Фарҳод Нишонов: "Жамоамизда шароитлар яхши, фақат ишлаш керак, футбол ўйнаш керак"

Aslanov Jasurbek
12 окт 2026, 20:16
Пролига 22-турдан ўрин олган "Лочин" – "Олимпик Мобиуз" учрашувидан сўнг "Олимпик Мобиуз" жамоаси бош мураббийи Фарҳод Нишонов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Қизиқарли ўйин бўлди, ҳар икки жамоа охиригача курашди. Биринчи бўлимда тезкор гол ўтказиб юбордик ва иккинчи бўлимда вазиятни ўзгартира олдик. Мағлубиятга учрадик, ғалаба билан "Лочин" жамоасини табриклайман.

- Баҳс охирларида жамоангиз гол урганида бир очко қўлга киритиларди. Шу вазият ҳақида нима дея оласиз?

- Ўйин услубимиз асосан позицион ҳужумга қаратилган ва кўп ҳужум қилишни хоҳлаймиз. Вазиятлардан фойдаланиш борасида муаммолар бор ва бу муаммони бартараф этиш қийин бўляпти. Ҳужумчиларимизга совуққонлик етишмаяпти. Ўтган тур "ФарДУ" ҳам икки-уч бор қарши ҳужумга ўтиб шундан фойдаланганди. Бугун ҳам шунга ўхшаш вазият бўлди. Сиз айтган охирги вазиятда футболчимиз гол уриши керак эди.

- Гол ура олмаслик муаммоси фақат ҳужумчилардами?
- Бизда жамоавий камчилик кўзга ташланяпти. Гол уриш учун қанотлардан тўп узатиш бор, лекин тўп етказиб берилган жойда ҳужумчимиз йўқ. Ёки бунинг тескариси: ҳужумчимиз ичкарида, аммо унга тўп етиб бормаяпти. Маҳорат, совуққонлик етишмаяпти. Машғулотларда бу борада индивидуал ишлаяпмиз.

- Далернинг голини мавсумнинг энг чиройли учта голи қаторига киритса бўладими?
- Далер бундан ҳам яхши ўйнай олади. У иккинчи давра олдидан сафимизга қўшилди. Бироз муддат жароҳати сабаб майдон ташқарисида қолди ва мана энди ўзига келяпти. Далер - маҳоратли футболчи.

- Одатда футболчилар билан бир йиллик шартнома тузилади. Мавсум якунида ўйинчиларнинг шартномаси тугаб жамоадан кетиб қолиши сизни хавотирга солмаяптими?
- Аслида шундай ҳам бўлиб келяпти. Ўтган йилги таркибимиз деярли йўқ, бу мавсум янги таркиб йиғганмиз. Бир нечта футболчимизда Суперлигадан таклифлар бор. Ишимиз шу: футболчиларни тарбиялаб терма жамоалар ва клубларга етказиб бериш. Футболчиларимизнинг биздан кетиб Суперлигада тўп тепаётгани ўз навбатида бизни ҳам хурсанд қилади.

- Жамоангизда молиявий ҳолат қандай? Ойликлар вақтида бериляптими?
- Ташкилотчилик бўйича муаммо йўқ, ҳатто бу борада айрим Суперлига клубларидан ҳам устунмиз дея оламан. Футболчилар учун база ташкил қилинган, ётоқдан муаммо йўқ. Футболчиларимиз олаётган маош бу ёшдагилар учун етарли деб ўйлайман. Фақат футбол ўйнаш керак. Яхши имкониятлар яратиб берилган экан, бундан фақат фойдаланиш керак.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›