Баҳорги футбол тафсилотлари: "Пахтакор" чемпион, сафарда "Бунёдкор" тенгсиз

Iskandarov Abdulaziz
28 апр 2026, 17:10
Суперлиганинг илк турлари ортда қолиб, турнир жадвалида жамоалар ўз ўринларини мустаҳкамламоқда.

Баҳорги футбол якунига етар экан, эндиликда фақат иштиёқ ёки тасодифий омад ҳар доим ҳам ёрдам беравермайди. Қишки йиғинлардаги тайёргарлик, ўйин сифати, таркибдаги рақобат, ротациялар ва футболчиларнинг жисмоний ҳолати биринчи планга чиқмоқда.

Охирги 5 тур: "Пахтакор"нинг яккаҳокимлиги

Стартдаги ўйинларни ҳисобга олмаганда, сўнгги беш тур натижаларига назар ташласак, "Пахтакор" яққол пешқадамлик қилмоқда. Тошкентликлар 15 очко жамғариб, мутлақ натижа қайд этишди. "Навбаҳор" ҳам ушбу оралиқда мағлубиятсиз серияни давом эттирган ҳолда, таъқибчилар қаторида бормоқда.

Учинчи поғонадан ўрин олган "Нефтчи"нинг ягона очко йўқотган баҳси айнан "Пахтакор"га қарши кечди. "Шерлар"нинг Фарғонадан ғалаба билан қайтиши жамоанинг етакчилигини таъминлади. Шунингдек, ОКМК жамоаси ҳам сўнгги беш турда мағлубиятга учрамаган учинчи жамоа бўлиб турибди. "Кончилар" 4 апрель куни "Пахтакор"дан қабул қилинган мағлубиятдан сўнг ўйинни сезиларли даражада кучайтиришга, қайсидир маънода "уйғонишга" муваффақ бўлишди.

Қолган жамоаларнинг сўнгги беш турдаги кўрсаткичлари қуйидагича:

"Бунёдкор" — 9 очко;

"Хоразм" — 8 очко;

"Бухоро" ва "Сурхон" — 7 очкодан;

"Динамо" ва "Андижон" — 4 очкодан.

"Қўқон-1912" эса ушбу оралиқда ғалаба қозона олмади (4 дуранг ва 1 мағлубият). Энг ачинарли статистика "Машъал"га тегишли — жамоа сўнгги 5 турда балки ҳали мавсумда 3 очко жамғара олмади.

Уйдаги ўйинлар: "Қалъа"ларнинг қадри

Суперлигада ўз уйида мағлубиятсиз серияни давом эттириш ҳар бир жамоа учун муҳим фактор. Қизиқ фактни қаранг, 2025 йилда "Нефтчи" ўз майдонида "Пахтакор"дан мағлубият қабул қилиб олганди (0:4). 2026 йилда эса худди шу сценарий такрорланди. Камолиддин Тожиев шогирдлари "Навбаҳор" билан баҳсга қадар ўз уйида кетма-кет 7 та ўйинда очко улашмаган эди. Фақатгина "лочинлар" бу серияни буза олишди. Шунга қарамай, ушбу икки клуб уй ўйинларида энг кўп (12 тадан) очко тўплаган жамоалар бўлиб турибди.

Кучли учликни "Бухоро" (10 очко) якунлаб бермоқда. Жиззахнинг "Сўғдиёна"си Зоминда ўтган 4 та беллашувда ғалаба нималигини билмай, фақат бир бор дуранг қайд этди. "Локомотив" эса ўз майдонида кетма-кет 3 ўйиндан буён ғалабага эриша олмаяпти. ОКМК ўз уйида 4 та, "Пахтакор", "Навбаҳор" ва "Қўқон-1912" эса 3 та ўйиндан буён мағлубиятсиз серияни сақлаб қолмоқда.

Сафар ўйинлари: "Бунёдкор"га тенг келадигани йўқ

Рақиб майдонида ўйнаш ҳар доим мураккаб, бироқ "Бунёдкор" бу борада энг яхши натижани (13 очко) қайд этмоқда. "Нефтчи" эса 4 та сафар учрашувида 4 ғалабани қўлга киритди. Ислом Исмоилов шогирдлари бу мавсум меҳмонда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган ягона жамоа бўлиб турибди. "Пахтакор" ҳам сафарда юз фоизлик натижа (4 ўйин, 4 ғалаба) қайд этган. "Навбаҳор"нинг меҳмондаги ягона мағлубияти "Қўқон-1912"га қарши кечди (1:2), лекин қўқонликларнинг ўзи сафардан 3 очко билан қайтишни ҳали уддалай олмади.

Вақтинча қўниш майдони яқин

Суперлига танаффусга чиқиши арафасида жамоалар учун ушбу таҳлил муҳим хулосаларни беради. Статистика шуни кўрсатадики, чемпионатда ўртамиёна ва етакчилар ўртасидаги фарқ секин-аста ойдинлашмоқда.

Олдиндаги танаффус мураббийлар штаби учун таркибни янада мувозанатлаштириш, жароҳат олган футболчиларни тиклаш ва тактик камчиликларни бартараф этиш учун айни муддао. Таркибдаги рақобат, айниқса, қишда селекция ишларини тўғри олиб борган жамоалар фойдасига ишламоқда. Эндиликда "Машъал" каби очко йўқотаётган ёки "Қўқон-1912" каби ғалаба қозонишда қийналаётган жамоалар учун танаффус — бу ўз ўйинларини бутунлай қайта кўриб чиқиш учун сўнгги имкониятдир. Мавсумнинг қолган қисмида жисмоний тайёргарлик биринчи планга чиқади, бу эса ўз навбатида турнир жадвалида янада кутилмаган ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.

Айтганча, бугун "Пахтакор" "Насаф"ни меҳмон қилади, кейин Термизга боради. "Нефтчи" "Қўқон-1912" ва ОКМК синовидан ўтади. Шундай экан танаффусга янада яхши ҳолатда чиқиб кетиш учун имконият катта.


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia