Суперлига қайтмоқда. "Бунёдкор" "Насаф"га ютқазмайди (ми?)

Iskandarov Abdulaziz
14 июл 2026, 16:47
Эртадан бошлаб Ўзбекистонда ички чемпионат учрашувларига рестарт берилади.

Олдиндаги турда бир нечта қизиқарли тўқнашувлар ўрин олган. Ўзбек футболида шундай тўқнашувлар борки, уларда турнир жадвалидаги ўринлар, таркибдаги йўқотишлар ёки молиявий ҳолат иккинчи планга ўтиб кетади. Бу шунчаки 90 дақиқалик ўйин эмас, балки принципиаллик ва тарих жангидир. Ана шундай классик рақобатлардан бири шубҳасиз "Бунёдкор" ҳамда "Насаф" ўртасидаги учрашувдир.

Кўпчиликнинг ички ҳиссиёти бир нарсани айтмоқда: Бу сафар ҳам "Бунёдкор" рақибидан очко тортиб олади. Хўш, бу ишонч қаердан пайдо бўлган ва рақамлар бунга қандай изоҳ беради?

Бу икки клуб ўртасидаги кескинлик куни кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Унинг оловли илдизлари ўзбек футболининг энг шиддатли даврларидан бири бўлган 2011 йилларга бориб тақалади. Ўша вақтларда икки гранд нафақат миллий чемпионатда, балки Ўзбекистон Кубогининг ҳал қилувчи паллаларида, ярим финал ва финал баҳсларида куч синашарди. Ҳар бир учрашув драма, кутилмаган тактик юришлар ва майдондаги муросасиз кураш билан тарихга муҳрланарди. Авлодлар алмашди, таркиблар янгиланди, бироқ ўша йиллардан қолган рақобат руҳи ҳали ҳам тирик.

139699.jpg

Агар қуруқ ҳиссиётлардан чекиниб, рақамлар тилига юзлансак, вазият янада қизиқарли тус олади. Шу кунгача Суперлига доирасида бу жамоалар 38 маротаба тўқнаш келишган ва статистик устунлик яққол пойтахтликлар томонида. "Бунёдкор" ўз ҳисобига 15 та ғалабани ёзиб қўйган бўлса, "Насаф" ўз тарихида атиги 7 та баҳсда 3 очколик бўла олган. Қалдирғочлар ва Аждарлар ўртасидаги 16 та ўйинда муроса кўчаси танланган, тўплар нисбатидаги фарқ ҳам тошкентликлар фойдасига: 52 га 38.

148021.jpg

"Бунёдкор"нинг футбол оламида ўзига хос феномени бор. Улар "Қўқон-1912" ёки "Қизилқум" каби турнир жадвалининг пастки қисмидаги жамоаларга кутилмаганда ютқазиб, очко улашиши мумкин. Аммо рақиб сифатида "Насаф" майдонга чиқса, жамоада мутлақо бошқача ички куч уйғонади. Таркибда тажрибасиз ёшлар бўладими, клуб инқирозли даврни бошдан кечиряптими — бунинг фарқи йўқ. Худдики қафасдаги қалдирғочни озодликка чиқариб юборгандек, улар майдонда бошқача бир шиддат, бошқа ўйинларда учрамайдиган олов ва учқун билан ҳаракат бошлайдилар. Кўпинча "Насаф" қоғозда яққол фаворит бўлиб майдонга чиққан лаҳзаларда ҳам "Бунёдкор" бу устунликни йўққа чиқара олган.

25.10.2022. "Насаф" - "Бунёдкор" 1:1
17.04.2023. "Бунёдкор" - "Насаф" 1:1
24.09.2023. "Насаф" - "Бунёдкор" 0:1
13.05.2024. "Насаф" - "Бунёдкор" 0:0
28.09.2024. "Бунёдкор" - "Насаф" 2:2
10.05.2025. "Насаф" - "Бунёдкор" 2:2
04.10.2025. "Бунёдкор" - "Насаф" 2:2

Бу фикрлар шунчаки бадиий муболаға эмас, балки сўнгги йиллардаги реал фактлар билан исботланган. "Насаф" охирги маротаба "Бунёдкор"ни 2022 йилги мавсумда Тошкентда таслим этган (4:1). Шундан сўнг ўтган кейинги 7 та ўйиннинг 6 тасида дуранг қайд этилиб, биргина баҳсда "Бунёдкор" зафар қучган. 2022 йилнинг октябридаги 1:1 ҳисобидан бошланган бу серия, кейинги йилларда ҳам давом этди. Қаршидаги 0:1 ҳисобидаги мағлубият, 2024 йилдаги голсиз дуранг ва охирги учта учрашувда қайд этилган жанговар 2:2 натижалари Қарши клуби учун Тошкент жамоаси қанчалик ноқулай рақибга айланганини кўрсатиб турибди.

Яна бир фактор, “Насаф” бу мавсум сафар ўйинларида фақат бир маротба ғалабани ўзиники қилди. “Аждарлар”нинг меҳмондаги ягона 3 очкоси 6 март куни “Сўғдиёна” устидан қўлга киритилган. 

148022.jpg

Айни пайтдаги ҳолат эса қарама-қаршиликка янгича интрига тақдим этмоқда. Илёс Зейтуллаев бошчилигидаги "Бунёдкор" турнир жадвалида бешинчи ўринда бораётган бўлса, Рўзиқул Бердиев жамоаси кутилмаганда тўққизинчи ўринга жойлашган. Жадвалдаги бу фарқ ва "Бунёдкор"нинг ўйин услубидаги ўсиш мезбонларнинг имкониятларини янада оширади. Тарих, психологик омил ва жамоаларнинг бугунги руҳий ҳолати бир нарсадан далолат бермоқда: Илёс Зейтуллаев шогирдлари бу сафар ҳам принципиал рақибга осонликча совға тақдим этмайди ва майдонда ҳақиқий "жанг" ташкил қилиб беради.


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›