Элдор Мойлиев: "Футболдан кўра кўпроқ курашга бой ўйин бўлди"

Aslanov Jasurbek
12 окт 2026, 21:12
Пролига 22-турдан ўрин олган "Лочин" – "Олимпик Мобиуз" учрашувидан сўнг "Лочин" жамоаси бош мураббийи Элдор Мойлиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Учрашув қийин ўтишини билардик, сабаби "Олимпик Мобиуз" билан доим қийин ўтган. Ўйинни яхши бошладик ва чиройли ҳужум орқали гол уриб олдик. Иккинчи бўлимда қарши ҳужум туфайли гол ўтказдик. Менимча, бу вазиятда дарвозабонимиз диққат-эътиборни йўқотиб қўйди. Шундан сўнг озгина қийналдик ва кейин яна гол уриб ғалаба қозондик. Йигитларга ўйин учун раҳмат. Бугун футболдан кўра кўпроқ курашга бой ўйин бўлди.

- Иккинчи таймда шогирдларингиз устунликни рақибга бериб қўйди.
- "Олимпик Мобиуз" билан менимча, очиқ футбол ўйнаш хато бўларди. Чунки улар ҳам яхши жамоа. Шу боис қарши ҳужум вариантини маъқул кўрдик. Олдинда тезкор ўйинчиларимиз бўлгани учун тезроқ тўпни етказиб беришга ҳаракат қилдик.

- Жамоангиз гол ўтказиб ҳам вазиятни ўнглай олди. "Лочин"ни иродали жамоа деб ҳисоблайсизми?
- Қўлдан келганча ирода кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Рақибларни кучли ва кучсизга ажратмаган бўлардим, барибир ҳамма билан қийин бўлади.

- Даврон Умировнинг йўқлиги қанчалик таъсир қилди?
- Даврон таянч ярим ҳимоямизда ўйнайдиган энг яхши футболчилардан бири. Албатта, унинг ўрни билиняпти. Ҳимояда тўпсиз ўйин ва тўп билан ўйинда ҳам унинг ёрдами кўп тегади.

- "Лочин" кучли учликка кира оладими?
- Ҳаммаси ўз қўлимизда. "Каттақўрғон" ва "ФарДУ" билан уйда ўйнаймиз. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Бешликка кириш ўзимизнинг қўлимизда, лекин учликка ҳаракат қиламиз.

- Жамоа мавсумни "Геолог"да якунлайдими ёки кейинги баҳсни янги стадионда ўтказадими?
- Менимча, янги стадионда ўйнасак керак.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›