ЕЧЛда "Боруссия"га гол урган ва "Реал" биланг дуранг ўйнаган ҳамда чемпионликни нишонлаш пайтида жароҳат олган "Пахтакор"нинг янги ўйинчиси билан яқиндан танишамиз
15 июл 2023 20:10
Янгиликлар
ЕЧЛда "Боруссия"га гол урган ва "Реал" биланг дуранг ўйнаган ҳамда чемпионликни нишонлаш пайтида жароҳат олган "Пахтакор"нинг янги ўйинчиси билан яқиндан танишамиз
1991 йилнинг 20 мартида Польшанинг Варшава шаҳрида таваллуд топган Михал Кухарчик фаолиятини мамлакатнинг учинчи дивизион вакили "Свит" клуби сафида бошлаган. 2008 йилнинг 15 март куни"Стомил"га қарши ўйинда дебютини ўтказди. 12 апрель санасида эса "УКС Лодзь"га қарши баҳсда дублга эришди. Умуман олганда, Кухарчик мавсум якунига қадар 12 ўйин ўтказиб, 3 та гол уришга муваффақ бўлди. Келгуси мавсум эса 24 ўйинда 24 та гол уриб, учинчи лиганинг энг яхши тўпурарига айланди. Жумладан, 2009 йилнинг 18 апрелида "УКС Лодзь" дарвозасини беш маротаба ишғол қилди.
2009 йилнинг 20 июлида ҳужумчи Варшаванинг "Легия" клуби билан беш йиллик шартномага имзо чекди, бироқ дарҳол "Свит"га ижарага бериб юборилди. Фақатгина 2010/11 йилги мавсум олдидан "Легия"га қайтди.
Шу йилнинг 24 сентябрида юқори дивизиондаги илк голини урди. Мавсум давомида Михал 34 ўйин ўтказиб, 8 та тўп киритди. Шу жумладан, жамоа билан Польша кубоги финалида "Лех"ни мағлуб этиб, титулни боши узра юқори кўтарди.
2011 йилнинг 28 июлида Кухарчик Европа лигаси саралаш босқичи доирасида Туркиянинг “Газиантепспор” жамоасига қарши ўйинда дебют қилди еврокубоклардаги илк учрашувини ўтказди. Москванинг “Спартак” клубига қарши навбатдаги босқичнинг сафар учрашувида эса гол уриб, жамоаси учун гуруҳ босқичига эшигини очди. 2011/12 йилги мавсумда ҳужумчи 35 та ўйин ўтказиб, 5 та гол урди ва яна Польша кубоги соҳибига айланди.
2012/13 йилги мавсумда у “Легия” билан “олтин дубл”га эришиб, 34 учрашувда 4 та гол урди.
Кухарчик Польша терма жамоаси сафида 2011 йилнинг 6 февралида Мольдова (1:0)га қарши баҳсда дебют қилди. Норвегияга қарши беллашувда эса терма жамоа сафидаги биринчи ва ягона голини уришга муваффақ бўлди.
Михал 2012 йил Польшанинг Европа чемпионатида иштирок этадиган футболчиларнинг кенгайтирилган рўйхатидан ўрин олди, аммо якуний рўйхатдан тушиб қолди.
Польшанинг ўша вақтдаги бош мураббийи Францишек Смуда бу қарорни шундай изоҳлаганди: "Афсуски, бу фаолиятимдаги энг оғир қарорлардан бири. Михал ажойиб истеъдод эгаси. У ҳали ёш ва бутун фаолияти олдинда".
2016 йил ҳам саралаш баҳслари доирасида жароҳатга йўлиқади ва унинг ўрнига Себастьян Мелиц чақирилади.
Шу йилнинг май ойида "Легия" билан чемпионликни нишонлаётган футболчи қўлидан жароҳат олади. Вингер минбардан сирғаниб, ерга йиқилади. Авалига буни ҳазил деб тушунган жамоадошлари кейинроқ жароҳат жиддий эканлигини тушуниб етади.
Шу йилнинг 2 ноябрь куни Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида "Реал Мадрид"га қарши эришилган дурангда (3:3) ҳисса қўшди.
22 ноябрь куни эса 5-тур доирасида Дортмунднинг “Боруссия” клубига қарши ўйинда (4:8) у Варшава жамоасининг учинчи голини урди.
Рақибга қарши ўйинимиздан мамнунман. Агар дарвозамиз ёнида "автобус" қўйганимизда, немислар барибир беш-олтита гол уриши мумкин эди. Биз футбол ўйнайшни хоҳладик. Тўғри, кўп хатоларга йўл қўйдик, лекин бу бизга сабоқ бўлди.
Кухарчик 2018 йилнинг августида Европа лигаси саралаш босқичи доираси "Дьюделанж"га қарши саралашнинг 3-босқичида майдондан четлатилди. УЕФА уни 5 та ўйинга дискфалификация қилади, шу боис у келаси мавсум Европа Конференциялар лигасида ҳам жамоасига ёрдам бера олмайди.
Кейинчалик “Легия” вингер билан шартнома имзоламади. Аниқроғи, янги шартнома имзоланиши керак эди, бироқ клуб бош мураббийи Александр Вукович буни истамади. Ҳатто бир муддат у ўринбосарлар жамоасига ўтказиб юборилди. Бунга эса унинг машғулотлардаги хатти-ҳаракатлари сабаб сифатида келтирилган.
"Мени жамоадан бадарға қилишди. Бунинг сабабини ҳозир айтмоқчи эмасман, вақти келганда ошкор этаман. "Легия"да кўп йил бирга фаолият олиб борган одамлар билан хайрлаша олмаганимдан афсусдаман. Кимдир бошқани ёқтиришга мажбур эмас, лекин бир нарсани ёдда тутиш керак: ҳурматни... Энг катта орзуим "Легия" сафида ҳеч бўлмаганда битта ўйин ўтказиш эди. Шукрки, карьерамнинг 1/3 қисмини, яъни 9 йилни шу ерда ўтказдим. Аслида, шартнома муддати узайтирилиши ва мен клубда қолишим керак эди. Аммо бу воқеа содир бўлмади. Мен бунга тайёр эмасдим. "Легия" билан шартномани узайтириш учун кўпгина таклифларни рад этгандим. Клуб билан хайрлашишни истамайман, тез орада кўришамиз. Мен, албатта, қайтаман".
Тўққиз йил ичида Кухарчик "Легия" сафида 349 та ўйинда майдонга тушиб, 71 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Жамоа билан беш марта Польша чемпиони бўлди ва олти марта мамлакат кубогида ғалаба қозонди. Шунингдек, Михал Чемпионлар лигаси (гуруҳ босқичида гол урди) ва Европа лигасида иштирок этди. Кухарчик 2011–2015 йилларда Польша шарафини ҳимоя қилиб, 9 та ўйинда 1 та гол урди.
Михал 2019 йилнинг июль ойида эркин агент сифатида "Урал"га кўчиб ўтди ва бир йиллик шартнома имзолади. Россия клуби сафида 19 та ўйин ўтказиб, ҳисобига битта гол ва битта ассист ёздириб қўйди.
Бир йилдан сўнг жамоани тарк этиб, юртига қайтди ва "Погон" билан уч йиллик шартнома имзолади. 2020/21 йилги мавсумда у жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири бўлди ҳамда 30 ўйинда 7 та гол уриб, бешта голли узатмани амалга оширди. Жамоа эса чемпионатда учинчи ўринни эгаллаб, Европа лигаси саралаш босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
2021 йил у "Погон" сафида собиқ жамоаси "Легия"га қарши ўйинда жамоаси билан устун келади, аммо ўйиндан кейин ғалабани фақатгина у нишонламайди.
Уч мавсум давомида у 79 ўйинда 12 та гол урди. Бироқ шартнома муддати якунлангач, келишув узайтирилмади. Футболчи эса жисмоний ҳолатини сақлаб туриш мақсадида ярим йил учинчи дивизион вакили, ўзининг илк жамоаси "Свит" билан шуғулланиб турди.
Кеча эса 32 ёшли футболчи Тошкентнинг "Пахтакор" клуби билан шартнома имзолади. Унинг жисмоний ҳолати қай даражада эканлиги ҳақида трансфернинг тўғри ёки нотўғри эканлигини эса иккинчи давра давомида гувоҳ бўламиз. Дарвоқе, "шерлар" сафида унинг ҳамюрти Пшемислав Банашак ҳам тўп тепади.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Фикрлар