Фабио Каннаваро Ўзбекистон миллий терма жамоасини тарк этиши мумкин

Оқил Абдубарноев
3 ноя 2026, 20:26
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ўз лавозимини тарк этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.

Хабарларга кўра, италиялик мутахассиснинг бундай қарорга келишига Осиё футбол конфедерацияси томонидан 2027 йилги Осиё кубоги муддатининг ўзгартирилиши сабаб бўлиши мумкин.

ОФК 3 ноябрь куни Саудия Арабистонида ўтказиладиган қитъа чемпионати бошқа муддатга кўчирилганини расман эълон қилди.

Дастлаб мусобақа 2027 йилнинг 7 январидан 5 февралига қадар бўлиб ўтиши режалаштирилганди. Янги тақвимга кўра, Осиё кубоги 2027 йил 23 декабрдан 2028 йил 21 январга қадар ўтказилади. Янги саналар ФИФА томонидан тасдиқланиши керак.

Ушбу ўзгариш Каннаваронинг Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги келажагига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки мутахассиснинг амалдаги шартномаси 2027 йил октябрь ойига қадар мўлжалланган, Осиё кубоги эса энди мазкур муддатдан кейин бўлиб ўтади.

Шу сабабли италиялик мураббий терма жамоадаги фаолиятини давом эттириш ёки лавозимини тарк этиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ҳозирча Каннаваронинг истеъфога чиқиш ҳақида якуний қарор қабул қилгани тўғрисида расмий маълумот йўқ. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам бу борада муносабат билдирмаган.

Эслатиб ўтамиз, Фабио Каннаваро 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган. У 2026 йилги жаҳон чемпионатида миллий жамоани бошқарган.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Фабрицио Романо

Сўнгги янгиликлар

Барча ›