

“Бургутлар” бугун мазкур йиғин доирасидаги биринчи назорат учрашувида майдонга чиқади. Рақиб - “СКА-1938” жамоаси.
Ушбу жамоа айни пайтда Беларусь Биринчи дивизионида иштирок этмоқда. Ҳозирда чемпионат давом этяпти ва 18 клуб қатнашаётган мусобақада “СКА-1938” иккинчи ўринда боряпти. 12 та турда 8 ғалаба, 3 дуранг ва 1 мағлубият қайд этган ҳолда 28 гол уриб, ўз дарвозасидан 9 тўп ўтказиб юборди ҳамда 27 очкога эга бўлиб турибди. 21 июнь куни 12-тур доирасида ўз майдонида “Юни Минск” жамоасини қабул қилган “СКА-1938” 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Маҳаллий 18 ёшли ҳужумчи Мирон Коритко хет-трикка эришган бўлса, яна бир 18 ёшли футболчи Максим Яскевич ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйди. Эътиборлиси, Мирон Коритко айни пайтда 10 та гол билан жамоасининг тўпурари бўлиб турибди. Клубга эса 53 ёшли маҳаллий мутахассис Алексей Меркулов бош мураббийлик қилиб келмоқда. У 2023 йилнинг май ойидан бери “СКА-1938” жамоаси бош мураббийи вазифасида. Унгача мураббий ёрдамчиси лавозимида ишлаган. Яна бир эътиборли тарафи шундаки, Ўзбекистон терма жамоасининг ёрқин юлдузларидан бири Абдуқодир Ҳусанов ўз вақтида ушбу клубда ўйнаган. Яъни, “Энергетик БГУ” номли жамоа шарафини ҳимоя қилган ва кейинчалик номи “СКА-1938” деб ўзгартирилган.
Учрашув маҳаллий вақт билан 17:00 да, Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади.



