

5 ноябрь куни 41 ёшли португалиялик футболчи 2003 йилдан буён тўп тепиб келган миллий терма жамоасидаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
"Криштиану, собиқ жамоадошингдан ва ўзинг дўстим деб биладиган инсондан бир-икки оғиз сўз. Мен сени "Манчестер Юнайтед"нинг Каррингтондаги базасида пайдо бўлган ўша ёш, кичкина, хунуккина ва озғин ўсмир сифатида эслайман. Машғулотларда ҳаммамизни ҳайратда қолдирардинг. Ҳар доим кулиб, ҳазиллашишни истардинг, аммо ҳамма қатори, эҳтимол ҳаммадан кўра кўпроқ ва тинимсиз меҳнат қилардинг. Ҳатто чироқлар ўчирилганда ҳам ишлашда давом этар, ҳар доим яна бир фоизга яхшироқ бўлишга интилардинг.
Биз сенинг ["Манчестер Юнайтед"дан] кетишингни истамагандик, сени бу фикрингдан қайтаришга кўп марта уринганман. Аммо сен жамоани тарк этдинг ва ақл бовар қилмас муваффақиятларга эришдинг, энг буюк ўйинчилардан бирига айландинг, кўплаб "Олтин тўп"лар ва Чемпионлар Лигаси совринларини қўлга киритдинг. Терма жамоадаги ажойиб фаолиятинг билан табриклайман", – деб ёзди Фердинанд ижтимоий тармоқларда.
Роналду Португалия терма жамоаси сафида 234 та ўйинда майдонга тушиб, 146 та гол урди. Миллий терма жамоалар тарихидаги голлар сони бўйича жаҳон рекорди айнан унга тегишли. Португалия миллий жамоаси билан бирга ҳужумчи 2016 йилда Европа чемпиони бўлди ҳамда икки марта Миллатлар Лигаси (2018/19, 2024/25) ғолиблигини қўлга киритди.



