

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Турнир жадвалида биз ҳам, "Машъал" ҳам яхши ҳолатда эмас. Охирги ўйинларни омадсиз ўтказдик, Суперлиганинг иккита турида мағлуб бўлдик. Кубокда енгилиб мусобақадан чиқиб кетдик. Бугун бизни ғалабадан бошқаси қониқтирмасди. Шунингдек, рақибимизга ҳам ютуқ зарур эди.
Бугун мени кўпроқ дарвозани нолга ушлаб қолганимиз хурсанд қилди. Учта гол урдик, майли, лекин икки хил тайм гувоҳи бўлдик. Биринчи таймда бирдан ортиқ гол уришимиз мумкин эди, жуда яхши вазиятларга эга бўлдик. Рақибимизда ҳам юз фоиз имконият бўлди. Агар рақиб гол урганида ҳаммаси ўзгариб кетиши мумкин эди.
Иккинчи таймда негадир ўйинимиз унчалик қовушмади. Аммо футболда ғолиблар муҳокама қилинмайди дейишади. Иқбол Маликжонов захирадан тушиб жуда чиройли гол урди. Анча пайт майдонда кўринмаган Сильванус Нимели ҳам бугун ҳаракат қилди. У тўпни йўқотди, лекин гол урди, бу эса ҳужумчининг иши ҳисобланади. Жамоага икки кун дам берамиз, душанба куни йиғилиб навбатдаги уй ўйинига ҳозирлик кўрамиз.

- Элбек Йўлчиев билан Акбар Ўктамовнинг ўйинини қандай баҳолайсиз?
- Ижобий. Элбек бугун иккита тўп киритиши мумкин эди. Биз унинг даражасини машғулотлар орқали секин-аста кўтариб боряпмиз. Назорат баҳсида "Яйпан" дарвозасига тўп киритди. Гол уришдан ташқари у тўпни ўзида сақлай оляпти. Акбар ҳақида ҳам ижобий фикрларни айта оламан. Ҳар икки футболчимиз ниҳоятда кўп ишлаши, вақтида дам олиши ва тўғри овқатланиши керак. Бизда бошқа футболчиларда ҳам салоҳият катта.
- Табатадзе билан Гиоргадзе бугун майдонга тушишмади.
- Андро Гиоргадзе шамоллаб қолди. Тома Табатадзе ҳақида нима дейишим мумкин, агар бугун Нимели гол урмаганида бу менинг хатойим бўларди. Тома - профессионал, у ўз устида тинмай ишламоқда. Кейинги ўйинларда у ҳам майдонга тушади. Бизда 3-4 нафар яхши ҳужумчи бор.
- Кейинги тур "Нефтчи" Қўқонга келади. Жамоа чемпионга жиддий қаршилик кўрсата оладими?
- Мавсум бошида "Нефтчи"ни яхши жамоа деб айтгандим. Лекин мавсумни бир текис ўтказиш осон эмас. Жамоа бу тур дуранг ўйнади, сафарда "Бухоро"га ютқазганди. Айниқса иккинчи давра улар учун оғир кечяпти. Бизда ҳам яхши имконият бор. Муҳими, совуққонликни йўқотмаслигимиз керак. Қизишиб кетсак ўзимизга қийин бўлади. "Нефтчи"га Элит ОЧЛда омад тилайман.



