

ЎФА Тиббий қўмита раиси Аброр Пирмуҳаммад футболчининг жароҳати ва ўтказилган муолажалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Беҳруз Каримов жиддий жароҳат олган эди. Тезкор текширувлар натижасида футболчида ўнг оёқ панжа (плюсневой) суяги синиши ташхиси тасдиқланди.
Тиббий қўмита ҳамда Алишер Арипов бошчилигидаги тиббий штаб маҳаллий ва чет эллик мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда, футболчида операция ўтказишга қарор қилди.
"Бугун Беҳрузда операция муолажаси ўтказилди. Режага кўра, футболчи 1 ойдан сўнг сафга қайтади", — дейди Аброр Пирмуҳаммад.
Шунингдек, мутахассис Жаҳон чемпионати финал босқичига тайёргарлик кўраётган МТЖнинг ҳар бир аъзоси ЎФА ва тиббий штабнинг қатъий назоратида эканини, допинг назорати, овқатланиш ва фармакология каби йўналишлар доимий кузатиб борилаётганини таъкидлаб ўтди.
Фурсатдан фойдаланиб, таҳририятимиз номидан Беҳруз Каримовга тезроқ соғайиб, майдонга қайтишини тилаб қоламиз.




