

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Ғалаба билан жамоамиз ва мухлисларни табриклайман. Анчадан бери юта олмаётгандик, сентябрь ойи-ку умуман омадсиз ўтди. Шу боис бугунги ғалаба жуда ёқимли бўлди. Тўғриси, қандай қилиб зафар қучганимизни ҳалигача тушунмаяпман. Чунки ҳисоб 0:2 эди ва ҳаммаси биз учун салбий тугаши мумкин эди. Йигитларга раҳмат, характер кўрсата олишди. Биз тўхтаб қолмадик ва охиригача курашдик. Ўйин охирги ҳуштаккача кечди. Биринчи таймни жуда ёмон ўтказдик. Кераксиз голни ўтказиб юбордик. Иккинчи голда ҳам хатога йўл қўйдик. Ғалаба ўз йўлига, аммо биз ҳали кўп ишлашимиз керак. Хатоларни тўғрилаш лозим.
- Бугунги алмаштиришлар ўйин боришига таъсир қилдими?
- 0:2дан чиқиб кетганимизни ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, ўйинга таъсир қилди. Биринчи таймда ҳужумда ишларимиз юришмади. Асосан орқада ҳаракат қилдик. Лекин иккинчи бўлимда ўзимизга келиб олдик. Бугун захирадан тушган ўйинчиларимиз гол уришди, ассист беришди, демак ўз ишларини яхши бажаришди. Ҳозирги футболда захирадан тушганлар ишни ҳал қилиб кетяпти.
- Филипович, Рўзиев ва Хайруллаевни кейинги тур асосий таркибда кўрамизми?
- Вазиятга қараймиз, одатда ҳар ўйинда икки нафар футболчимизни йўқотяпмиз. Умумий ҳисобда 10 нафар футболчимиз жароҳат олди. Таркибдаги бор ўйинчилардан фойдаланамиз.
- Ўтказиб юборилган иккинчи голдан сўнг ҳам мухлислар стадионни тарк этмади. Уларга айтар сўзингиз борми?
- Албатта, бор. Мухлисларга катта раҳмат. Чунки биз улар учун ўйнаймиз. Бухоролик мухлислар жамоани жуда чиройли тарзда қўллаб келишяпти. Биз уларнинг кўмагига доим муҳтожмиз ва ўз навбатида ғалабалар билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.



