

- Ўйин ҳақида фикрингиз…
- Авваламбор ташкилотчилик учун раҳмат айтмоқчиман. Университет қошида шундай яхши жамоа ташкил қилинган, бу ҳам қувонарли. Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, биз қайта қуриш даврини бошдан кечиряпмиз, ўз формамизни секин-аста тиклаб боряпмиз. Бугунги ғалаба жуда ёқимли бўлди, йигитлар кўрсатмаларни бехато бажаришга ҳаракат қилишди. Ҳақли ғалабага эришдик деб ўйлайман. Ўз навбатида рақиб ҳам яхши ўйин намойиш этди.
- "Каттақўрғон" ўз олдига жиддий мақсад қўйган жамоалардан. Шундай экан, ҳар бир детални инобатга олишга тўғри келади. Лекин ўтган турда кўрдикки, "Металлург" билан уй учрашуви ўтказилмади. Шу ҳақда нима дея оласиз?
- Футбол фақат майдондаги ўйиндан иборат эмас. Футбол бутун бир организм, ўйинни яхши ўтказиш учун ҳар томонлама ишлаш керак бўлади. Биз Каттақўрғон учун яхши жамоа тузишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун эса вақт керак. "Металлург" билан баҳс нима учун ўз вақтида бошланмаганини клубимиз раҳбарияти ўрганиб чиқди. Ўйлайманки, биз бу саҳифани ёпдик ва ортга қайтмоқчи эмасмиз. Олдинга қараб ишлашда давом этамиз.
- Ўзбек футболининг ёрқин вакили сифатида бугунги Элит ОЧЛ ўйинларидан олдин нима дея оласиз?
- Тўғриси, ўзим ҳам "Пахтакор" ва "Нефтчи" иштирокидаги учрашувларни интиқлик билан кутяпман. Ҳар икки жамоамизнинг ижобий натижасидан умидворман. Тўғри, Саудия клубларига қарши ўйнаш оғир бўлади, аммо "Пахтакор" билан "Нефтчи"нинг таркиби ҳам ўзига яраша кучли. Бизнинг клублар бемалол Осиё жамоаларига бошоғриқ бўла олади. Ҳар икки жамоамизга омад тилаб қоламан.
- Мураббийлик фаолиятингиз ёрқин чиқди. Биз сизни Суперлига клубида кутгандик, аммо Пролигада иш бошладингиз. Бу қандай содир бўлди?
- Иш бошлашдан олдин "Каттақўрғон" раҳбарияти билан учрашдим, уларнинг таклифи ва ғоялари ниҳоятда қизиқарли бўлди. Клубнинг келажакка оид яхши режалари бор. Агар кутганимда Суперлигадан ҳам таклиф тушарди. Мен учун муҳими, иш амалиётига эга бўлиш ва ўз меҳнатим билан жамоа ўсишига ёрдам бериш.


