

– Бугунги ўйин ҳақида фикрларингиз қандай?
– Қийин ғалабага эришдик. Ўйинни яхши бошладик. Жамоанинг ҳужумлари ва яратган вазиятлари кўнгилдагидек кечаётган эди. Бироқ таркибимизда кутилмаганда олинган қизил карточка ўйинимизни ўзгартириб юборди. Битта ҳужумчини майдондан олишга мажбур бўлдик. Иккинчи бўлимда асосан ҳимояландик ва тартибли ўйнашга ҳаракат қилдик. Йигитларга катта раҳмат, улар кучли ирода кўрсатиб, муҳим ғалабага эришишди.
– Қизил карточка ҳақида фикрингиз қандай? Бу борада ҳакамга эътироз ҳам билдирдингиз.
– Ҳакамга эътирозимиз шундан иборатки, у биринчи сариқ карточкани беришда адашди. Менимча, карточкани Саидовга эмас, бошқа футболчига кўрсатиши керак эди. Иккинчи вазият эса бевосита кўз олдимда содир бўлди, ҳолатни бироз юмшатса бўларди. Ҳакам аввалги хатосини билиб туриб, тўғридан-тўғри қизил карточка бериб юборди. Ўйиннинг ярмидан кўпида камчилик бўлиб қолдик ва шу сабабли қийналдик. У вазиятда сариқ карточка берса ҳам бўларди ёки биринчи сариқ карточка нотўғри берилгани учун шундай қарорга келди, деб ўйлайман.
– Ўтган турда ҳам "Лочин" қизил карточка олган эди. Кетма-кет икки турдан бери футболчиларингиз четлатиляпти. Бу ўйинларнинг шиддатли кечаётганидан далолатми ёки футболчиларда шундай қўполлик қилишга мойиллик кучлими?
– Йўқ, ўтган турдаги қизил карточкани кечириш қийин. Ўтган сафарги вазият бироз оғирроқ эди, футболчининг хатти-ҳаракати нотўғри бўлди ва биз бундай ҳаракатларни оқламаймиз. Бугунгиси эса ўйин ичидаги табиий ҳолат, яъни иккита сариқ ва қизил карточка. Бу футболда учраб турадиган вазиятдир.
– "Лочин"да ҳозир барқарорлик кузатилмаяпти. Ўз уйида "Термиз"ни мағлуб этди, кейин "Пахтакор-фарм"га ютқазиб қайтди. Бугун эса яна "Жайхун"ни мағлуб этяпти.
– Таъкидлаганимдек, "Пахтакор-фарм"га қарши ўйинда 90 дақиқа давомида ҳужум қилган бўлсак-да, қарши ҳужумларда ва стандарт вазиятларда ўз хатоларимиз туфайли осонгина голлар ўтказиб юбордик. Ўйинимизга келсак, жамоага янги қўшилган йигитлар ҳали тўлиқ мослашиб кета олишгани йўқ. Уларда жисмоний ҳолат бўйича ҳам муаммолар бор ёки балки бизнинг ўйин фалсафамизни тушуниш бироз қийин кечяпти. Ҳали ўз ўйинимизни тўлиқ кўрсата олганимиз йўқ, шунинг учун ҳам барқарорлик етишмаяпти.
– Бирйўла учта футболчини алмаштирдингиз. Бундан кўзланган асосий мақсад нима эди?
– Марказда уч нафар футболчини қолдирган эдик ва уларнинг ортидан яна бир таянч ярим ҳимоячисини туширдик. Марказдаги уч ўйинчимиз иккала қанотга – чапга ва ўнгга ҳам тинимсиз ҳаракат қилиб, майдонда жуда катта ҳажмдаги ишни бажаришди. Шунинг учун уларнинг учаласида ҳам бирданига чарчоқ аломатларини сездик ва уларни майдондан олдик. Улар ҳимояда жуда яхши ҳаракат қилишди.
– "Лочин" жамоаси қачонгача "Геолог" стадионида ўйнайди? Жамоанинг ўз майдони ҳақида қандай янгиликлар бор?
– Майдонимиз тайёр. Очилиш маросимини чиройли ва кўркам ўтказишга ҳаракат қиламиз. Яқинда "Ғазалкент" жамоаси билан бўладиган ўйинда стадионнинг очилиш маросимини ўтказишни режалаштирганмиз.
– Демак, 6 сентябрда?
– 6 сентябрда. Унгача очилиш маросими бўлиб ўтади. Шундан бошлаб қолган ўйинларни ўз майдонимизда ўтказамиз.



