

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугун энг ёмон ўйинларимиздан бирини ўтказдик. Иккита голни ўзимиз олиб келдик, ҳужумда умуман омад келмади. Шармандали ҳисоб кузатилди, йигитлардан бундай ўйин кутмагандик. 0:1дан кейин ҳам, 0:2дан кейин ҳам вазиятни ўзгартирса бўларди, лекин уддалай олмадик.
- Жамоангиз "Ғалазалкент" билан дуранг ўйнади, сўнгра "Арал"дан мағлубият ва бугун ҳам мағлубият кузатилди. Бунинг сабаби нимада?
- Жамоамизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Биз яхши тайёргарлик кўргандик. Энди "Арал"ни гапирмаса ҳам бўлади. Бугун қарши ҳужумларда ўз хатоларимиз сабаб гол ўтказдик. Афсуски, куч топа олмадик.
- "Арал"га қарши баҳсни негадир эслагингиз келмаяпти. Бу нима билан боғлиқ?
- Ҳакамлик билан боғлиқ.
- Бугун ҳимоячилар кўп хато қилдими ёки дарвозабон бўш ўйнадими?
- Ҳимоячилар ҳам кўп хато қилишди, дарвозабонимиздан ҳам хато ўтди. Бугун жамоавий ўйинимиз чиқмади.
- "Республика ФА" жадвалда 11-ўринда боряпти. Ўйиндан олдин "Лочин" футболчилари бемалол ютамиз деган бўлиши мумкинми?
- Тўғри, бу психология билан боғлиқ. Ёшларни бемалол мағлуб этамиз деб яхши тайёргарлик кўра олмадикми. Барибир энг катта айб биз мураббийларда.
- Охирги учта ўйиндан келиб чиқсак, нимани ўзгартириш керак?
- Ҳужумда муаммолар бор, гол уришга қийналяпмиз. Ҳимоячиларимиз ҳам ишонч билан ўйнай олмаяпти. Иккинчи давра арафасида янги жамоа тузганимиз қийин бўляпти.
- Захирадаги ўзгаришлар нимани ҳал қилиши керак эди?
- Асосан ҳужумни кучайтириш мақсадида ўйинчи алмаштирдик. Бўйдор ҳужумчини ҳам майдонга туширдик, барибир ҳеч нарса ўхшамади. Ҳимояда ёш болаларча хатога йўл қўйдик. Дастлабки иккита голни рақибга совға қилдик. Руҳий жиҳатдан тайёр эмаслигимиз кўриниб қолди. Ўйин услубимиз узун пасларга қурилмаган, бундай ўйнасак кўп бор тўпни йўқотамиз. Шу боис майда паслар билан ўйнаймиз. Машғулотларни ҳам шу бўйича олиб боргандик.



