

— Саралаш ўйинлари қандай ўтди? Рақибларнинг даражаси, ўйинларнинг мураккаблиги ҳақида нима дея оласиз?
— Саралаш баҳслари кутганимиздек анча мураккаб кечди. Бангладеш, Ҳиндистон ва Сурия терма жамоаларининг салоҳиятини яхши билардик, шу боис ҳар бир учрашувга алоҳида пухта тайёргарлик кўрдик. Рақиблар даражасига тўхталадиган бўлсам, замонавий футболда эндиликда ҳеч бир жамоани аутсайдер деб бўлмайди. Бошқа гуруҳлардаги натижаларга эътибор қаратсак, баъзи грандлар, жумладан, Австралия ҳам гуруҳдан чиқа олмаганига гувоҳ бўламиз.
— Мусобақа давомида дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолдик (0 га ўйнадик). Бу ижобий кўрсаткич манбаи нимада деб ўйлайсиз?
— Менимча, бу бевосита аҳил ва жамоавий ўйин кўрсатганимиз маҳсулидир. Майдонда барчамиз бирдек ҳимояландик ва аҳилликда ҳужумга ўтдик. Интизом ҳамда бирдамлик асосий омил бўлди.
— Ушбу ёш тоифасидаги терма жамоамизнинг шаклланиш жараёнини қандай баҳолайсиз?
— Жамоа жуда яхши ва тўғри йўсинда шаклланмоқда. Муҳим омиллардан бири — ичимиздаги ажойиб муҳит. Мазмунли жамоавий ўйин кўрсатиш билан бирга, сафимизда индивидуал маҳорати юқори бўлган футболчилар ҳам жуда кўп.
— Яқинда "Бунёдкор"да мураббий ўзгарди. Сиз айнан Иван Бошкович қўл остида 4 йил олдин Суперлигада дебют қилгандингиз...
— Ҳа, бу футбол, бу ерда ҳамма нарса содир бўлиши мумкин. Тўрт йил олдин Бошкович қўл остида дебют қилганимдан сўнг, кейинги йили ҳам худди шундай ҳолат юз бериб, жамоада мураббий алмашган эди. Футболчи сифатида бизнинг вазифамиз — майдонда ўз ишимизни профессионал даражада давом эттириш.


