

ТУРНИНГ ЭНГ МУҲИМ 3 ТА ЎЙИНИ
“Насаф” “Андижон” устидан ғалаба қозонди

Қаршининг “Насаф” жамоаси Самарқандда “Андижон”ни қабул қилди. Андижон жамоаси таркиби ва амбициялари билан дастлаб медаллар учун даъвогар сифатида кўрилган эди. Аммо мавсум бошидаги очко йўқотишлардан кейин бу ўйин Самвел Бабаян жамоаси учун жиддий синов бўлди. Қаршиликлар эса бу мавсум олдидан бир қатор етакчиларидан айрилди, бу эса ҳужумдаги креативликни пасайтирди.
Биринчи бўлимда жамоалар эҳтиёткор ўйнади ва асосан узоқ масофадан зарба беришди. 11-дақиқада Ойбек Рустамов узоқдан зарба берди. 5 дақиқадан сўнг Шароф Муҳитдинов жаримадан зарба йўллади. 19-дақиқада Драган Черан жавоб берди. Энг хавфли вазият эса 44-дақиқада юз берди, аммо Абдувоҳид Неъматов ажойиб сейв амалга оширди.
Иккинчи бўлимда ўйин жонланди. Ҳар иккала жамоада вазиятлар кўпайди, аммо “Насаф” хавфлироқ кўринди. 77-дақиқада Неъматов ҳужумни бошлаб берди, Зафармурод Абдураҳматов деярли ярим жамоани алдаб ўтиб, Муродбек Раҳматовга узатма берди — 1:0. “Андижон бош мураббий Самвел Бабаян таянч ярим ҳимоячиларнинг ўйинидан қониқмади. Қисман айнан шу сабабга кўра тўп ҳужум чизиғига яхши етиб бормади.
“Пахтакор” – ОКМК тўқнашуви

Турнинг марказий ўйинида, Чемпионликга асосий даъвогарлардан бири бўлган “Пахтакор” ўз майдонида ОКМКни қабул қилди. Қизиқ факт: охирги 5та ўзаро ўйинида “Пахтакор” ғалаба қозонмаган. Учрашув бошидаёқ, Тожиев шогирдлари ушбу тенденцияни ўзгартиришга ҳаракат қилди. Ўйиннинг бошида “шерлар” тўпни ўз назоратига олиб, биринчи рақам остида ўйнай бошлади. Натижада 21-дақиқада Фламарион Хожиякбар Алижоновнинг узатмасидан сўнг ҳисобни очди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда эса Достонбек Ҳамдамов жарима зарбасидан ажойиб гол уриб, ҳисобни 2:0 га етказди.
ОКМК биринчи бўлимни суст ўтказганини инобатга олиб, Миржалол Қосимов танаффусда ўйинга ўзгартиришлар киритиши керак эди.
Ва унинг шогирдлари узоқ кутдириб қўймади. 46-дақиқадаёқ Асад Собиржонов Муҳаммадрасул Абдумажидовдан тўпни олиб қўйиб, Азиз Холмуродовга аниқ пас берди — у эса ҳисобни қисқартирди. Шундан сўнг ўйин очиқ ва тезкор тус олди, жамоалар қарши ҳужумларда ҳаракат қила бошлади. Холмуродов голидан кейинги бир неча дақиқа ичида Рустам Турдимуродов ва Сиаваш Ҳақназарий хавфли вазиятлар яратди. 62-дақиқада Муҳаммадқодир Ҳамралиев бурчакдан узатилган тўпни бош билан дарвозага йўллаб, ҳисобни 3:1 га етказди. Қизиғи, уни марказий ҳимоячи эмас, бўйи унча баланд бўлмаган Холмуродов қўриқлагани тушунарсиз ҳолат бўлиб қолди.
Ушбу голдан кейин олмалиқликлар ҳимоядан ҳужумга ўтишда муаммоларга дуч келди. Аслида, иккинчи бўлим ўрталаридан бошлаб “шерлар” дарвозабони Санжар Қувватов деярли ўйинга аралашмади. “Пахтакор” ҳисобни янада йирик кўринишга олиб келиши ҳам мумкин эди, аммо Ҳожимат Эркиновнинг зарбасидан кейин тўп устунга тегди.
“Пахтакор” “Нефтчи”ни қувишда давом этмоқда. Кейинги турда мавсумнинг икки фаворити ўзаро тўқнаш келади. Миржалол Қосимов жамоасида эса вазият унчалик яхши эмас — ОКМК ҳозирча ўтиш ўйинлари зонасида бормоқда.
“Нефтчи” “Қизилқум”ни тор-мор этди. Ҳа, яна 3+ гол билан.

Терма жамоалар ўйинлари сабабли юзага келган танаффус “Нефтчи”нинг ўйин ритмига умуман таъсир қилмади. Кенг таркибга эга Исломбек Исмоилов яна ротация қилди. Владимир Йовович, Хуршид Ғиёсов, Ратиньо захирада қолди, лига тўпурари Стипе Перитса эса умуман майдонга чиқмади. Эҳтимол, мураббий хорватиялик ҳужумчини “Пахтакор”га қарши ўйин учун асраб қўйгандир. Шунга қарамай, Фарғона клуби Перицасиз ҳам “Қизилқум”ни 4:0 ҳисобида мағлуб этди.
Биринчи бўлим статистикаси бўйича “Қизилқум” ҳужумда ёмон кўринмади (3та аниқ зарба, “Нефтчи”да эса 2та). Аммо иккинчи бўлимда фарғоналиклар ҳақиқий маҳорат дарсини кўрсатди (9та зарба, шундан 7таси аниқ; “Қизилқум”да 3 зарба, 0 аниқ).
18-дақиқада Зоран Марушич қайтган тўпдан унумли фойдаланиб ҳисобни очди. 41-дақиқада эса у ассист қайд этди — унинг узатмасидан сўнг Алишер Одилов иккинчи голни урди. 52-дақиқада яна Одилов–Марушич комбинацияси ишлади ва сербиялик футболчи ҳисобни 0:3 га етказди. Бу эпизодда Жамшид Искандеровнинг ажойиб узатмасини алоҳида таъкидлаш керак — у бежизга ИҚ бўйича энг кучли ўзбек футболчиларидан бири деб ҳисобланмайди.
55-дақиқада Икром Алибоев пенальти ишлаб олди ва ўзи уни голга айлантирди. 4:0 — “Нефтчи”нинг навбатдаги йирик ғалабаси
ТУРНИНГ ЯНА 5 ТА МУҲИМ ВОҚEАСИ
1. Улуғбек Бакаевнинг “Сўғдиёна”га қайтиши

Улуғбек Бакаев яна 2021-йилда мамлакат чемпионатида кумуш медалларни қўлга киритган Жиззах клубга қайтди. Аммо бу сафар у жамоани анча мураккаб ҳолатда қабул қилди — 4та ўйинда атиги 1 очко билан турнир жадвалининг пастки қисмида.
Бакаев учун дебют баҳс икки хил таассурот қолдирди. Фейсал Мулич ва Люпчо Дориевнинг голлари эвазига “Сўғдиёна” танаффусга қадар “Қўқон”га қарши 2:0 ҳисобида олдинда чиқди. Аммо иккинчи бўлимда меҳмонлар ўйинни ўз томонига оғдирди. 50-дақиқада Шоҳрух Гадоев супер зарба билан ҳисобни қисқартирди, 89-дақиқада эса грузиялик легионер Шота Гвазава ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимда “Сўғдиёна” жуда суст ўйнади — Бакаев шогирдлари бирор марта ҳам дарвоза томон аниқ зарба бера олмади ва ғалабани сўнгги дақиқаларда қўлдан чиқарди.
Кўриниб турибдики, бу мавсум Бакаевни ҳали кўп ишлар кутмоқда.
2. “Машъал” мавсумдаги илк голини урди, аммо бу ёрдам бермади

Муборак клуби ҳам бош мураббийи билан хайрлашди. Россиялик мутахассис Игор Суров соғлиғи сабаб жамоани тарк этди. “Навбаҳор”га қарши сафар ўйинида жамоани вақтинчалик бош мураббий сифатида Отабек Нарзуллаев майдонга олиб чиқди.
15-дақиқада “Машъал” ҳужумчиси Муртазоев ниҳоят узоқ кутилган голни урди… аммо офсайд сабаб гол бекор қилинди. Биринчи бўлим охирида Муҳаммадали Усмоновнинг узатмасидан сўнг Диёр Холматов рақиб ҳимоясидаги хатодан фойдаланиб, “Навбаҳор”ни олдинга олиб чиқди. Орадан кўп ўтмай Усмоновнинг ўзи ҳам гол уриб, ўз ҳисобига гол+пас ёздириб қўйди. 61-дақиқада македониялик Стояновски “Машъал”нинг мавсумдаги илк голини урди. Аммо кеч эди — ҳимоядаги хатолар ўз таъсирини кўрсатди.
Ҳозирча “Машъал” ўйин сифати бўйича Суперлиганинг энг заиф жамоаси бўлиб турибди. “Навбаҳор” эса Темур Кападзе бошчилигида медаллар учун курашни давом эттирмоқда.
3. “Бунёдкор” – “Локомотив” ўйинидан кейинги можаро

Тошкент дербисида “Бунёдкор” Бобур Йўлдошев ва Матия Кривокапичнинг голлари эвазига “Локомотив”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Аммо ўйин кўпроқ юз берган можаро билан ёдда қолди. Стадион ташқарисида “Локомотив” футболчиси Абдуллоҳ Йўлдошев “Бунёдкор” ўйинчилари билан муштлашиб кетди. Интернетга тарқалган видеода “қалдирғочлар”нинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи Алексей Николаев футболчиларни ажратишга уринаётгани кўринди. Гувоҳларнинг айтишича, Йўлдошев ўйин давомида ҳам рақибларни провокация қилган.
Ҳақиқат қаерда — номаълум. Аммо бу воқеага аллақачон ПФЛ муносабат билдирди. Кўринишидан, жанжал иштирокчиларини жиддий жазо кутмоқда.
4. Ягудиннинг хатолари “Хоразм”га ғалаба келтирди

“Хоразм” ўз майдонида Самарқанднинг “Динамо” жамоасини қабул қилди. Сергей Токов жамоаси ҳужумкор ўйинни кўрсатмаса-да, тактика жиҳатдан қизиқарли футбол намойиш этмоқда ва бу сафар ҳам кучли рақибни мағлуб эта олди. “Динамо”да ҳам хавфли вазиятлар бўлди, айниқса меҳмонлар сардори Хожимирзаев фаол эди. Аммо биринчи бўлим охирида Азиз Пирмуҳаммадов узоқдан аниқ зарба йўллаб ҳисобни очди. Бу эпизодда дарвозабон Равшанбек Ягудин қўпол хатога йўл қўйди.
Иккинчи бўлимда “Динамо” ҳисобни тенглаштирди — 72-дақиқада Тил Мавретич гол урди. Аммо орадан кўп ўтмай Диёр Ортиқбоевнинг зарбасидан кейин тўп аввал тўсинга тегди, сўнг Ягудинга тегиб дарвозага кириб кетди. Расмий протоколга кўра, бу автогол сифатида қайд этилди.
Шу тариқа, Ягудин турнинг антиқаҳрамонига айланди.
5. “Сурхон” ўз майдонида “Бухоро”ни нокаут қилди

Ушбу ўйин олдидан Александр Хомяков жамоаси Суперлиганинг фаворитларидан бири сифатида кўрилаётган эди. Назарий жиҳатдан, Термиздаги ғалаба “Бухоро”ни турнир жадвалида биринчи ўринга олиб чиқиши мумкин эди. Аммо ҳаммаси аксинча бўлди.
9-дақиқагача мезбонлар икки бор гол уришга улгурди — Сунатилло Абдуллажонов ва Стивен Чинеду гол муаллифлари. Биринчи бўлим ўрталарида Шаҳзод Убайдуллаев ҳисобни қисқартирди — 2:1. Қизиқ томони, Убайдуллаев фаолияти давомида энг кўп айнан “Сурхон” дарвозасига гол урган (11 ўйин — 6 гол). Биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда “Бухоро” ҳимоячиси Жўрабеков қўл билан ўйнаб қўйди —Луис Суарес услубида. Ҳакам пенальти белгилади ва уни Чинеду аниқ амалга оширди. Иккинчи бўлим нисбатан сокин ўтди, аммо якунда “Сурхон” ҳақли ғалабага эришди.
Анвар Ғофуров қўл остида “Сурхон” инқироздан чиқиб, кетма-кет иккинчи ғалабасини қўлга киритди.
ТУР ИҚТИБОСИ: Илёс Зейтуллаев “Бунёдкор”даги молиявий муаммолар ҳақида
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатида дебют қиладиган мавсумда Суперлиганинг кўплаб клублари жиддий молиявий муаммоларга дуч келмоқда. “Насаф”, “Сурхон”, “Динамо”, “Бухоро” — бу ҳали тўлиқ рўйхат эмас. “Хоразм” бош мураббийи Сергей Токов аввалроқ маош олмаётган футболчилар ҳақида деган эди: “маош олмайдиган футболчининг миясида – футбол бўлмайди”
“Локомотив”га қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Бунёдкор” бош мураббийи Илёс Зейтуллаев яна жамоадаги муаммолар ҳақида гапирди:
— Буни сизга ким айтди, билмайман, аммо бу ҳақиқат [Итсуки Уратанинг кетгани ҳақида]. У ўтган шанбадан бери машғулотларда қатнашмаяпти. Бу жамоани тарк этган тўртинчи футболчи. Аввал Дилшод Аҳмадалиев кетди, кейин италиялик аналитик. Мартин Шролер ҳам шу сабаб клубни тарк этди. Бош мураббий сифатида бу катта йўқотиш деб ҳисоблайман. Қанчалик профессионал бўлмайлик, 4 ой маош олмаган одам ўзгаради. Базамизда иссиқ сув йўқ. Профессионал жамоа учун бу жуда ғалати ҳолат. Эртанги машғулотни қандай ўтказишимни ҳам билмайман.
СУПEРЛИГА 5-ТУРИ ҲАҚИДА 5 ФАКТ
Факт #1 | Муродбек Раҳматов “Насаф” сафида барча мусобақаларда 8-голини урди. У гол урган ўйинларда “Насаф” ҳали ютқазмаган: 7 ғалаба, 1 дуранг.
Факт #2 | Сунатилло Абдуллажонов “Сурхон” сафида дебют голини уриб, Олий лига тарихида клуб учун гол урган 117-футболчига айланди.
Факт #3 | “Нефтчи” дастлабки 5 турда 5 та кетма-кет ғалаба қозонди. Сўнгги бор бундай старт 2003-йилда қайд этилган, ўшанда Юрий Саркисян жамоаси мавсумни 7 ғалаба билан бошлаган.
Факт #4 | Муборакнинг “Машъал” клуби мавсум бошидаги барча 5 ўйинда мағлуб бўлди — бу клуб тарихидаги энг ёмон натижа. Бундан ташқари, ҳар бир ўйинда биринчи бўлимдаёқ гол ўтказиб юборган.
Факт #5 | “Навбаҳор” футболчиси Муҳаммадали Усмонов тур якунларига кўра “Энг яхши ёш футболчи” деб топилди. Унинг статистикаси: гол+пас, xG — 0,7 ва 77% аниқ узатмалар.

КEЙИНГИ ТУР УЧУН 10 САВОЛ
1. Забиҳилло Ўринбоевнинг жароҳати қанчалик жиддий? У сиз “Навбаҳор” қандай ўйнайди?
2. “Сурхон” инқироздан чиқяптими?
3. Ўзбек “Эл-Классико”сида ким ғалаба қозонади: “Нефтчи” ёки “Пахтакор”?
4. “Ултрас бургут” “водий дербиси”да “Навбаҳор”га қарши қандай перфоманс кўрсатади?
5. “Динамо” дарвозасида Эдем Немановни кўрамизми?
6. Бобир Абдихолиқов қачон мавсумдаги илк голини уради?
7. “Локомотив” қачон ўз стадионига қайтади?
8. Стипе Перицани Fantasy жамоага олиш керакми? (спойлер — ҳозироқ олинг).
9. Кейинги ўйинда “Андижон”нинг асосий таркибида Пўлатхўжа Холдорхонов майдонга тушадими?
10. Ҳақиқатан ҳам, Одил Ҳамробеков “Пахтакор”га қайтадими?
Евдоким Раимов тайёрлади