Мундиал ортидаги меҳнат: терма жамоа футболчиларини тарбиялаган мураббийлар (2-қисм)

Iskandarov Abdulaziz
7 июл 2026, 19:43
Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатида қатнашган футболчиларининг мураббийларини йўқлаган эдик.

Мундиалга йўл қаердан бошланган? Катта саҳна ортидаги асл қаҳрамонлар билан танишамиз

Бугун ушбу мақоланинг давомини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Акмал Мозговой, Шерзод Насруллаев - Нурали Султонов

Қашқадарёда футболга қизиқадиган одам борки Нурали Султоновни албатта танийди. Футболчилик фаолиятида "Машъал" ва "Насаф" либосларини кийган қаҳрамонимиз бутсаларини михга илганидан сўнг "Насаф" академияси тизимида ёшларга мураббийлик қила бошлади. Унинг даврида бир қатор академия тарбияланувчилари юқори даражага чиқишди деб айта оламиз.

2017 йил Жиззах мезбонлик қилган "Бакамол авлод" спорт мусобақасида Нурали Султонов бошчилигидаги Қашқадарё вилоят жамоаси ҳам қатнашган ва бош совринг эга чиққанди. Бу турнирда қатнашган таркиб қуйидагича эди:

Қашқадарё вилояти терма жамоаси таркиби:

Умиджон Эргашев, Ислом Кенжабоев, Абубакр Турдиалиев, Шерзод Насруллаев, Сардоржон Абдуҳолиқов, Дилшод Саитов, Элшод Қодиров, Акмал Мозговой, Сардор Садуллаев, Ёдгор Назаров, Хусниддин Алиқулов, Наврўзжон Саидов, Мирзабек Жониқулов, Илхомжон Алижанов, Худоёрхон Сағдуллаев.

Жамоа мураббийи: Нурали Султонов.

Юқоридаги футболчилар кейинчалик Нурали Султонов қўл остида Насаф ёшлар, биринчи лига, тайёрлов гуруҳларида ҳам ўйнади.

4a64946e-77ce-44b2-a331-ce290eb80a50.png

Отабек Шукуров “Машъал” академияси меваси

Отабек Шукуров ҳам Шомуродов сингари “Машъал” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Чироқчилик бу йигитга Ислом Мавлонов футбол сир асрорларини ўргатган, Машъал академиясида эса Дилшод Андаевда таълимни давом эттирган.

- Қаерда туғилгансиз ва футболга қандай кириб келгансиз?

- Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида таваллуд топганман. Футбол ўйнашни ёшлигимдан яхши кўрардим. Футболчилик фаолиятимни Чироқчида Ислом Мавлонов қўл остида бошлаганман. Дадам айнан шу мураббийга олиб борганлар. Шундай қилиб милионлар ўйинига кириб келганмган.

9 ёшда Қарши футбол мактаб интернатига ўз кучим билан ўқишга кирганман. Бу ерда уч йил давомида таҳсил олдим. Қаршида Умар ака қўл остида футбол сир асрорларини ўрганганман.

Кейин Муборакнинг "Машъал" академиясидан таклиф бўлган ва шу ерга кўчиб ўтганман. Муборакда Элдор Шомуродов, Дурбек Камолов, Аслиддин Абдиев каби футболчилар билан бирга Дилшод ака Андаев қўл остида таҳсил олганман.

7f07427d-f0b6-4594-be76-ee8da20e2449.png



Дмитрий Кимнинг янги кашфиётлари: Амонов, Эсанов ва Абдуллаев

Аввалроқ "Пахтакор-1993" олтин авлодини тарбиялаган Дмитрий Ким ҳақида тўхталган эдик. Тажрибали мутахассиснинг ўзбек футболи олдидаги хизматлари фақатгина ўша таркиб билан чекланиб қолмайди. Дмитрий Макарович кейинчалик Азизбек Амонов, Шерзод Эсанов ва Абдулла Абдуллаев каби бугунги кунда терма жамоа ўзагини ташкил этувчи ижрочиларга ҳам катта йўл кўрсатди, уларнинг профессионал футболга қадам қўйишида чинакам устозлик қилди. Эсанов айнан "Чиғатой"даги ўйинлари орқали "Андижон"га йўл олган эди.

photo_2026-07-07_19-24-35.jpg



"Насаф"даги дебют ва дарвоза ортидаги машаққат: Абдувоҳид Неъматов
Терма жамоамизнинг ишончли қўрғони Абдувоҳид Неъматов 2019 йили Қаршининг "Насаф" клуби таркибида Суперлигада ўз дебютини нишонлаган эди. Ёш посбоннинг катта футбол ҳавосидан илк бор нафас олиши ва руҳий томонлама босимларга тайёрланишида ўша пайтда "аждарҳолар" лагерида дарвозабонлар мураббийи сифатида фаолият юритган Михаил Наумовнинг хизмати катта бўлди. Наумов Неъматовнинг техникаси устида ишлаб, уни мамлакатнинг энг етакчи киперларидан бири даражасига олиб чиқди. Наумов ва Неъматов Ўзбекистон Олимпия терма жамоасида ҳам бирга ишлашди.

240560.jpg



"Пахтакор-2003" ва миллионлар ичидан порлаган Аббос Файзуллаев

"Пахтакор" академиясида 2003 йилларда туғилган футболчилар гуруҳи билан клуб афсонаси Михаил Аннинг фарзанди — Дмитрий Ан меҳнат қилди. Бу гуруҳ ўзбек футболига бир йўла бир нечта ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионлари ва Жаҳон чемпионати қатнашчиларини тақдим этди. Улар орасида Беҳруз Аскаров, Абубакр Ашуров, Отабек Боймуродов, Пўлатхўжа Холдорхонов, Диёрбек Ортиқбоев, Шахриёр Жабборов, Изатулло Пўлатов ва Шаҳзод Раҳматуллаев каби номлар бор эди. Бироқ улар ичидан катта саҳна — миллий терма жамоа ва Европа майдонларигача барқарор етиб келган энг ёрқин юлдуз Аббос Файзуллаев бўлди.
Дмитрий Михайлович ўзининг суюкли шогирди ҳақида шундай ҳикоя қилади:

"Аббос жамоамизга илк бор келганида ҳали 8 ёшли болакай эди. Тўғриси, бундай ёшда ҳеч қайси мураббий келажакда ундан буюк футболчи чиқиш-чиқмаслигини юз фоиз айта олмайди. Лекин унда футболга бўлган муҳаббат ва иштиёқ шу қадар баланд эдики, у порлоқ келажак кутаётганини сезиш қийин эмасди.
2018 йили Олмаотада ўтган турнир яхши ёдимда: 'Днепр' (Украина) жамоасига қарши баҳсда Аббос тезкор қарши ҳужумга ўтди ва майдон марказидан рақиб дарвозасига тўғридан-тўғри ажойиб гол урди. Ўшанда ҳатто рақиб жамоа мураббийи ҳам уни туриб олқишлаган эди. Қозоғистондаги ўша мусобақанинг барча тўртта босқичида ҳам Файзуллаев турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилганди. Ўшандаёқ маҳаллий мутахассислар ва томошабинлар унинг ўйинига маҳлиё бўлиб, фуқаролигини ўзгартириш эҳтимоли бор-йўқлиги билан ҳам қизиқишган эди".

503339.jpg



Фарғона водийсининг йўлбарси: Авазбек Ўлмасалиев

Бугунги кунда ҳимояда мустаҳкам турган Авазбек Ўлмасалиев Фарғона футболи тарбияланувчиси ҳисобланади. У "Нефтчи" клубининг ўринбосарлари ва асосий таркибига қадам қўйгунга қадар Фарғона футбол интернатида Диёр Мирзабоев ҳамда Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Шерзод Зокиров қўл остида маҳоратини сидқидилдан оширди. Диёр Мирзабоевни футбол жамоатчилиги "Машъал", "Андижон" ва "Янгиер" клубларидаги сермаҳсул фаолияти орқали яхши танийди. Ушбу фидойи устоз учун ўз шогирдининг бир кун келиб мундиал яшил майдонларига қадам ранжида қилиши чинакам фахр ва ғурур бағишлаши шубҳасиз.

Суперлиганинг энг яхшиси: Ботирали Эргашев

Дарвозабон Ботирали Эргашевнинг катта футбол остонасидан ҳатлаб ўтиш даврида "Пахтакор" тизимида Мурод Исмоилов ва Александр Лян каби мутахассисларнинг кўмаги катта бўлди. Иқтидорли кипер мунтазам равишда турли ёш тоифасидаги терма жамоаларга жалб этиб келинди. Унинг фаолиятида 2018 йили Хитойда ўтган тарихий Осиё чемпионати туб бурилиш ясади. Шундан сўнг Эктор Купер уни миллий терма жамоага таклиф қилди, клублар миқёсида эса барқарорлик пайдо бўлди. Бугунги кунда Эргашев ҳақли равишда Суперлиганинг энг кучли дарвозабонларидан бири бўлиб турибди.

photo_2026-07-07_19-31-46.jpg


18 ёшли мундиал қатнашчиси: Беҳруз Каримов

Косонсойда Шодмон Маматов қўлида футбол сирларини ўрганаётган Беҳруз Каримовни ўткир нигоҳли скаут Нодирхўжа Юлдашев пайқаб қолади ва Тошкентдаги "Одил Жуниор" академиясига тавсия этади. Пойтахтда Зайниддин Тожиев ва Жаҳонгир Усмонов бошчилигида у йилдан-йилга ўз устида ишлаб, кучайиб борди. Мазкур икки мураббий унинг устида ишлашди, техник сифатларини кучайтиришди. Натижада, 2007 йилда туғилган бўлишига қарамай, ўзидан бир ёш катталар сафида Индонезияда ўтган U-17 Жаҳон чемпионатида иштирок этди. Айни пайтда бор-йўғи 18 ёшда бўлишига қарамай, у миллий жамоа билан мундиал доирасида иккита муҳим беллашувда майдонга тушишга улгурди. Бу — юқоридаги инсонлар меҳнатининг гўзал маҳсулидир.

photo_2026-07-07_19-32-33.jpg



Станислав Кудряшов ва Сергей Токов шогирди: Руслан Жиянов

"Пахтакор" академиясида 2001 йилларда туғилган футболчилар авлоди билан Станислав Кудряшов ва Сергей Токов тандеми жуда самарали иш олиб борди. Бугунги кунда замонавий ҳужумчига хос тезлик ва чаққонликни намойиш этаётган Руслан Жиянов айнан мана шу икки мутахассис қўл остида шуғулланиб, футболнинг алифбосини ўрганди. Кудряшов ва Токов ёш Русланнинг қанотлардаги ва марказдаги универсал ҳаракатларини тўғри шакллантириб, ундаги гол сезиш қобилиятини тарбиялашди. Ушбу мураббийларнинг тизимли машғулотлари ва билдирган дадил ишончи Жияновнинг кейинчалик профессионал даражада порлаб чиқишига асос бўлди.

photo_2026-07-07_19-36-48.jpg



Қаршигача бўлган машаққат: Фаррух Сайфиев ва Ҳайдар Кенжаев

Тажрибали ва совуққон ҳимоячи Фаррух Сайфиевнинг "Насаф" клуби лагерига келиб, катта футболда ўз номини танитишидан аввалги даврида устози Ҳайдар Кенжаевнинг ўрни ва ўгитлари беқиёс бўлган. Кенжаев бўлажак терма жамоа аъзосининг жисмоний ва тактик жиҳатдан пишиб етилишига жуда катта эътибор қаратди. Ҳайдар ака футболдаги қаттиқ тартиб-интизом ва майдондаги жангчилик характерини Сайфиевнинг онгига болаликданоқ сингдира олган. Айнан мана шу пойдевор сабаб Фаррух Қаршига борганида тайёр маҳсулот сифатида тез фурсатда асосий таркибдан жой олди ва узоқ йиллар барқарор ўйин намойиш этишга эришди.


Мудофаа чизиғининг янги соҳиби: Жаҳонгир Ўрозов ва Миркамол Қосимов

Ўзбекистон ёшлар ва миллий терма жамоасининг мудофаа чизиғи вакили, Жаҳонгир Ўрозовга "Бунёдкор" футбол академиясида Миркамол Қосимов устозлик қилган. Замонавий футболда марказий ҳимоячилардан нафақат тўпни қайтариш, балки ҳужумни бошлаб бериш ва совуққонлик ҳам талаб этилади. Мураббий Миркамол Қосимов Ўрозовдаги ана шу жиҳатларни — майдонни кўриш ва позицияни тўғри танлаш қобилиятини юқори даражада тоблади. Устозининг берган қимматли сабоқлари ва қаттиққўллиги эвазига Жаҳонгир ёш тоифасидаги терма жамоаларнинг алмаштириб бўлмас фигурасига айланди.

photo_2026-07-07_19-40-08.jpg


Қашқадарё футболининг чинакам фидокорлари

Яқиндагина миллий терма жамоадаги сермаҳсул ва фидокорона фаолиятини якунлаган, майдонда ҳақиқий "жангчи" сифатида танилган ҳимоячи Умар Эшмуродовга фаолиятининг энг муҳим ва бурилиш палласида Умирқул Раҳматуллаев ва Ўткир Холиқов йўл кўрсатишган. Бу икки мутахассис Қашқадарё вилояти болалар ва ўсмирлар футболида ўз ўрнига эга, чинакам фидойи мураббийлардир. Улар Умарнинг жисмоний имкониятлари ва иродасини тўғри йўналтириб, ундаги енгилмас характерни тарбиялай олишди. Воҳа тупроғида Раҳматуллаев ва Холиқов томонидан берилган тарбия Эшмуродовни нафақат профессионал футболчи, балки терма жамоанинг ҳақиқий етакчиси даражасига кўтарди.

Намангандан пойтахтга йўл олган иқтидор

Умарали Раҳмоналиевнинг катта футбол саҳнасига чиқиши ҳам худди Беҳруз Каримовники каби тўғри йўлга қўйилган селекция ишларининг гўзал натижасидир. Уни Намангандаги мусобақаларда пайқаб, пойтахтга — "Бунёдкор" академиясига олиб келишади. Тошкентда унга таниқли мураббий Алишер Иброҳимов устозлик қилди. Иброҳимов ёш Умаралининг майдон марказини назорат қилиш, ўйин суръатини белгилаш ва меҳнатсеварлик жиҳатларини янги даражага олиб чиқди. Алишер ака томонидан қўйилган ушбу мустаҳкам пойдевор Раҳмоналиевнинг қисқа фурсатда ёшлар терма жамоаси сардори бўлишига ва катта футболда ўз сўзини айтишига замин яратди.


"Наманганга турнирлардан бирига бориб Умарали Раҳмоналиевни топдим. 9 ёки 10 ёш пайтлар эди. Турнир тугагач уни ўйинини кўриш учун Наманганга яна 2,3 маротаба боришимга тўғри келди. Охири барибир олиб келдик",- дейди Алишер Иброҳимов.

745168_original.jpg

Ҳомийларимиз: CAU, “InfinBank”, “AKFA”“Ucell” “TT LLC”“Black Cofee”“OfoTour”

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia