Рио Фердинанд: "Жезуш ўзини Фергюсон деб ўйлади"

Aslanov Jasurbek
5 окт 2026, 23:26
"Манчестер Юнайтед" клубининг собиқ ҳимоячиси Рио Фердинанд Криштиану Роналду атрофидаги вазият борасида ўз фикрларини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 41 ёшли футболчи бош мураббий Жорже Жезуш уни 27 сентябрь куни бўлиб ўтган Норвегияга қарши ўйинда майдонга туширмасликка қарор қилганидан сўнг Португалия терма жамоасини тарк этган эди. 41 ёшли ҳужумчи миллий жамоада бошқа ўйнамасликка қарор қилгани хабар қилинганди.

— Криштиану Роналдуга нисбатан ёмон муносабатда бўлишди. Жуда ёмон. Янги мураббий келди ва ўзини Алекс Фергюсон деб ҳисоблай бошлади. Қайси асосга кўралигини билмайман. Ва бу мамлакатни иккига бўлиб қўйди.

Бу вазиятни кузатиш ёқимсиз. Менимча, ҳеч бир футболчи терма жамоадаги фаолиятини бундай тарзда якунламаслиги керак. Ўйлайманки, бироз ҳордиқ чиқариб, алоҳида вақт ўтказганларидан сўнг улар муносабатларини тиклашади. Терма жамоа, федерация президенти ва мураббий ноҳақ иш қилишганини тушуниб етишади, деб ўйлайман. Чунки ўз бош футболчингиз, энг яхши элчингиз ва мамлакат тарихидаги энг афсонавий шахснинг шунчаки терма жамоани тарк этишига йўл қўйиб бўлмайди.

Одамлар нега у кетиб қолганини сўрашларини биламан. Ҳеч биримиз парда ортида нима бўлганини кўрмаганмиз, лекин бир нарсани аниқ биламан: Криштиану — ўз принципларига эга инсон ва у ўзи ишонган нарсаларни ҳимоя қилади. Агар унга нисбатан адолатсизлик қилишганини ёки берилган ваъда бузилганини ҳис қилса, буни қабул қилмайди. Мен буни ҳурмат қиламан.

Кўпчилик бунга чидаган бўларди, аммо Криштиану ўз қадрини билади. Мен буни ҳар куни кўрардим. Криштиану фақат голлар ва ассистлар келтирмайди — у муқаддам Португалия ҳақида эшитмаган одамларнинг эътиборини мамлакатга ва терма жамоага қаратади. Криштиану Роналду сабабли дунёнинг Португалия қаерда жойлашганини ҳам билмайдиган чекка бурчакларида терма жамоа либослари сотилмоқда.

Шу сабабли баъзи футболчиларга бошқача муносабатда бўлиш керак. Англияда Бекхэмга бошқача муносабатда бўлишган, тўғрими? Португалияда Роналдуга. Аргентинада Мессига. Бразилияда Роналдога. Булар алоҳида муносабатни талаб қиладиган йигитлардир.

Ҳурмат бўлиши керак. Ва менимча, Криштиану терма жамоадан кетиши мумкин бўлган ягона сценарий — бу у ўзига нисбатан ҳурматсизлик қилинганини ҳис қилган вазиятдир. Унда эго бор ва агар ҳурматсизликни ҳис қилса, жавоб қайтаради. Эгосиз у ўзи эришган даражага чиқа олмаган бўларди — худди мен санаб ўтган бошқа футболчилар каби. У ҳамма нарсага ўз эгоси эвазига эришган. Шу сабабли уни баъзи вазиятларда кўрсатиб, бошқаларида бостириб бўлмайди. У ҳамиша намоён бўлиши керак, — деди Фердинанд.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Rio Ferdinand Presents

Сўнгги янгиликлар

Барча ›