

– Ўйин ҳақида ўз фикрларинингизни билдириб ўтсангиз…
– Барчага хайрли кеч. Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, энг аввало, натижадан қониқмадим. Бироқ жамоамнинг ўйин сифатига келсак, кўплаб камчиликлар бўлишига қарамай, ижобий жиҳатлар ҳам кўзга ташланди – хусусан, иккинчи бўлимда. Биринчи бўлимнинг дастлабки 20 дақиқасида ўйин темпини назорат қилдик деб ўйлайман. Рақибда ҳам вазиятлар юзага келди, бироқ ўйин биз режалаштирган ва кутган сценарий асосида кечди. Фақатгина тўпни олиб қўйганимизда, айниқса майдон марказида, бу вазиятлардан умуман фойдалана олмадик, ҳатто дарвоза томон зарба ҳам бера олмадик. Юқори прессингдан сўнг тўпни олиб қўйишимиз керак бўлган вазиятларнинг бирида гол ўтказиб юбордик. Биринчи бўлимда иккинчи тўплар учун курашда сусткашликка йўл қўйдик, аммо танаффусда буни тўғриладик. Йигитлар майдонга чиқиб, сифатлироқ ўйин кўрсатишди, кўрсатмаларга амал қилишди ва ўйин бурилишини ўзгартира олганликларидан хурсандман. Биз киритган голдан то ўтказиб юборилган голгача бўлган 15–20 дақиқалик оралиқ ўйиндаги энг яхши давримиз бўлди. Биз охиригача ҳаракат қилдик, ўзгаришлар қилдик, ҳисобни тенглаштиришга уриндик, аммо уддалай олмадик. Ўтказиб юборилган сўнгги гол умумий 3:1 ҳисобидаги манзарани ўзгартириб юбориши мумкинлиги ачинарли, албатта. Шунга қарамай, бугун кучли рақибга қарши муносиб қаршилик кўрсатиб, жанг қилдик деб ҳисоблайман. Мени қувонтирган яна бир жиҳат шуки, бугун иккита легионер майдонга тушиб, жамоага куч қўшди. Улар сўнгги еттита ўйинда Суперлигада қолишимиз учун зарур бўлган очколарни жамғаришда ёрдам беришига ишонаман.
– Сиз "Бунёдкор"га келганингиздан сўнг, жамоа балансини бироз ўзгартирдингиз. Мен жамоанинг кўплаб ўйинларини кузатиб бораман. Авваллари жамоа кўплаб вазиятлар яратар, бироқ улардан фойдаланиш кўрсаткичи паст эди. Умуман олганда, ҳаммамизда ҳам бу кўрсаткич паст. Сизнинг келишингиз билан жамоа кўп вазиятлар яратишни тўхтатгандек туюлди. Бугун, шахсий фикримча, "Пахтакор" сизларни мутлақ устунлик билан мағлуб этди. Сизларда битта гол ва атиги иккита вазият бўлди холос. Жамоа балансини асосан ҳимояда ишончли ўйнаш ва яратилган кам сонли вазиятлардан унумли фойдаланишга йўналтирдингизми?
– Бугунги ўйинда яққол ва ёрқин вазиятлар кўп бўлмаганига қўшиламан. Аммо устида ишлашимиз керак бўлган жиҳатлар талайгина. Бугун рақиб "Пахтакор"га қарши режамизни яхши йўққа чиқара олди. Марказда тўпни олиб қўйган ҳолатларимизда, улар тезкор қарши ҳужумга айланиб кетиши мумкин эди. Мен вазиятни шундай кўрдим. Учинчи зонага узатилган паслар ва сон жиҳатдан устунлик юзага келган вазиятларда рақиб дарвозасига зарба бериш имкониятидан фойдалана олмадик. Бу биздаги асосий муаммо ва унинг устида ишлашимиз зарур. Буни тўғирласа бўлади, чунки маҳорат етарли, фақат бугун бизга тўғри қарор қабул қилиш ва диққатни жамлаш етишмади. Юқори пульс ҳолатида тўғри ва сифатли қарор қабул қилиш қийинлашади, аммо йигитлар умумий режага содиқ қолишди деб ўйлайман. Биз хоҳлаган сценарий юзага келди, лекин вазиятлардан унумли фойдалана олмадик. Тўғри таъкидладингиз, очиқ вазиятлар кўп бўлмади, лекин уларни юз фоизлик голли ҳолатга айлантиришимиз мумкин эди.
– Яна бир савол. Иккита ёш футболчи – яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоасида дебют қилган 16 ёшли Муҳаммад Ҳакимов ва учрашувни бошидан охиригача хатосиз ўтказган 19 ёшли Тўлқинбеков ҳақида сўрамоқчи эдим. Улар терма жамоадан қандай кайфиятда қайтишди? Жисмоний эмас, кўпроқ руҳий ҳолати ва ўзига бўлган ишончини назарда тутяпман.
– Жуда яхши, лекин Муҳаммад ўйнамади, у терма жамоа сафида бор-йўғи беш-ўн дақиқа ҳаракат қилди.
– У рекорд ўрнатди-ку.
– Ҳа, албатта. Аксинча, уларда ишонч юқори деб ўйлайман, улар Суперлигада ўйнашга кўникиб улгуришган, айниқса, Тўлқинбеков. Руҳий ва психологик жиҳатдан улар доимо тайёр ҳолатда. Менимча, улар учун бу оддий ва одатий жараён. Терма жамоага чақирувдан сўнг футболчилар янада кучли мотивация ва ўзига ишонч билан қайтишлари керак ва бугун улар ажойиб ўйин кўрсатишди. Мен уларнинг қобилиятини, хусусан, Тўлқинбековни жуда яхши биламан.
Бугун жамоага барқарор ўйин намойиш этишда айнан улар ёрдам беришди ва биз уларга ишонамиз. Терма жамоадаги тажриба уларнинг ҳам руҳий, ҳам жисмоний ўсишига ижобий таъсир кўрсатишига ишончим комил.
– Бироз аввал легионерлар ҳақида тўхталиб ўтдингиз. Матиа Кривокапич июль ойидан бери илк бор майдонга тушди. Уни қандай қилиб майдонга қайтишга кўндирдингиз? Бошқа томондан, Ботти умуман кўринмай қолди, ҳаттоки қайтномада ҳам йўқ, ҳолбуки аввалги ўйинларда майдонга тушаётган эди.
– Бугун Кривокапич жароҳатдан фориғ бўлиб, захирадан майдонга тушди. Ботти эса сўнгги учрашувларда, худди бугунгидек, қайтномага киритилмаяпти. Биз бу борада ишлаяпмиз. Жароҳатлардан сўнг футболчиларни тиклаб, уларни оптимал жисмоний ҳолатга келтиришга ҳаракат қиляпмиз. Ботти ўйиндан олдин бироз тоб қочгани сабабли қайтномага киритилмади. Плетнёв ва Матиа эса узоқ танаффусдан сўнг майдонга қайтишди. Улар ҳали юз фоиз жисмоний ҳолатда эмас, лекин биз ишда давом этамиз ва насиб қилса, улар жамоамизга ёрдам беришади.
– Кейинги ўйин сизнинг собиқ жамоангиз – "Сўғдиёна"га қарши кечади. Бу ўйин сиз учун қандайдир принципиал аҳамиятга эгами?
– Биз ҳаммамиз профессионаллармиз. Мураббийлик касби шуни тақозо этади. Ҳар бир рақибга жиддий тайёргарлик кўрамиз ва бу сафар ҳам шундай бўлади. Тўғри, у ерда узоқ вақт фаолият юритдим, ажойиб дамларни ўтказдик. Аммо бўлажак ўйинга фақат ва фақат ғалаба қозониш иштиёқи билан ёндашаман, ҳеч қандай ҳис-туйғуларсиз. Агар эмоцияларга эрк берсак, нотўғри қарор қабул қилиб қўйишимиз мумкин. Шу сабабли бу ўйинга профессионал даражада тайёргарлик кўришимиз, ўз билим ва тажрибамдан фойдаланган ҳолда йигитларни тайёрлашимиз керак. Худо хоҳласа, бу ўйиндан умидим катта.
– "Бунёдкор"нинг уй учрашувлари стадион ҳолати ёмонлиги сабабли турли майдонларда ўтказилмоқда. Бу борада янгиликлар борми?
– Умид қиламизки, тез орада ўз майдонимиз тикланади ва биз у ерда ўйнай оламиз. Ўз уйингда ўйнаш ҳар доимо осонроқ. Келгуси 10–15 кун ичида майдон тўлиқ тикланади деган умиддамиз. Майдон ҳолати яхшиланаётгани ҳақида маълумотлар бор.
– "Жар" стадионида ўйнамоқчи эдингиз-ку? "Бунёдкор"да ўйнаганингизда мухлислар кам эди, аммо "Жар"да "Бухоро"ни қабул қилганингизда, мухлислар ташрифи ва умуман стадион аураси бутунлай бошқача бўлган эди. Ҳатто трансляция режиссёри ҳам буни алоҳида кўрсатганди. Хуллас, "Бунёдкор" "Жар"да ўйнаганда, худди ўз уйида ўйнагандек таассурот қолдиради. Ҳозир "Жар"нинг майдони яроқсиз ҳолатга келганини назарда тутяпсизми?
– Бу ҳолат бизга боғлиқ эмас. Биз у ерда ўйнашга ҳаракат қилдик, "Жар"да учрашув ўтказишга уриндик, аммо имкони бўлмади. Келгуси учрашувни қаерда ўтказишимизни ҳозирча билмайман. Амалда доимий сафарда ўйнашимизга тўғри келмоқда. Бироқ биз охиригача курашамиз ва бу вазиятдан ёруғ юз билан чиқиб кетамиз.



