

“Ҳамшаҳрий” нашрининг хабар беришича, Теҳрон клуби раҳбарияти қишки ва ёзги трансфер ойнасида янги легионерлар билан шартнома имзоламасликка қарор қилган. Аксинча, мавсум якунида жамоадаги хорижлик футболчиларнинг аксарияти билан хайрлашиш эҳтимоли мавжуд.
Мазкур вазиятда “Персеполис”нинг трансфер сиёсатидаги энг катта савол Остон Ўруновнинг келажаги билан боғлиқ бўлиб турибди. Клуб раҳбарияти ўзбекистонлик футболчи билан шартномани узайтириш ёки уни жамоадан қўйиб юбориш масаласида ҳали бир тўхтамга келмаган.
Нашрнинг таъкидлашича, мавсум ўртасидаги танаффус яқинлашаётгани “Персеполис” учун вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Агар Ўруновнинг шартномаси мавсум якунида тугаса, футболчи унинг амал қилиш муддати тугашига олти ой қолганидан бошлаб бошқа клуб билан келгуси мавсум учун дастлабки келишув имзолаш ҳуқуқига эга бўлади.
Шу боис клуб раҳбарияти қарор қабул қилишни кечиктирса, ўзининг энг қимматли футболчиларидан бирини эркин агент сифатида йўқотиш хавфига дуч келиши мумкин.
Шу билан бирга, Ҳамшаҳрий нашри маълумотига кўра, Гера, Бакич ва Сергеев мавсум якунида “Персеполис”ни тарк этиши аниқ. Гера ва Бакичнинг қишки трансфер ойнасидаёқ жамоадан кетиш эҳтимоли ҳам юқори баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, клубнинг янги легионерлар билан шартнома имзолашни режалаштирмаётганига қарамай, Рикардо Алвеснинг “Персеполис”га ўтиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган.



