"Нефтчи" — "Пахтакор": Равшан Эрматов қанот ҳаками бўлган, 9 та гол урилган тарихий оқшомни ёдга оламиз

Iskandarov Abdulaziz
29 авг 2026, 15:53
Ушбу жамоаларнинг ўзаро тўқнашувлар тарихида кўплаб эсда қоларли ўйинлар бўлган, аммо улардан бири сермаҳсуллик бўйича ҳанузгача ажралиб турибди.

Янги давр бошида

21-аср бошлари. "Дўстлик" ва МҲСК каби 90-йиллар охирларида тобланган клубларнинг шаъни сўниб, ўзбек футболида бутунлай янги саҳифа очилаётган, ислоҳотлар шиддат олган даврлар... Эврилишлар шамоли майдонда ҳам, унинг ортида ҳам турли шиддатли қарама-қаршиликлар-у интригаларни эргаштириб келди. Лекин замон ва раҳбарлар ўзгарса-да, ўзбек футболининг икки гиганти ўртасидаги азалий баҳс ва уларнинг ички чемпионатдаги мавқеи заррача ўзгармади.

"Пахтакор" бу пайтга келиб молиявий жиҳатдан беқиёс қудратга тўлиб, мамлакатнинг энг сара, энг иқтидорли футболчиларини битта байроқ остида жамлади. Намангандан Анвар Солиев ва майдонни кўра оладиган Сервер Жепаров, тезкор Леонид Кошелев, Фарғонадан маҳоратли Темур Кападзе, “Академия”дан Зайниддин Тожиев, шўх ва шижоатли ёш Александр Гейнрих ҳамда ҳимояда мустаҳкам қалъадек турган туркманистонлик легионер Гочкули Гочкулиев... Хуллас, рақибларига шафқат қилмайдиган ҳақиқий "енгилмас армада" шаклланди. Мураббийлар Виктор Жалилов ва Тачмурод Агамуродов (айниқса, Агамуродов) жамоа ўйинига Европача тартиб ва замонавий тактикаларни олиб киришди. "Шерлар"нинг ўша мавсумда Осиёнинг энг кучли клубларидан бирига айланиб, қитъани ларзага солгани бежиз эмасди.

6e634733-99fd-4369-848f-18cfde47361d.png

Аммо Фарғонада ҳам таслим бўлишни хаёлига келтирмаган, ўз қадрини баланд тутадиган буюк "машина" бор эди. "Нефтчи" устози, тажрибали ва айёр стратег Юрий Саркисян номдор юлдузлар соясида қолиб кетмаган, ғалабага ташна янги номларни кашф этишда давом этарди, Мансур Саидов улардан бири эди. Сергей Лебедев, Акмал Холматов, Анвар Бердиев, Умид Исақов ва Муҳтор Қурбонов... Бу йигитлар балки ўша пайтда миллий терма жамоанинг асосий таркибида доимий ўрин олишмагандир, лекин майдонга тушганда юрагини бериб ўйнайдиган, ички чемпионатнинг ҳақиқий номлари ва ўз спорт формасининг энг юқори чўққисидаги маҳорат эгалари эди.

2fcafb0d-fcef-4faa-b87c-660558e44089.png

Шу тариқа, бир томонда Осиёни забт этишга шайланган пойтахт гиганти, иккинчи томонда эса ўз шаъни ва анъаналари учун охиригача курашадиган Фарғона мағрурлиги тўқнаш келиш арафасида эди...

Финалгача бўлган йўл

Мусобақанинг 1/16 финал босқичида "Пахтакор" Муборакнинг "Машъал" клубидан ўтган (2:1) бўлса, "Нефтчи" Чирчиқнинг "Кимёгар" жамоасини тор-мор этди (6:1).

1/8 финалда фарғоналикларга нисбатан енгилроқ рақиб дуч келди, "шерлар" эса "Дўстлик" тўсиғидан анча қийинчилик билан ўтишди:

"Нефтчи" — "Оҳангарон": 5:1, 8:0

"Пахтакор" — "Дўстлик": 3:1, 2:2

Чорак финалда фарғоналиклар "Зарафшон"ни икки ўйин натижасига кўра 2:1 ҳисобида таслим этишди. "Пахтакор" — "Академия" қарама-қаршилигида эса тошкентликларга техник ғалаба ёзилди.

Ярим финалга келиб мамлакатнинг энг кучли тўрт клуби тўқнаш келди: ОЧЛда ярим финалгача етиб борган "Насаф", "Пахтакор", "Нефтчи" ва "Қизилқум". Навоийликлар Юрий Саркисян шогирдларига жиддий қаршилик кўрсатишди, бироқ якунда "Нефтчи" умумий 3:2 ҳисобида финалга йўл олди. "Пахтакор" эса "Насаф"ни ортиқча қийинчиликсиз таслим этди (3:0, 5:1).

photo_2026-08-29_15-48-40.jpg

Драма ва 9 та гол урилган финал

Ҳал қилувчи баҳсни бошқариш тажрибали ҳакам Рустам Саидовга топширилди. Эътиборли жиҳати, бугунги кунда ЎФА биринчи вице-президенти сифатида фаолият юритаётган Равшан Эрматов ўша куни қанотда ишлаган эди.

Мухлислар дастлабки 3 дақиқанинг ўзидаёқ 2 та голга гувоҳ бўлишди. Александр Гейнрихнинг бурчакдан узатган тўпини Гочкули Гочкулиев дарвозага жойлаб ҳисобни очган бўлса, орадан бир дақиқа ўтиб Сергей Лебедев ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Бу ўйин Лебедев фаолиятидаги энг омадсиз беллашув сифатида муҳрланди, чунки у қўшимча бўлимларнинг 110-дақиқасида ҳам автогол муаллифига айланди.

Учрашувнинг асосий вақти кескин курашлар остида кечди. 14-дақиқада Игнатий Нестеров қайтарган тўпни Сергей Ни дарвозага жойлади. Иккинчи бўлимда Муҳтор Қурбонов жарима зарбасини қойилмақом ижро этиб, ҳисобни тенглаштирган бўлса, 90+2-дақиқада Акмал Холматов мувозанатни тиклаб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди — 3:3.

Бироқ экстра-таймларда "Пахтакор" устунликни тўлиқ ўз қўлига олди. Юқорида таъкидланганидек, Лебедевнинг автоголидан сўнг, 115-дақиқада Гочкулиев пенальтини аниқ амалга оширди. Баҳсга якуний нуқтани эса 118-дақиқада Зайниддин Тожиев қўйди — 6:3!

Ўзбекистон Кубоги — 2001/2002

"Пахтакор" (Тошкент) — "Нефтчи" (Фарғона) — 6:3 (2:1, 1:2, қўшимча вақтда — 3:0)

Тошкент, «Пахтакор» стадиони. 25 000 нафар томошабин

Ҳакамлар: Рустам Саидов, Ғайрат Каримов, Равшан Эрматов

Голлар: Гочкулиев (3, 115 – пен.), Лебедев (4, 110 – иккаласи ҳам ўз дарвозасига), Кошелев (70), З. Тожиев (118) — Ни (14), Қурбонов (84), Холматов (90).

"Пахтакор": Нестеров, Ашурматов, Гочкулиев, Ўтабоев, Жалилов, Кошелев (Сейткамалов, 116), Кирьян, Жепаров, Солиев, Гейнрих (З. Тожиев, 59), Қутибоев.

Бош мураббий: Виктор Жалилов

"Нефтчи": Забиров, Маталиев, Ҳамидов (Аҳмедов, 74), А. Тоиров, Холматов, Саидов (Усмонов, 46), Қурбонов, Лебедев, Ни, Бердиев, Исақов (Р. Дурмонов, 76).

Бош мураббий: Юрий Саркисян

photo_2026-08-29_15-42-23.jpg

Ўйин қаҳрамонлари хотирасидан

Муҳтор Қурбонов: "Яқиндагина шу ўйинни ёдга олувдим. Жарима зарбасидан тахминан 30 метрлар атрофидан чиройли гол ургандим. Аммо экстра-таймларда "Пахтакор" ғалабани илиб кетганди".

Акмал Холматов: "Бу финални эслаш жуда оғриқли. Ҳалигача алам қиладиган мағлубият. Яхши ўйнаб турган жойимизда бой берганмиз. Балки, ўша куни "Пахтакор" ҳақиқатан ҳам кучлироқ бўлгандир".

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia