Бобур Абдураҳмонов: "Бугун жисмоний томондан жуда бўш кўриндик"

1 май 2026, 20:17
Пролига 6-турдан ўрин олган "Пахтакор фарм" – "ҚМУ Жайхун" учрашуви 0:3 ҳисобида якун топди.

Ўйиндан кейин "Пахтакор фарм" бош мураббийи Бобур Абдураҳмонов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугун негадир футболчиларимиз ўзида эмасди. Ҳаммада чарчоқ аломатлари кўринди. Ўтган тур "Металлург" билан баҳсда анча куч йўқотганимиз билинди. Учрашув стартида гол ўтказдик. Ўйиндан умуман қониқмадим. Ўйинлар ораси камлиги туфайлими, футболчиларимиз тез чарчаб қолишди.

- "Металлург"га қарши баҳсда ўйин охирларида, бугун эса учрашув бошида гол ўтказилди. Йигитлар эътиборни йўқотиб қўйишдими?
- Шундай деса ҳам бўлади. Бугун жисмоний томондан жуда бўш кўриндик.

- Йирик мағлубиятга қарамай, жамоангизда голли вазиятлар бўлди, фақат фойдаланишга келганда нима етишмади?
- Футболчиларимиз озгина ёшлик қиляпти деб ўйлайман. Барибир Пролига кучли мусобақа, яхши жамоалар жамланган. Тўп билан муомала қиляпмиз, ҳужумга ўтдик, лекин якуний зарбани беришда муаммоларга дуч келдик. Ишлайдиган жиҳатларимиз ҳали кўп. Тезроқ мағлубиятни унутиб кейинги ўйинга ҳозирлик кўрамиз.


Манба: championat.asia