"Биз ҳам муаммонинг сабабини қидиряпмиз" – Камолиддин Тожиев қўлдан чиқарилган ғалаба ва футболчиларнинг хатолари ҳақида

Оқил Абдубарноев
7 авг 2026, 11:44
"Пахтакор" бош мураббийи Камолиддин Тожиев Суперлиганинг 16-тури доирасида "Бухоро"га қарши ўйиндан кейин (2:2) матбуот анжмунида иштирок этди.

– Ўйин ҳақида фикрингиз?

– Биринчи бўлимни ўзингиз кўрдингиз, яхши ўйин бўлди. Иккинчи бўлимда эса бироз хотиржамликка берилдик. Курашиш керак бўлган вазиятларда охиригача курашмадик, очиғи, нима бўлаётганини ўзим ҳам тушунмадим. Шунча вазиятлар яратилди, лекин яна гол ура олмадик. Кутилмаган жойдан гол ўтказиб юбордик ва шундан сўнг натижа ҳам ўзгариб кетди. Аслида, ўйин охиригача ҳаракат қилиш керак эди. 2:0 ҳисобида ғалаба қозонаётган эдик, хотиржамликка берилиб, охиригача югурмаслик оқибатида шундай натижа юзага келди. Буни, албатта, кўриб чиқиб, таҳлил қиламиз.

– Фламарион захирадан тушгач, худди рақиб учун ўйнагандек кўринди, унинг аксар тўп узатишлари фақат рақибга етиб борди.

– Захирадан тушганларнинг ҳаммаси жамоага ёрдам бергиси келди. Фламарионда жароҳат бор эди, бунинг таъсири ҳали кетгани йўқ.

– "Пахтакор" "олтин" таркибга эга, Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоаси ўйинчилари бор, захирадагилар ҳам кучли. Лекин ўйинга келганда доим бир хил хато кузатиляпти. Айниқса охирги ўн дақиқада жамоа жуда бўш ўйнаяпти. Жамоангиз 2:0дан кейин 4:0 қилиши керак бўлган бир пайтда баҳс 2:2 билан тугаяпти. Муаммо нимада?

– Ҳа, биз ҳам шу муаммонинг сабабини қидиряпмиз. Яхши ўйнаб турамиз, аммо алмаштиришларни амалга оширишни бошлашимиз билан ўйин темпи ўзгариб кетяпти. Балки кимдир қандайдир ҳолатдан норозидир, бунисини билмадим. Лекин майдонда охиригача ишлаш керак. Тўғри таъкидладингиз, таркибимиз "олтин". Кийим алмаштириш хонасида ҳамма "охиригача ўйнаймиз", деб гапиради. Бироқ буни майдонда ҳам кўрсатиш талаб этилади. Охиригача курашиб, ҳисобни ушлаб қолиш лозим эди.

– "Пахтакор"нинг ўйин услуби ҳақида гапирсак. Олдинлари ўйин қовушмаса ҳам, жамоа қандайдир йўл билан натижа қила оларди. Ҳозирги кунда эса бундай эмас. Қийин вазиятлардан чиқиб кетиш ўрнига, футболчилар қўрқиб ўйнаётгандек таассурот қолдирмоқда. Вазиятлар, ҳужумлар яратиляпти, лекин якун йўқ. Рақиб жамоалар олдинлари "Пахтакор"дан ҳайиқиб турарди. Бу борада нима дея оласиз?

– Тўғри, вазиятлар яратилмоқда. Биз улардан фойдаланиб, гол уришимиз керак эди. Кўп имкониятлар бўлди, агар ўша вазиятларни голга айлантирганимизда ҳисоб 4:0 бўлиши ҳам мумкин эди. Лекин биз гол ура олмаяпмиз. Асосий сабаб – якуний зарбалардаги концентрациянинг етишмаслиги.

– Балки мураббий ўз услуб ва ғояларини ўзгартириб кўрар. Ўтган мавсум аввалида ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлганди: жамоа юлдузли таркибга эга, мураббий Педру Моррейра эса ишини қойиллата олмади. Сиз эса ўтган мавсум барчасини ўзгартиргандингиз, аммо бир йил ичида рақиблар "Пахтакор"га қарши қандай ўйнашни ўзлаштирди. Бугун стадиондаги мухлислар ҳам ўз норозилигини ошкора билдиришди.

– Вазиятлар яратиляпти-ку, азиятлар бўлмаганда ҳам майли эди. Бир-иккита эмас, олти-еттита вазият яратяпмиз, фақат уларни голга айлантириш керак. Комбинациялар орқали гол ўтказиб юборганимизда бошқа гап эди, аммо йўқ жойдан тушунарсиз ҳолатда гол ўтказиб юборяпмиз.

– Ҳожиакбар Алижонов бош мураббий билан зиддиятга бориб қолгани ҳақида гаплар юрибди, шу ростми? Нега у бугунги ўйинда кўриниш бермади?

– Йўқ, ўртада ҳеч қандай зиддият йўқ. Ҳожиакбар жароҳат олган, болдирига иккита укол қилинди. Индиндан бошлаб умумий машғулотларга қўшилади. Ҳали майдонга чиқиб машғулот ўтказгани йўқ.

– Балки ўйиннинг сўнгги дақиқаларида 4 ёки 5 ҳимоячили тизимга ўтиш керакмиди?

– Ҳа, охири шундай тактикага ўтишимиз керак эди, деб ўйлаб қолдим. Буни албатта кўриб чиқамиз.

– Суперлига баҳслари ўз йўлига, лекин яқинда Осиё Чемпионлар Лигаси бошланяпти. "Ал-Ҳусайн" жамоасига қарши ўйин олдидан хавотирлар борми? Бугунги натижадан кейин жамоанинг кайфияти қандай?

– Худо хоҳласа, бу ўйинга умуман бошқача кайфият билан тайёрланамиз. Йигитлар ҳам масъулиятни яхши тушуниб туришибди. Натижа яхши бўлади, деб умид қиламан. Халқаро ўйинларга тайёргарлик ва муносабат бутунлай бошқача бўлади.

– "Пахтакор" шу пайтгача 4 та ҳужумчи сотиб олди, лекин голларнинг аксариятини ҳамон ярим ҳимоячилар урмоқда. Айман Ҳусайн кўп маош олувчи футболчилардан бири, лекин у ҳамма клубда кутилган ўйинни кўрсата олмаган.

– Сергеевнинг шартнома муддати тугаган эди ва у ўз хоҳиши билан бошқа клубга ўтишга қарор қилди. Биз уни жамоада олиб қолишга ҳаракат қилдик, лекин уддалай олмадик. Пётр масаласига келсак, унда ҳам вазиятлардан фойдалана олмаслик ҳолатлари бўлди, натижада жамоани тарк этди. Айман Ҳусайнга келсак, ҳозир асосий умидимиз ундан.

– Унинг жамоада энг кўп маош олувчи футболчи эканлиги ростми?

– Бу ҳақда маълумотга эга эмасман.

– Яна битта трансфер режалаштириляптими?

– Ҳа, бор. Битта трансфер устида иш олиб борилмоқда. Эрта-индин бу масала аниқ бўлиб қолиши керак.

– Игор Сергеевни ортга қайтариш режаси бўлмадими?

– Бу масалада гаплашдик, бироқ унинг ҳозирги клуби бунга рухсат бермади.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia