

Суриялик мутахассис ўйинолди матбуот анжуманида Қарши клубининг жисмоний ва тактик жиҳатдан кучли эканини таъкидлаб, шогирдларидан фақат ғалаба кутаётганини билдирди.
"Ҳар икки жамоа ҳам ғалаба қозониш мақсадида майдонга тушади. "Насаф" кейинги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб қолиш учун сўнгги имкониятидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Биз эса ғалаба қозониб, плей-офф босқичига чиқиш имкониятимизни мустаҳкамламоқчимиз.
Биз учун ғалабадан бошқа натижа йўқ. Кейинги босқичга чиқишни таъминлаш учун ижобий натижа жуда муҳим. Ўйинга тайёрмиз ва футболчиларимизга ишончимиз катта", – деди ал-Хатиб.
Шунингдек, "Ал Кувайт" устози "Насаф"нинг ўйин услубига ҳам тўхталиб ўтди.
"Насаф" жисмоний ва тактик жиҳатдан яхши тайёргарликка эга жамоа. Улар майдонда бир бутун бўлиб ҳаракат қилади. Аввалги учрашувда ҳимоячиларимиз ортига узатилган тўплар бизга қийинчилик туғдирди. Ҳозир мураббийлар штабимиз ўша ўйиндаги хатоларни тўғрилаш устида ишламоқда. Шунингдек, стандарт вазиятларга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз", – деди мутахассис.
Фирас ал-Хатиб жамоасидаги кадрлар муаммоси ҳақида ҳам маълумот берди.
Унга кўра, Меҳди Барҳама сариқ карточкалари сони кўпайиб кетгани сабабли "Насаф"га қарши учрашувни ўтказиб юборади. Шунингдек, Мишари Ғаннам ва Муҳсин Фаллоҳ жароҳатлари туфайли майдонга туша олмайди.
"Барча футболчиларимизга ишонаман. Сафда бўлмаган ўйинчиларнинг ўрнини муносиб тўлдира оладиган футболчиларимиз бор", – деди ал-Хатиб.
Маълумот учун, "Ал Кувайт" ва "Насаф" ўртасидаги Осиё Чемпионлар лигаси-2 гуруҳ босқичи 4-тур учрашуви 4 ноябрь куни Қувайтда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жамоалар ўртасида 28 октябрь куни Қаршида ўтказилган 3-тур баҳсида "Ал Кувайт" 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.



