Футзал. БМБ кетма-кет тўртинчи марта Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди

24 апр 2026, 00:20
2025/2026-йилги мавсум — Ўзбекистон ХХИХ миллий чемпионатининг ғолиби номи муддатидан олдин аниқланди.

Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони — Жиззахнинг “БМБ ПФК” жамоаси тўрт карра Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номни расман қўлга киритди.

Қаршидаги турда амалдаги чемпион ўз унвонини ҳимоя қилиши кутилган эди. Бироқ бу фақат жиззахликларнинг ўзига боғлиқ бўлмай, балки асосий таъқибчиларнинг очко йўқотиши ҳам зарур эди. Нодир Элибоев шогирдлари ўз олдига қўйилган вазифани тўлиқ уддалади — икки ўйинда рақибларини ортиқча қийинчиликсиз мағлуб этди, яна бир баҳсда эса “БМБ ПФК”га техник ғалаба ёзилди.

Асосий таъқибчилар — “Oil Star” ҳамда СҚБ жамоаларининг ўзаро тўқнашувида “банкирлар” жамоаси муҳим уч очкони қўлдан бой берди ва амалда чемпионлик пойгасидан чиқди. Тур доирасидаги бешинчи ўйин кунида эса Бухоро вилояти жамоаси ҳам курашни тўхтатди.

Мамлакат вице-чемпионлари — “Oil Star” футзалчилари Қаршиликларнинг қаршилигини енга олишмади. Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳсда “Насаф” 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди ва чемпионлик борасидаги сўнгги интрига ҳам барҳам топди.

Шунга қарамай, олдинда 11-тур доирасидаги яна бир ўйин куни ҳамда сўнгги — 12-тур учрашувлари бор. Якуний тур баҳслари Тошкент шаҳридаги “Юнусобод” спорт мажмуасида май ойининг сўнгги ўн кунлигида бўлиб ўтади. Олий лига мусобақасининг сўнгги турида футзал ишқибозларини кумуш ва бронза медаллари учун кескин кураш, шунингдек, ғолиб ҳамда совриндорларни тақдирлаш маросими кутиб турибди.


Манба: championat.asia