

Championat.asia сайти турнинг энг яхшиларини аниқлади.
Тур мураббийи — Бобур Абдураҳмонов ("Пахтакор фарм")
“Пахтакор фарм” бу турда “Лочин” билан ўйнади ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Мазкур ғалабада тошкентликлар ёш устози Бобур Абдураҳмоновнинг ўрни беқиёс. У ўйин учун тўғри таклика танлагани ва ёш “шерлар”ни ўйинга пухта ҳозирлагани баҳс мобайнида яққол билиниб турди. "Пахтакор фарм” унинг кўрсатмаларини тўкис адо этгани эвазига жамоа мавсумдаги иккинчи ғалабасини тантана қилди. Шундай қилиб, 34 ёшли мутахассис тур мураббийи номига лойиқ деб топилди.

Тур футболчиси — Акбархон Иброҳимхонов ("Яйпан")
“Яйпан” бу турда “ТерДУ” меҳмони бўлиб, 2:1 ҳисобида ғалабага эришди. Мазкур ғалабада Акбархон Иброҳимхоновнинг саъй-ҳаракатлари муҳим ўрин тутди. Боиси, 19 ёшли ҳужумчи 15-дақиқада гол урди, 42-дақиқада эса жамоаси фойдасига пенальти ишлади. Шу тариқа, Иброҳимхонов 15-турнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Тур дарвозабони — Асқаржон Қудратов (“Олимпик-MobiUz”)
“Олимпик-MobiUz” ортда қолган турда “Ғазалкент” билан тўқнаш келиб, 1:0 ҳисобида зафар қучди. Баҳс мобайнида Асқаржон Қудратов бир қатор вазиятларда жамоасини муқаррар голлардан асради ва учрашувда дарвозасини “қуруқ” сақлади. Шу тариқа, 21 ёшли посбон тур дарвозабони номига лойиқ кўрилди.

Тур голи — Нурмуҳаммад Намозов (“ТерДУ”)
Юқорида таъкидланганидек, “ТерДУ” бу турда “Яйпан” билан баҳс юритиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Шунга қарамай, тур голи айнан термизликлар ярим ҳимоячиси томонидан урилди. Нурмуҳаммад Намозовнинг 45+2-дақиқада жаримадан йўллаган зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўридан жой олди, дарвозабон бу зарба олдида ожиз қолди. Қуйида мазкур голни томоша қилишингиз мумкин.




