"Ал Кувайт" "Насаф"га қарши ўйинда таркибни ўзгартирмасликни режалаштирмоқда. Жамоада йўқотиш бор

Оқил Абдубарноев
3 ноя 2026, 12:28
Кувайтнинг "Ал Кувайт" клуби Осиё Чемпионлар лигаси-2 гуруҳ босқичи 4-туридан ўрин олган "Насаф"га қарши учрашувга тайёргарликни якунламоқда.

Кувайт матбуоти хабар беришича, жамоа бош мураббийи Фирас ал-Хатиб мазкур баҳсга жиддий аҳамият қаратмоқда. "Ал Кувайт" ғалаба қозониб, плей-офф босқичига чиқиш имкониятини мустаҳкамлашни мақсад қилган.

Айни пайтда "Ал Кувайт" 6 очко билан "А" гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. БААнинг "Ал Ваҳда" клуби 9 очко билан пешқадамлик қилмоқда. "Насаф" ва Баҳрайннинг "Ал Холидия" жамоалари эса бир очкодан жамғарган.

Агар "Ал Кувайт" навбатдаги учрашувда "Насаф"ни, "Ал Ваҳда" эса "Ал Холидия"ни мағлуб этса, Қувайт ва БАА клублари гуруҳдан чиқиш масаласини муддатидан аввал ҳал қилади.

Қайд этилишича, "Ал Кувайт" мураббийлар штаби "Насаф"га қарши учрашувда ҳам одатдаги ҳужумкор ўйин услубини сақлаб қолмоқчи. Жамоа марказ ва қанотлар орқали ҳужум уюштиришга эътибор қаратади.

Шунингдек, Фирас ал Хатиб Қаршидаги учрашувда майдонга тушган асосий таркибни ўзгартирмасликни режалаштирмоқда. Бироқ ярим ҳимоячи Ал Маҳди Барҳама дисквалификация сабабли навбатдаги баҳсда иштирок эта олмайди. Қолган футболчилар сафда экани маълум қилинган.

"Насаф" делегацияси эса 2 ноябрь куни Кувайтга етиб борган. Қарши клуби вакилларини аэропортда "Ал Кувайт" раҳбарияти ҳамда жамоанинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходимлари кутиб олган.

Рўзиқул Бердиев шогирдлари 2 ноябрь куни Кувайтдаги илк машғулотини ўтказди. Жамоа бугун "Ас Сулайбихот" клубига қарашли "Жобир ал Муборак" стадионида ўйинолди сўнгги машғулотини ўтказади.

Шунингдек, бугун маҳаллий вақт билан соат 17:00 да "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва жамоа футболчиларидан бири иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтади. Соат 17:30 да эса "Ал Кувайт" бош мураббийи Фирас ал Хатиб ва жамоа футболчиларидан бири ОАВ вакилларининг саволларига жавоб беради.

Маълумот учун, "Ал Кувайт" ва "Насаф" ўртасидаги Осиё Чемпионлар лигаси-2 гуруҳ босқичи 4-тур учрашуви 4 ноябрь, чоршанба куни бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу жамоалар ўртасида 28 октябрь куни Қаршида ўтказилган 3-тур баҳсида "Ал Кувайт" 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Aljarida