Элдор Мойлиев: "Бир-икки нафар шундай ўйинчимиз борки, улар тўпни эмас, тўп уларни бошқаряпти"

6 сен 2026, 20:57
Пролига 18-тур доирасидаги "Лочин" — "Ғазалкент" ўйинидан сўнг (1:1) мезбонлар бош мураббийи Элдор Мойлиев матбуот анжмунида иштирок этди.

– Бугунги ўйин ҳақида фикрингиз қандай?

– Бугунги рақибимиз "Ғазалкент" жамоасида яхши, иқтидорли йигитлар йиғилганини билардик, ўйин қийин бўлишини ҳам олдиндан сезган эдик. Шунга қарамай, йигитлар ўйинни яхши бошлашди. Биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам қулай вазиятларга эга бўлдик, афсуски, озгина совуққонлик етишмади. Иккинчи бўлимда кутилмаганда ҳимоячиларимиз диққат-эътиборни йўқотиб қўйишди ва гол ўтказиб юбордик. Режа бўйича иккинчи бўлимда майдонга янги футболчиларни тушириб, ўйинни кучайтирмоқчи эдик, лекин, кўрганингиздек, қизил карточка сабабли майдонда камчилик бўлиб қолдик. Шунга қарамай, иккинчи бўлимда захирадан қўшилганлар ўйинни кучайтира олишди ва ҳисобни тенглаштирдик. Яна вазиятлар яратилди, афсуски, улардан фойдалана олмадик. Умуман олганда, бугун жанговар дуранг бўлди, десам ҳам бўлади.

– Ўтказиб юборилган биринчи голда ҳимоячиларнинг хатоси бўлдими ёки дарвозабон кеч қолдими?

– Биз буни кўп бора таъкидлаганмиз: тўп қанотда бўлганда ва жарима майдонига узатма амалга оширилаётганда, албатта, футболчилар рақиб билан бирга ўйнаши керак. Ҳимоячилар ҳам тўпни, ҳам рақибни назорат қилиши лозим. Бу вазиятда кўпроқ ҳимоячилар хато қилди, деб ўйлайман. Рақиб футболчисига бемалол зарба бериш имконини яратиб беришди.

– Тўпни тўхтатиб олиш ва уни аниқ узатма билан шерикларига етказишда ҳозир жамоанинг қайси аъзоларида камчиликлар кўриняпти?

– Биз профессионал жамоамиз, шундай экан, футболчилар масъулиятли бўлиши талаб этилади. Тўп билан муомала қилиш масаласига келсак, аслида футболчи тўпни бошқариши керак. Афсуски, бир-иккита шундай ўйинчиларимиз борки, уларнинг исм-шарифини айтиб ўтирмайман, ҳалигача тўп уларни бошқаряпти. Улар тўп билан муомалада қийинчиликка дуч келишяпти, бунга эса қўшимча вақт сарфланмоқда. Натижада тезкор ҳужум ташкил қилишга имкон қолмаяпти.

– Ўтган интервьюларда жамоа стадиони очилиши ҳақида айтиб ўтган эдингиз ва ПФЛ масъуллари ҳам келиб стадионни кўришди. Қандай хулосага келинди ва у қачон очилади?

– Навбатдаги уй ўйинимизда очилади. Менимча, стадионни қабул қилишди. Ҳозир унинг ҳолати аъло даражада. Фақатгина айрим ташкилий ишлар қолган, стадионни чиройли қилиб очиш ниятидамиз. Худо хоҳласа, кейинги турларни ушбу майдонда ўтказамиз.

– Агар бугун "Лочин" ғалаба қозонганда, иккинчи ўринга кўтарилиб оларди. Ғалаба қозониш учун бугун нима етмади, деб ҳисоблайсиз? Ўтказиб юборилган биринчи гол халақит бердими?

– Албатта, у ҳам халақит берди. Бундан ташқари, биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлим бошида ҳам қулай вазиятлардан фойдалана олмадик. Агар биз биринчи бўлиб гол урганимизда, ўйин анча осонроқ кечарди ва қарши ҳужумда ўйнаш имкониятимиз ортарди. Афсуски, гол ўтказиб юборганимиздан сўнг қизил карточка сабабли ўн киши бўлиб қолдик ва вазиятни ўзимиз учун қийинлаштирдик. Аслида 70-75-дақиқалардан кейин рақибнинг ёш футболчиларида барибир чарчоқ аломатлари сезила бошлашини билардик.

– "Лочин" характерли жамоами ёки гол ўтказиб юборгандан сўнг, сўнгги дақиқаларда натижани тенглаштириш ёки ғалаба қозонишга қийналяптими?

– Бу футболчиларнинг руҳиятига боғлиқ ҳолат. Гол ўтказиб юборилгандан кейин ўзида куч топа олиш муҳим. ТерДУ жамоаси билан бўлган учрашувни ҳам кўрдингиз, жуда қийин ўйин бўлди. Кўп ўйинларда ҳисобни тенглаштиряпмиз ва ғалаба ҳам қозоняпмиз. Айрим ўйинларда эса, афсуски, бунинг уддасидан чиқа олмаяпмиз. Бу ўша вақтда йигитларнинг руҳияти қандайлигига боғлиқ. Майдонда мураббий ҳеч қандай амалий ёрдам бера олмайди. Биз фақатгина ўзгаришлар орқали, майдонга туширилган янги кучлар билангина ўйинни кучайтиришимиз мумкин.

– Бугунги ўзгаришлар ўзини оқладими?

– Ўзгаришларни кўрдингиз, улар ўйинга яхши қўшилди. Алишер Хайруллаев ва Диёр Асомиддинов ҳам фаол ҳаракат қилишди. Айнан уларнинг иштирокида ташкил этилган ҳужум якунида гол урдик. Демак, ўзгаришлар ўзини оқлади. Бундан ҳам яхшироқ ўйнаб, ўйинни янада кучайтирса бўларди, лекин, афсуски, баъзи вазиятларда – яна куч қўшиш керак бўлган жойда улар ўзларида етарлича куч топа олишмади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›