33 ёшли мураббий, Суперлиганинг энг ақлли футболчиси, ҳар бир ўйинда 3та гол! "Нефтчи" қандай қилиб тезда мавсум фаворитига айланди?

Narzulla Saydullayev
24 мар 2026
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони мавсумни қандай бошлади?

ЭНГ СОВУҚҚОН АМАЛДАГИ ЧЕМПИОН: “НЕФТЧИ”

Ўтган мавсумда фарғоналиклар узоқ кутилган чемпионликни қўлга киритгач, барча нигоҳлар Виталий Левченкога қаратилди. У титулни қўлга киритганига қарамай, вақти-вақти билан ўзбек ОАВ танқидларига учраб турди. Куз фаслидан бошлаб эса унинг ўрнини ёш ва амбицияли мураббий Ислом Исмоилов эгаллаши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади.

Исмоилов ёшлар билан муваффақиятли ишлаган. Бироқ у илк бор катталар жамоаси, устига-устак амалдаги чемпион мақомидаги профессионал футболчилар билан ишлаши керак эди. Мавсум бошланишидан аввал ҳам футбол жамоатчилиги икки қарама-қарши фикрга бўлинди: кимдир унга омад тилади, бошқалар эса унинг тез орада истеъфога чиқарилишини тахмин қилди. Бунга сабаб — мураббийнинг Суперлига даражасида тажрибасининг камлиги ва ёшлиги эди.

Солиштириб кўрамиз: Исмоилов 33 ёшда. Таққослаш учун, Акбар Тўраев ва Фаррух Сайфиев ундан катта, Йован Жокич эса тенгдош, яна камида ўн нафар футболчи ёш жиҳатидан унга яқин. Исмоиловга билдирилган ишончда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров муҳим роль ўйнади. У клубни молиялаштиришда фаол кўмак бериб келмоқда ҳамда сўнгги 3 мавсум давомида жамоанинг шаклланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Бозоров ҳам Исмоиловга катта эътибор қаратилишини яхши англар эди ва шу сабаб “Нефтчи” мураббийлар штабига сифатли мутахассислар жалб қилинди.

Ҳанс-Юрген Гёде — Гельзенкирхенда туғилган мутахассис, ўзбек футбол мухлисларига яхши таниш. 2005 йилда у Ўзбекистон миллий терма жамоасида маслаҳатчи мураббий сифатида ишлаган, кейинчалик эса жамоани 3та ўйинда бошқарган. Айнан унинг келиши Исмоилов ишига катта ёрдам бермоқда ва мураббийлар штабига катта тажрибага эга бўлган мутахассис қўшилди.

Факундо Стик — Аргентиналик мураббий, Мальта чемпионатида фаолият юритган. У фаолиятини видеотаҳлилчи сифатида бошлаган, кейинчалик мамлакат ёшлар (U18) терма жамоаси бош мураббийигача кўтарилган. Шундан сўнг у “Панатинаикос” клубида Диего Алонсо штабида таҳлилчи сифатида ишлаган.

Антонио Сариоглу — яна бир аргентиналик мутахассис, Гёде каби ўзбек футболида тажрибага эга. У Эктор Купер даврида Ўзбекистон терма жамоасида жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий бўлиб ишлаган. Сариоглу ўзи таъкидлаганидек, “Нефтчи”га келишдан олдин айнан Купер билан маслаҳатлашган.

Виталий Галат — молдовалик мутахассис, тажрибали дарвозабонлар мураббийи ҳисобланади. У Қозоғистон чемпионатида тўрт карра чемпион бўлган, шунингдек Молдова ва Украина клубларида ҳам фаолият юритган.

КЕЛИНГ, ИСМОИЛОВГА ҚАЙТАМИЗ. У ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЧЕМПИОН ЖАМОАНИНГ БОШ МУРАББИЙИГА АЙЛАНДИ?

Аввало, Исмоилов мураббийлик фаолиятини жуда муваффақиятли бошлаган. У ёшлигидаёқ “Пахтакор” академиясида ишлаган, бунга қисман отаси Мурод Исмоилов ҳам сабаб бўлган. Бироқ бу ерда асосий омил қариндошлик эмас, балки у билан ишлаган мутахассислар эди.

Ўша даврда у Станислав Кудряшов ва Рустам Қурбонбоевга ёрдамчи бўлган — ёшлар билан ишлашда таниқли мутахассислар. Айнан уларнинг ёш тоифаларида кўплаб истеъдодли футболчилар етишиб чиққан, уларнинг аксарияти бугунги кунда Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп сурмоқда. Исмоиловнинг ўзи ҳам дастлабки интервьюларида: “Мен Кудряшовдан жуда кўп нарсани ўргандим”, — дея таъкидлаган.

Кейинчалик у Фарғона водийси клубларда ишлай бошлади: “Ёзёвон Лочинлари”, “Ифтихор” ҳамда “Фаровон”. Бу жамоалар ўзбек футболида катта из қолдирмаган ва асосан ўзбек футбол пирамидасининг қуйи лигаларида ҳаракат қилган. Бироқ айнан шу ерда Исмоилов мураббий сифатида илк мустақил фаолиятини бошлади.

2019 йилда у Яйпаннинг “Турон” клубини қабул қилиб олди — цемент савдоси билан шуғулланувчи маҳаллий тадбиркорга тегишли хусусий жамоа. Маълум бир даврда бу клубни Россиянинг “Краснодар” жамоаси билан кўплаб ўхшатишди: кичик, аммо шинам стадион қурилди, база яратилди, клуб катта маблағларга эга бўлмаган бўлса-да, маош бўйича қарздорликлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида деярли эшитилмаган.

Исмоилов “Турон”ни қисқа вақт ичида Ўзбекистон Суперлигасига олиб чиқиб, жамоани “нейтрал мухлисларнинг севимлиси”га айлантирди. Тўғри, олий дивизионда мустаҳкам ўрнашиб қолишнинг уддасидан чиқилмади. Эҳтимол, бунга трансфер сиёсатидаги тажриба етишмаслиги сабаб бўлгандир. Жамоа таркиби кучайтирилди, аммо бу Суперлигада жон сақлаб қолиш учун етарли эмас эди.

Шунга қарамай, Исмоилов аллақачон эътиборга тушиб, янги авлод ёш ва иқтидорли мураббийлар қаторига киритилди. Аммо фаолиятида айрим ноқулай ҳолатлар ҳам учраб турди.

12:1 ФАРҚ БИЛАН ФЕНОМЕНАЛ СТАРТ

Таъкидлаш жоизки, “Нефтчи” Ўзбекистон Суперлигасида феноменал старт қайд этди. Дастлабки тўрт турда 4та ғалаба қўлга киритилиб, тўплар нисбати 12:1 бўлди. Энг қизиғи, ҳар бир ўйинда фарғоналиклар 3 тадан гол урди! Бу — лига тарихидаги энг яхши стартлар орасида бешинчи натижа.

Ҳа, эҳтимол тақвим фарғоналиклар учун энг мураккаб бўлмаган. Дастлабки икки турда “Машъал” ва “Сурхон” 3:0 ҳисобида мағлуб этилди. Ҳар икки ўйинда ҳам жамоа дарвозага 7 мартадан аниқ зарба йўллади. Аммо 3-турда бу тенденция анча кучли ва тажрибали таркибга эга “Андижон”га қарши ҳам давом этди. Жамоани Самвел Бабаян бошқаради — лига даражасидаги энг самарали менежерлардан бири. 3:0 ҳисобидаги йирик ғалаба (xG — 1.86) Исмоилов ва унинг жамоасининг жиддий амбицияларини яна бир бор тасдиқлади.

Бундан ташқари, дастлабки 3 турда “Нефтчи” ўз дарвозаси томон атиги 3 та аниқ зарбага йўл қўйди!

Дастлабки 3 тур: дарвозасига йўл қўйилган аниқ зарбалар (ТOП-5)

"Нефтчи": 3

"Пахтакор": 6

"Навбаҳор": 6

"Андижон": 8

OКМК: 8

ТАРИХДАГИ ИЛК СУПЕРКУБОК ВА РОТАЦИЯ

“Нефтчи” учун асосий синов “Пахтакор”га қарши Суперкубок баҳси бўлди. Олдинги мавсумларда фарғоналиклар “шерлар”га қарши қийналиб келган, ҳатто чемпионлик мавсумида ҳам. Аммо бу сафар тақдирни қишда “Динамо”дан келган бразилиялик Ратиньо ҳал қилди.

Учрашув бошида “Пахтакор”да бир нечта имкониятлар бўлди, бироқ 17-дақиқада Ратиньо қайтган тўпни дарвозага йўллаб, ягона гол муаллифига айланди ва клуб тарихидаги илк Суперкубокни олиб берди.

Қизиғи шундаки, ўтган мавсум рамзий терма жамоага кирган бу легионер Суперкубокгача бўлган 3 турда атиги 33 дақиқа ўйнади. Суперкубокдан кейин эса 4-турда 24 дақиқа майдонга тушиб, голга ассист берди. Бу Исмоилов қўллаётган тизимли ротацияни кўрсатади. “Нефтчи”да шундай кенг ва сифатли захира бор-ки, ундаги кўплаб футболчилар бошқа клубларда бемалол асосий таркибда ўйнаши мумкин. Натижалар эса 33 ёшли мураббийнинг фойдасига ишламоқда — у нафақат кийиниш хонасида обрў қозонган, балки ротацияни ҳам жамоа муҳитига зарар етказмасдан олиб бормоқда.

ЖАМШИД ИСКАНДЕРОВ — Х-ФАКТОР

Искандеров бугунги кунда ўзбек футболидаги энг ақлли футболчилардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Ўтган мавсумда у индивидуал мукофотларда етарлича эътибор олмади — фақат рамзий терма жамоага киритилди. Ваҳоланки, барча статистик кўрсаткичларга кўра у чемпионлик мавсумида ТOП-3 футболчилар қаторида эди.

2026 йилги мавсумни у ишончли бошлади: гол+пас тизимида (1+3) иккинчи ўринда, фақат жамоадоши Стипе Перицадан (4+0) ортда. Калит паслар бўйича лига етакчиси (3-ўринда яна бир фарғоналик — Йовович), xA кўрсаткичида ҳам юқори натижалар қайд этган. Искандеров Исмоиловнинг 4-3-3 схемаси ва юқори прессингига тез мослашди, унинг ўйин услуби ҳатто Лука Модричга ўхшатилмоқда.

4-турда “Локомотив”га қарши ўйинда Исломбек Исмоилов Искандеров, Перица ва Сайфиевни захирада қолдирди. Ўйин бошида Иброҳимхалил Йўлдошев чиройли гол урди, аммо “темирйўлчилар” босимни ошириб, 36-дақиқада пенальти орқали “Нефтчи” дарвозасини ишғол қилди — бу жамоанинг мавсумдаги илк ўтказиб юборган голи бўлди.

Танафсусда Исмоилов бирданига учта ўзгариш қилди: Ғиёсов, Йовович ва Марушич майдонни тарк этди, уларнинг ўрнига Одилов ҳамда Искандеров–Перица жуфтлиги туширилди. Иккинчи бўлимда “Нефтчи” ўйинни тўлиқ ўз қўлига олди: тўп назорати, зарбалар, бурчак тўплари — ҳаммаси мезбонлар фойдасига. Натижа: Перица Искандеров пасидан кейин гол урди, Одилов эса Ратиньо ассистидан фарқни оширди — 3:1.

“НЕФТЧИ” ГЕГЕМОН БЎЛАДИМИ?

ФИФА танафсусидан сўнг “Нефтчи”ни апрелда 6 та турли даражадаги ўйин кутмоқда — улар орасида “Пахтакор” ва ҳозирги қийинчиликларга қарамай доимий рақобатчи бўлиб қолаётган “Насаф” ҳам бор.

Ҳозирча гегемонлик ҳақида гапиришга эрта. Аммо “Нефтчи” аллақачон ҳимоя чизиғини кучайтириш устида ишламоқда. Хабарларга кўра, клуб Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Рустам Ашурматовга таклиф билан чиққан. Фарғоналикларда кенг ва сифатли таркиб, тажрибали мураббийлар штаби ва кучли раҳбарият қўллови бор. Лекин ўзбек футболи тарихида катта бюджет ҳар доим ҳам чемпионлик кафолати бўлмаган.

Шунга қарамай, ҳозирданоқ бир нарса аниқ: “Нефтчи” рақобатчилар учун жуда баланд “планка” ўрнатди. Финишда нима бўлади? Мавсум якунида кўрамиз.

Магазинчи Ғайбулла ёзди


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia