Гари Невилл: "Агар айбловлар ўз кучида қолса, "Сити"нинг бу даври доим доғ билан қолади"

2 окт 2026, 22:13
"Манчестер Юнайтед" собиқ ҳимоячиси Гари Невилл "Манчестер Сити"нинг молиявий қоидабузарликлар бўйича иши юзасидан фикр билдирди.

Аввалроқ мустақил комиссия "Сити"ни АПЛ молиявий қоидаларини бузиш билан боғлиқ 130 та ҳолат бўйича айбдор деб топгани хабар қилинганди. Клубга нисбатан жазо ҳозирча белгиланмаган.

Невиллнинг таъкидлашича, ушбу иш "Манчестер Сити"нинг сўнгги 15 йилдаги ютуқларига жиддий саволлар туғдирмоқда.

"Манчестер Сити"нинг бутун муваффақиятли даври энди савол остида. Бу жиддий масала: у инглиз футболи пойдеворини силкитмоқда ва биз кўрган энг буюк жамоалардан бирининг ютуқларига шубҳа уйғотмоқда.

Яқин ҳафталарда "Сити" футболчилари бор кучлари билан курашиши табиий. Сиз клубингиз манфаатларини охиригача ҳимоя қиласиз. Аммо агар айблов бўйича чиқарилган қарорлар ўз кучида қолса, бу давр абадий доғ билан қолади. Ўша ютуқларнинг қадри пасайиши мумкин", — деди Невилл.

Собиқ футболчи "Манчестер Юнайтед"нинг Европа Суперлигаси лойиҳасидаги иштирокига ҳам муносабат билдирганини эслади ва "Сити" мухлислари ҳамда футболчилари клуб позициясини очиқ ҳимоя қилиши кераклигини айтди.

"Бошқа мамлакатларга қарасангиз, коррупция ва молиявий допинг гўё қаердадир хорижда содир бўлаётгандек туюларди. Энди эса АПЛнинг ўзи лойга ботирилмоқда, чунки сўнгги 15 йилда ҳукмронлик қилган жамоа совринларни ҳалол бўлмаган йўл билан қўлга киритган бўлиши мумкин. Бу жуда жиддий ҳолат.

АПЛ "Астон Вилла", "Ноттингем Форест", "Шеффилд Уэнсдей"сиз ҳам яшаб қолган. Бир неча йил аввал бу клублар "Манчестер Сити"дан каттароқ эди.

Менимча, "Сити"ни қуйи дивизионга тушириш-туширмаслик иккинчи даражали масала. Асосий савол — клуб ўша даврдаги ютуқларини сақлаб қоладими?

Клубга эгалик қилиш — улкан масъулият. Бу масалага жуда жиддий ёндашиш керак. Жарима ёки "Сити" учинчи ёки тўртинчи лигага тушадими-йўқми, деган саволга ортиқча берилиб кетмаслик лозим", — дея қўшимча қилди Невилл.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: The Guardian