Фирас Ал Хатиб: "Бугун футболчиларимиз 200 фоиз куч билан ўйнашди"

Aslanov Jasurbek
28 окт 2026, 23:37
ОЧЛ 2 гуруҳ босқичидан ўрин олган "Насаф" – "Ал Қувайт" учрашувидан сўнг "Ал Қувайт" бош мураббийи Фирас Ал Хатиб матбуот анжуманида иштирок этди.

P.S. Матбуот анжуманидан аввал қувайтликлар бош мураббийининг телефони жиринглаб қолди ва қизчанинг овози эшитилди: "Дада, ғалаба муборак, табриклайман". Мураббий кулди ва шундай деди: "Бу - қизим, менинг беш нафар қизим бор".

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Биринчи навбатда ғалаба қозонганимиз учун Яратганга шукур айтаман. Алҳамдулиллаҳ, қийин баҳсни ўтказиб олдик. "Насаф"га қарши баҳс жуда оғир кечишини билардик. Бугун футболчиларимиз 200 фоиз куч билан ўйнашди. Майдонга тушган ҳамма катта куч ва юқори хоҳиш билан ҳаракат қилди. Бунинг учун мураббийларимиз штабига ҳам алоҳида раҳмат, шунингдек биз билан келган барчага раҳмат.

- Футболда тажриба қатори омад ҳам муҳим роль ўйнайди. Бугун кўпроқ омад келди деб ҳисоблайсизми?
- Омадни ҳам Оллоҳ беради. Кўпроқ меҳнат қилганга омад ҳам кулиб боқади дейишади. Ўйлашимча, биз бу ўйинга жуда яхши ҳозирлик кўрдик. "Насаф"ни яхшилаб ўрганиб чиққандик. Биринчи таймда икки-учта гол уришимиз мумкин эди, лекин вазиятлардан фойдалана олмадик. Иккинчи таймда ҳам қулай имкониятни бой бердик. "Насаф" ҳам бизга жиддий қаршилик қилди, бироқ охиригача туриб бера олдик.

- Жамоангиз ФИФА кунларидан сўнг тўртта ўйин ўтказиб йирик ҳисоблар қайд этди. Умуман "Ал Қувайт" "Насаф" билан ўйинга қандай тарзда етиб келди?
- Таркибимизда 23 нафар футболчи бор ва охирги учта учрашувда уларнинг ҳаммаси майдонга тушди. Биз тез-тез ротацияга қўл уряпмиз, жароҳат сабаб футболчилар сафдан чиқяпти, ўрнига бошқалар ўйнаяпти. Баъзи ўйинчиларга дам бериб бугунги ўйинга сақладик. Энг муҳими, футболчиларнинг тикланиши, улар тайёр бўлса, ўйинга қўйиш осон кечади. Шуни айтишим мумкин, бизнинг футболчилар профессионал. Биз ҳар бир ўйинда футболчилардан энг яхшисини талаб қиламиз.

- "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг Осиёдаги нуфузини мутахассис сифатида қандай баҳолайсиз?
- Мен "Насаф"ни ҳам, жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиевни ҳам ҳурмат қиламан. Чунки "Насаф" тизимли футбол намойиш этади. Табиийки тизимли футболни йўлга қўйиш мураббийга боғлиқ бўлади.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia