Қирғизистонлик эксперт: "Бироз хафсалам пир бўлди, Ўзбекистон очко оладигандек кўринганди"

Iskandarov Abdulaziz
18 июн 2026, 11:39
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги юришини бошлади.

Стартда Колумбия рақиблик қилган ўйинда вакилларимиз мағлубиятга учради (1:3). Сайтимиз журналисти Абдулазиз Искандаров бу борада қирғизистонлик футбол эксперти Тенгелбес Мусаевнинг фикрлари билан қизиқди.

- Колумбия билан ўйин қандай таассурот қолдирди?

- Тўғриси, бироз ҳафсала пир бўлди. Чунки ўйин давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси рақибнинг мақоми ва кучига қарамай, очко қўлга кирита оладигандек таассурот уйғотганди. Шунга қарамай, сизни Жаҳон чемпионатларидаги тарихий, илк гол билан табриклайман. Ушбу гол жамоага янада катта куч ва ишонч бағишлаши шубҳасиз.

- Биринчи бўлимда Жаҳон чемпионати салобати босдими ёки бошқа сабабми?

- Бундай юқори даражадаги турнирларда диққат-эътиборни бир сонияга бўлса-да йўқотиш ёки деталларга бепарво бўлиш қимматга тушиши мумкин. Кичик бир хато ҳам гол билан жазоланади. Бундан ташқари, мусобақадаги илк учрашув, одатда, доим энг қийини бўлиб келган.

- Гарчи мағлубиятга учраган бўлсакда, қандай ижобий жиҳатларимиз кўзга ташланди?

- Бугун ўйиндаги жуда яхши ташкилотчиликни алоҳида эътироф этган бўлардим. Чизиқлар ўртасида катта узилишлар кузатилмади, жамоа жуда зич ҳаракат қилди. Бундан ташқари, ҳужум чизиғида ҳам аниқ тизим кўзга ташланди — менинг назаримда, бир қатор вазиятлар ва хавфли яқинлашишлар содир этилди.

- Португалия билан ўйиндан кутилмалар ҳақида...

- Янги гап айтмаган бўламан: ҳозир энг муҳими — кейинги баҳсгача иложи борича тезроқ тикланиб олиш. Бу ҳам жисмоний, ҳам руҳий тарафлама жуда зарур.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia