

Аввалроқ таниқли инсайдер Фабрицио Романо Осиё кубоги-2027 мусобақасининг ўтказилиш муддати ўзгартирилганидан сўнг италиялик мутахассис Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигидан кетиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди.
Мазкур маълумотлар ортидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий баёнот билан чиқди.
"Сўнгги соатларда айрим хорижий манбаларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Осиё кубоги-2027 мусобақаси муддатининг ўзгартирилиши ортидан ўз лавозимини тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилади.
Оммавий ахборот воситалари ва футбол мухлисларидан тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликни ҳамда расмий хабарларга таянишни сўраймиз", – дейилади ЎФА баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Осиё футбол конфедерацияси 3 ноябрь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Осиё кубоги муддати ўзгартирилганини расман маълум қилди.
Янги тақвимга кўра, мусобақа 2027 йил 23 декабрдан 2028 йил 21 январга қадар ўтказилиши режалаштирилган.


