Беҳруз Каримов: "Бугун билдим"

18 июн 2026, 11:24
Ўзбекистон терма жамоасининг ёш футболчиси Беҳруз Каримов бугунги баҳс ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

— Ўзбекистон терма жамоаси ушбу тарихий дебютини ўтказди. Сиз эса мундиалдаги ёш футболчилардан бири бўлдингиз ва бугунги ўйинни асосий таркибда бошладингиз. Терма жамоадаги дебют бўлмаса-да, ҳис-туйғулар қандай бўлди?

— Авваламбор, ассалому алайкум. Бугунги ўйин жуда ҳам катта дарс бўлди бизга, албатта. Колумбияга қарши етарлича қаршилик кўрсата олдик, лекин хатоларимиз ҳам бўлди. Кейинги ўйинларда ҳам бу хатоларни йўқотишга ҳаракат қиламиз. Португалия, Конго — ҳаммасига етарлича қаршилик қилиб, гуруҳдан чиқишни мақсад қилганмиз.

— Бугунги учрашувни асосий таркибда бошлашингизни бугун билдингизми? Қандай ҳис-туйғулар ўтди, кимлар билан гаплашдингиз?

— Бугун билдим. Лекин бу қийин эмас, чунки жамоамизда ҳаммаси тажрибали ўйинчилар бўлгани учун бу нарса менга мотивация беради. Ўйин давомида ҳам ҳаяжонни енгиб, концентрацияни ўйинга қаратдик, яхши ўйин бўлди деб ўйлайман.

1781763373422.jpg

— Ўзингизда озгина ҳаяжон бўлдими?

— Aлбатта... Жаҳон чемпионати, албатта, ҳаммада ҳам ҳаяжон бўлади. Жароҳатим сабабли мен анча вақт футбол ўйнамагандим. Лекин футболни соғинганим учун ҳам бу катта мотивация бўлди ва аксинча, футболдан завқ олиб ўйнадим.

— Бугун Луис Диасни зарарсизлантира олдим деб ўйлайсизми?

— Етарли вазиятларда зарарсизлантирдим деб ўйлайман. Баъзи жойларда барибир тажриба ўз сўзини айтди. Албатта, у тажрибали футболчилардан бири.

— Сиздан кейинги ўйинларда ҳам узоқ масофадан зарбалар кутамизми?

— Албатта, буни менинг энг яхши қуролим деса ҳам бўлаверади, чунки узоқдан зарба йўллашни яхши кўраман. Қўлимдан келади, ўзимга ишонаман. Кейинги ўйинларда ҳам, Худо хоҳласа, имконият бўлиши билан, албатта, зарба бераман.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Championat.asia