Невилл МЮ ҳақида: “Бундай ҳимоя билан АПЛдан тушиб кетасизлар”

Sherzod Nurmatov
23 ноя 2026, 14:35
"Манчестер Юнайтед" собиқ ҳимоячиси Гари Невилл АПЛнинг 11-турида "Ливерпул"дан учралган мағлубиятдан (0:4) сўнг жамоа ўйинини жиддий танқид қилди.

"Манчестер Юнайтед" ҳозир сўнгги 54 йил ичидаги энг ёмон ҳолатида. Европадаги энг ёмон ҳимоя, лигада охиридан битта олдинги ўрин — улар ҳеч қачон мавсумни бунчалик ёмон бошламаган эди.

"Ливерпул"га қарши ўйинда мен асосий таркибда Ҳарри Магуайрни майдонга туширган бўлардим. МЮнинг энг яхши ҳимоя тўртлиги — Шоу, Далот, Магуайр ва Мартинес. Очиқ айтаман: бу кучсиз ҳимоя чизиғи. Лекин бу "Манчестер Юнайтед"да бор бўлган энг яхши тўртлик.

Агар айнан шу тўрт футболчи майдонга туширилса, жамоа ғалабаларга эриша олади. Улар билан ҳеч бўлмаганда рақобатлашиш мумкин. Аммо "Ливерпул"га қарши тушган ҳимоя таркиби ёки бир неча ҳафта олдин "Астон Вилла" билан ўйинни якунлаган — Мазрауи, Доргу, Йоро ва Хевендан иборат ҳимоя билан сиз лигада қола олмайсиз, тушиб кетасиз. Бу факт”, – дея Невиллнинг сўзларидан иқтибос келтирди “Sky Sports”.

Эслатиб ўтамиз, "Ливерпул"га қарши баҳснинг 8-дақиқасида меҳмонлар ҳимоячиси Лени Йоро қизил карточка олди.

"Манчестер Юнайтед" 11-турдан сўнг 8 очко билан АПЛ турнир жадвалида 19-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа мавсумдаги барча мусобақаларда 34 та гол ўтказиб юборди — бу Европанинг кучли бешлик лигалари вакиллари орасидаги энг ёмон кўрсаткич.

Ўхшаш янгиликлар

Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Sky Sports