Улуғбек Бакаев: "Маҳорат бўлса, гол урасан, маҳорат бўлмаса, гол урмайсан"

Aslanov Jasurbek
27 июл 2026, 23:58
Суперлиганинг 14-тури доирасида "Локомотив" - "Сўғдиёна" учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Улуғбек Бакаев матбуот анжуманида қатнашди.

- Ўйинни яхши бошлагандик. Биринчи бўлимда иккала жамоа яхши ўйнади. Биз кўпроқ вазиятларга эга бўлдик, бироқ улардан голлар ура олмадик. "Локомотив"да эса биттагина вазият бўлди. Иккинчи бўлимни ҳам яхши бошлагандик, кейинчалик ўз даражамизни кўрсата олмадик. Кейин эса кутилмаган ҳолатлар билан пенальтилар бўлди. Икки гол фарқи билан олдинга чиқиб олган "Локомотив" эса яхши ташаббусга эга бўлди. Кейин эса яна вазиятлар бўлди. Ёмон ўйнамадик, яхши имкониятларни голга айлантира олмадик. Ўйин бобида ёмон кўринмадик, фақатгина дарвозага зарба беришдаги совуққонликда оқсадик. "Локомотив"ни ғалаба билан табриклайман, биз эса келгуси ўйинларда бундай хатолар қилмасликка ҳаракат қиламиз.

- Бугун жамоангиз рақибдан яхшироқ ўйнади ва бир қанча вазиятларда "Локо" ҳимоячилари тўпни Дориевга совға қилди. Шундай экан Сиз нега ҳужумчилардан прессингни кучайтиришни талаб қилмадингиз?
- Шундай жамоалар борки, уларга бемалол прессинг қилса бўлади. Айрим жамоалар билан прессинг қилиш жуда оғир. "Локомотив" эса иккинчиси жумласидан. Чунки уларнинг дарвозабони жуда олдинга чиқиб ўйнайди. Ҳимоячилар олдинда ёнида шеригини топа олмаса, дарвозабони билан ўйнайди. Шу сабабли бу жамоага прессинг қилиш жуда қийин. Ўз навбатида бизда рақибга босим уюштириш вазифаси йўқ эди, ҳатто тўп рақибга ноқулай келиб қолганда ҳам. Бу жамоа прессингдан осонликча чиқиб кета олади.

- "Сўғдиёна" йирик ҳисобда ютиши керак бўлган ўйинда шу каби мағлуб бўлди, десак ҳам бўлади. Гол уриш учун жамоага нима етишмаяпти?
- Маҳорат бўлса керак. Футболчи рақиб дарвозабони билан бирга бир вазиятга чиқиб боряпти ва гол ура олмаяптими, демак унга маҳорат етишмаяпти. Унда беш ёки олтита вазият бўлди. Балки у вазиятлар яратаётганда тўғри ўйнаётгандир. Исталган жамоада, исталган футболчида фаолиятининг пасайиш нуқтаси бўлади. Трагедик ҳолатларни ҳисобга олмасак, биз яхши ўйин кўрсатдик. Ўз жамоамнинг ўйинидан мамнунман. Сизнинг саволингизга маҳорат етишмади, деб жавоб бераман. Маҳорат бўлса, гол урасан, маҳорат бўлмаса, гол урмайсан. "Локомотив"га келгуси ўйинларда омад тилайман.

- Иккита ўйинда жамоа 8та гол ўтказиб юборди. Сизнинг қўл остингизда "Сўғдиёна" очиқ ўйин намойиш қилмоқда. Бир томондан олиб қарасак, Симеоненинг "Атлетико"си каби ўйин кўрсатяпти. Керакли вақтда ҳимояда "автобус" қўйиб олмоқда. Натижа керак бўлса, исталган услубни ўзгартиришга тайёрмисиз?
- Барча жамоалар ҳимояланади ва ҳужумга ўтади. Бугунги кунда барчаси ўзгармоқда. Айрим вазиятларда ҳужумдамиз, баъзида ҳимояда, баъзида ўйинни назорат қиламиз. Ҳа, иккита ўйинда 8 та гол ўтказиб юбориш - бу ёмон. Бу ҳолат барча жамоаларда бўлиб туради. Бу борада ишлаймиз. Бунга бир қанча факторлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бугунги бўлган иккита пенальтини омадсизлик десак бўлади. Ўйин, иштиёқ бобида биз ютқазмадик, фақатгина ҳисобда мағлуб бўлдик. Ким гол урган бўлса, ўша ютди.

- Иккинчи бўлимнинг 70 дақиқаларида Cooling Break бўлганида мухлислар томонидан эътирозлар бўлди. Шу пайтда қандай ҳиссиётлар ўтди?
- Ёқимсиз ҳолат. Кимдир бақирса, яхши гаплар айтмаса, ёқимли ҳолат бўлмайди. Нима ҳам қила оламиз, жавоб бера олмасак, улар билан гаплаша олмасак... Бу тарбияга боғлиқ. Улар бақиришни хоҳлашди ва шуни қилишди. Нима ҳам қилардик.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia