Александр Хомяков: "2:0'дан кейин вазиятни ўнглашимизга ишонмагандим"

Оқил Абдубарноев
7 авг 2026, 11:00
Суперлига 16-туридан ўрин олган "Пахтакор" – "Бухоро" (2:2) учрашувидан кейин "Бухоро" бош мураббийи Александр Хомяков матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Ўйиндан ва натижадан қониқдим. Муҳими, нима учун бу ерга келганимизни футболчиларга уқтира олдик. Тўғриси, 2:0дан кейин вазиятни ўнглашимизга ишонмагандим. Футболчиларимизга раҳмат, улар характер кўрсата олишди. Биз ўйинни ташлаб юбормадик, жиддий рақибга қарши дуранг қайд эта олдик.

- "Пахтакор"га қарши алоҳида ёндашув бўлдими?
- Албатта, биз ҳар бир рақибдан келиб чиқиб тайёргарлик кўрамиз. Ўтказиб юборилган голларни оладиган бўлсак, ўтказмасак ҳам бўларди, лекин хатолар юзага келди. Айтиб ўтганимдек, иккита гол ўтказганимиздан сўнг ҳаммаси тугаши ҳам мумкин эди, аммо таваккалга қўл урдик. Мен ҳамма сирларни очмоқчи эмасман. Шуни айтишим мумкин, ҳар бир ўйинга ўз режамиз бўйича ҳозирлик кўрамиз. Бу ерда энг муҳими, танаффусдан кейин ўйинни ташлаб юбормаслик эди. Шундай қилдик ва охиригача ўйнадик. Жамоамиздаги ҳамма масъулиятни охиригача ҳис қилиб турибди. Захирадан тушганларнинг ўйинни кучайтиргани ҳам ёрдам берди.

- Жамоангиз сафарда "Пахтакор" билан дуранг қайд этди, лекин умумий ўйинларни оладиган бўлсак, "Бухоро" меҳмонда "Машъал" билан "Навбаҳор"ни мағлуб эта олган. Сафар учрашувларида нима етишмаяпти?
- Биз ўз имкониятларимизни жуда яхши биламиз ва шуни билган ҳолда ўз ўйинимизни намойиш этамиз. Футболда хатоларни кечириш мумкин, лекин ўйинчи ҳаракат қилмаса буни кечириб бўлмайди. Жамоамиздаги ҳамма буни яхши билади. Тўғри, кўп учрашувларда омад юз ўгирди. "Сурхон"га мағлуб бўлдик. ОКМК билан яхши ўйнаб ютқаздик. Турли сабабларга кўра, ютқазяпмиз. Аниқ сабабини билмайман. "Бухоро" учинчи ўринда ва буни кўпчилик яхши деб қабул қиляпти. Шунга қарамай, қўлни туширмаймиз, ҳар бир баҳс биз учун муҳим. Клублардаги молиявий ҳолатни зўр деб бўлмайди, шундан келиб чиқиб юқори ўринни сақлаб қолиш биз учун ўта муҳим саналади.

- Мавсум охиригача учинчи ўринни сақлаб қолиш учун жамоанинг кучи етадими?
- Мен йил бошидаёқ мақсадимиз ҳар бир ўйинда бор кучни ишга солиш деб айтганман. Ҳозир ҳам шу фикрдаман, ўйинчиларимиз майдонда борларини беришини хоҳлайман. Биз учун ҳозирча келажак йўқ, биз учун фақат бугун бор. Агар ҳозирги ўрнимизни чемпионат охиригача сақлаб қолсак яхши бўларди. Лекин мен учинчи ўрин учун курашамиз деб баралла гапирмайман. Бу катта гапириш бўлади. Айтиб ўтганимдек, ҳозирги кун билан яшаяпмиз. Ўйинни ўтказдикми, бироз дам олиб кейинги баҳсга ҳозирлик кўрамиз. Аввалги хизматлар биз учун роль ўйнамайди, бугунги ўйинни ўйлашимиз керак.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia