Азизбек Тўлқинбеков: "Ҳозирги вазиятимизда таслим бўлмай курашишдан бошқа иложимиз йўқ"

Iskandarov Abdulaziz
21 авг 2026, 12:00
"Бунёдкор" жамоасини "Қўқон-1912"га қарши кечган баҳсда (0:1) 18 ёшли Азизбек Тўлқинбеков сардорлик боғичи билан майдонга бошлаб тушди.

Учрашувдан сўнг ёш футболчининг сардорлик ҳиссиётлари борасидаги фикрлари билан қизиқдик.

— Бугун майдонга сардорлик боғичи билан тушдингиз. Бу қандай масъулият ва таассуротлар бағишлади?

— Жамоадаги ҳозирги оғир вазиятда хурсандчилик ёки таассуротлар ҳақида гапириш қийин. Сардорлик боғичи берилганидан сўнг масъулият янада ортди. Бундай оғир дамларда жамоани ортидан эргаштириш ва барчага далда бўлиш лозим. Шундай масъулиятли вазифани топширишганидан хурсандман, билдирилган ишончни оқлаш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан.

— Учрашув ҳақида нима дея оласиз?

— Таркибимизда тажрибали футболчилар бўлса-да, барибир тажриба етишмаётгани билиниб қоляпти. Шунга қарамай, бундай мураккаб ҳолатдан чиқиб кетиш учун жипслашиб ҳаракат қиляпмиз ва бунда давом этамиз.

DSC_4570.JPG

— Муаммоларнинг туб илдизи молиявий вазиятга бориб тақалмоқда, десак тўғри бўладими?

— Ҳа, тўғри.

— Биринчи бўлимдаги тезкор гол ўйин режаларига қанчалик таъсир қилди?

— Иккинчи бўлимга вазиятни ўнглаш ва ўйинни ўз фойдамизга буриш мақсадида чиққандик. "Қўқон-1912" ҳам тажрибали ва ўзига хос услубга эга жамоа. Гол ургач, ҳимояга ётиб, вақт чўзишларини билардик. Шунга қарамай, ҳисобни тенглаштириш учун охиригача ҳаракат қилдик.

— Сизнингча, жамоа бу қийин вазиятдан қандай чиқиб кетиши мумкин?

— Бу ҳолатдан чиқишнинг ягона йўли — фақат ва фақат меҳнат қилиш. Таслим бўлмасдан, майдонда бор кучни бериб охиригача курашиш керак. Ҳозирги вазиятда бошқа чора ёки вариантнинг ўзи йўқ.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia