шукуров — 34 ёш
Рустам Ашурматов — 34 ёш
Достонбек Ҳамдамов — 34 ёш
Бу рақамлар нимадан далолат? Уларнинг айримлари ўша пайтга келиб футболчилик фаолиятини якунлаган бўлса, майдондагилари ҳам жисмоний имкониятларининг чўққисида бўлмайди. Бу — табиий жараён. Йиллар ўз сўзини айтади.

Асосий мақсад қандай бўлиши керак? Биз терма жамоани бирданига, мажбурий тарзда янгилай олмаймиз — бу фалокатга олиб келади. Мақсад — тизимли, босқичма-босқич ва секинлик билан таркибни ёшартириб боришдир.
Ўтган олимпия терма жамоасида тобланган, маҳаллий чемпионатда кўзга кўринаётган иқтидорларни ҳозирданоқ миллий жамоанинг ўйин тизимига интеграция қилиш (сингдириш) лозим. Бугунги етакчиларимиз майдонда экан, уларнинг ёнида янги авлод етакчилари етишиб чиқиши, тажриба алмашинуви рўй бериши шарт. Шукуров, Шомуродовлар бир пайтлар Жепаров, Хайдаров, Гейнрихларни олдида терма жамоада ўйнарди. Агар бу иш бугундан бошланмаса, кейинги саралашда катта бир "авлодлар бўшлиғи" (кризис) га учрашимиз аниқ.
Жаҳон чемпионати бизга нафақат унутилмас ҳис-туйғуларни тақдим этди, балки ўзбек футболининг бугунги кундаги асл қиёфасини, кучли ва заиф томонларини кўрсатиб берган ҳақиқий кўзгу бўлди. Эмоциялар ортда қолди, энди совуқ ақл билан олдинга қадам ташлаш вақти келди.




