

Ҳужумчи 2019 йилда "Пахтакор" таркибида ҳар икки клуб дарвозасини жарима зарбаси орқали ишғол қилган. Роппа-роса 28 кунлик фарқ билан киритилган мазкур голларнинг ҳар иккиси жамоага ғалаба келтирган.
Марат Бикмаев учун мазкур мавсум собиқ жамоасига қайтиш билан бошланди. 2004 йилда "Пахтакор"ни тарк этган футболчи Россия ва Қозоғистондаги фаолияти, шунингдек, Тошкентнинг "Локомотив" клубидаги ҳаракатларидан сўнг яна "Пахтакор" таркибига келиб қўшилди. Унинг қайтишдан кейинги илк расмий учрашуви ҳал қилувчи гол билан аҳамиятли бўлди.
2019 йилнинг 12 февраль куни "Пахтакор" Осиё Чемпионлар лигасининг иккинчи саралаш босқичи доирасида Ироқнинг "Эйр Форс" клубини қабул қилди. Меҳмонлар Тошкентга ОФК кубогини кетма-кет уч марта – 2016, 2017 ва 2018 йилларда қўлга киритган жамоа мақомида ташриф буюрган ҳамда қитъанинг асосий клуб турнирида иштирок этиш мақсадида эди.
Учрашувнинг асосий воқеалари иккинчи бўлим якунида содир бўлди. Дастлаб Жалолиддин Машарипов ҳисобни очди. 84-дақиқада эса Бикмаев жарима зарбасини амалга оширди: унинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза устунига тегиб, тўрга жойланди – 2:0.
Уч дақиқадан сўнг, Ҳаммади Аҳмад жавоб голини киритди. Шу тариқа, мазкур баҳсда айнан Бикмаевнинг зарбаси якуний натижани белгилаб берди. "Пахтакор" 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, саралашнинг навбатдаги босқичига йўлланма олди.
Орадан тўрт ҳафта ўтгач, "Пахтакор" стадионида шунга ўхшаш ҳолат яна такрорланди. Бу галги рақиб Саудия Арабистонининг "Ал Аҳли" клуби бўлиб, учрашув ОЧЛ гуруҳ босқичи доирасида ўтказилди.
12 март куни бўлиб ўтган учрашувда мезбонлар ҳисобни очиш учун бир нечта имконият яратди. Жумладан, Бикмаевнинг бош билан йўллаган зарбаси ноаниқ чиқди, Одил Ҳамробековнинг уринишини дарвозабон қайтарди, Драган Черан йўллаган тўп эса устунга тегди.
Натижага яна жарима зарбаси орқали эришилди. 62-дақиқада Бикмаев тахминан 30 метр масофадан тўпни ерлатиб дарвозага йўллади. Рақиб дарвозабони Муҳаммад ал-Увайс бу зарбани қайтара олмади. Учрашувда бошқа гол киритилмади ва баҳс 1:0 ҳисобида якунланди. Бу "Пахтакор"нинг мазкур мавсум гуруҳ босқичидаги дастлабки ғалабаси эди.
"Эйр Форс"га қарши баҳсда Бикмаев жамоасининг иккинчи голини киритиб, рақибнинг жавоб тўпига қарамай, устунликни сақлаб қолишга ҳисса қўшган эди. "Ал Аҳли" билан кечган ўйинда эса унинг зарбаси учрашувдаги ягона ва ҳал қилувчи гол бўлди. Икки турли баҳс, аммо натижа бир хил: жарима зарбасини амалга оширган Бикмаев "Пахтакор"га ғалаба келтирди.
Шу сабабли, "Ал Аҳли" ва "Эйр Форс" клубларининг Ўзбекистон жамоалари билан учрашувлари тарихида Бикмаевнинг натижаси алоҳида аҳамиятга эга. 2019 йилнинг 12 февраль ва 12 март саналари – "Пахтакор" ҳужумчиси икки рақибга ўз маҳоратини бир хил усулда намойиш этган кунлар сифатида тарихда қолди.
Бугун – 2026 йилнинг 14 сентябрь куни Осиё Чемпионлар лигаси Элита мусобақаси доирасида айнан ушбу икки жамоа яна ўзбек клубларига қарши майдонга тушмоқда. Хусусан, Ироқнинг "Эйр Форс" жамоаси Фарғонадаги "Истиқлол" стадионида "Нефтчи" меҳмони бўлса, Саудия Арабистонининг "Ал Аҳли" клуби Жидда шаҳридаги Қирол Абдуллоҳ спорт мажмуаси стадионида Тошкентнинг "Пахтакор" жамоасини қабул қилади.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.



