

– Ўйин ҳақида фикрингиз...
– Барчага хайрли кеч. ОКМК жамоасини ғалаба билан табриклаймиз. Жуда оғир, аммо қизиқарли ўйин бўлди. Ўйлайманки, биз тушиб қолган вазият ва барча қийинчиликларга қарамай, йигитлар қизиқарли, ҳужумкор футбол намойиш этишди.
– Қизиқарли ўйин бўлди, доимгидек завқ олдик. Менинг молиявий масалалар бўйича саволим бор эди, бу нарса давлатга ва йигитларга ҳам тушунарли бўлиши учун. Муаммоларни ёпа оласизларми? Ажратилган пуллар сафар ўйинларига бориш ва бошқа харажатларни қоплашга қанча вақтга етади?
– Қаранг, мен бу борада очиқроқ бўламан. Нималар рўй бераётганини ва ўйинчилар буни қандай қабул қилганини барча билиши тўғрироқ бўлади. Демак, 5 миллиард сўм ажратилди. Шундан 2,5 миллиарди дарҳол солиққа ушлаб қолинди – бу автоматик равишда кетади. Қолган 2,5 миллиард эса бошидан, яъни декабрь ойидан буён шу ерда бўлган йигитларга ойлик сифатида берилди. Ўйлашимча, бу фақат бир ой, балки бир ярим ойлик маош бўлди холос... Шунда ҳам ҳаммага эмас. Клубни тарк этган ўйинчилар ҳали маош олишмади. Асосан, йигитларга қандайдир ташқи мотивация бериш мақсадида ҳозир шу ерда бўлганларга пул берилди, чунки барибир уларга жуда қийин...
– Мен саволимни бироз тўғрилаб юборсам. Демак, "Бунёдкор"нинг кейинги турлардаги сафар ўйинларида чиройли ва мазмунли футбол гувоҳи бўламиз, шундайми?
– Йўқ, бу энди менга боғлиқ эмас. Мен автобус ёки овқатланишга буюртма бера олмайман-ку. Агар бу менинг қўлимдан келганида, балки қилардим, лекин менинг ҳам оилам бор... "Бунёдкор"ни таъминлаш учун у қадар юқори даражада ўйнамаганман. Тўғри, футбол ўйнаганман, лекин у даражада эмас. Акс ҳолда, жону дилим билан жамоани таъминлаган бўлардим. Ростини айтяпман.
– Молиявий муаммолар сабаб жамоани кўплаб етакчилар тарк этмоқда ва тарк этиши кутилмоқда. Аммо вазиятни билган ҳолда бошқа клублардан таклифларни рад этиб, қийин кунларда жамоа билан бирга бўлишни истайдиган футболчилар борми? Масалан, Италия футболидан мисол келтирсам, 2000-йилларда банкрот ҳолатига келган "Фиорентина"да Италия терма жамоаси аъзоси Анжело Ди Ливио фидокорлик кўрсатиб, юқори маошли таклифларни рад этиб, ёшлар ва ҳаваскорлар билан бирга С2 Сериясида ўйнашга рози бўлган. Ёки "Парма"нинг инқироз даврида Алессандро Лукарелли маошсиз қолганига қарамай, ўз жамоасини тарк этмади ва D Сериясида ҳаваскорлар мақомида ўйнашга қарор қилган. Иккала футболчиниям клуб мухлислари жудаям ҳурмат қилишади.
– Яхши савол, сизга катта раҳмат. Лекин бу ерда контекст – умуман бошқача. Яъни, биз баъзида ўзимизни Италия ёки Англия билан солиштирамиз... Аммо контекст бутунлай фарқ қилади. Биз ҳозирча ўзимизни у чемпионатлар билан солиштира олмаймиз, чунки банкротлик юз берган ўша даврда мен Италияда эдим. Аммо улар қайта тикланганида, ушбу клубларнинг стадионлари доимо тўла бўларди. 35-40 минг мухлис келарди. Футболкалар сотиларди, одамлар ўйинга борарди... Маркетинг йўлга қўйилган, жараён рельсга туширилган эди. Бизда эса, очиғини айтаман, тан оламан, биз энди ривожланяпмиз. Умид қиламанки, шундай яхши йўналишда ривожланишда давом этамиз. Аммо ўзимизни улар билан солиштириш – нотўғри. Биз баъзида улардек ўйнашни, бизда ҳам улардек тиббиёт ва реабилитация бўлишини хоҳлаймиз, лекин ўйлайманки, умуман Европа футболидаги деталларнинг моҳиятини ҳали унчалик яхши тушунмаймиз.

– Менда Раҳмонов бўйича савол бор эди. У ОКМКда 6 ёки 7 мавсум ўтказган. Эҳтимол, қандайдир эски хотиралари қолгандир... Тўғри, сиз 3 та гол ўтказиб юбордингиз, бунда унинг ҳам айби бор, гарчи у ерда пенальти бўлган бўлса ҳам... Лекин менга унинг ҳаракатлари, яккакурашлардаги ғалабалари, курашувчанлиги ёқди. Бу ўша собиқ жамоасига қарши ўзига хос психология ёки менталитетми?
– Ҳа, ўйлашимча шундай... Умуман олганда, Сардор табиатан курашувчан йигит. Унинг характери шунақа. У ҳатто машғулотлардаги оддий ўйинларда ҳам ютқазишни хоҳламайди. Бу, дарвоқе, ҳозир унинг ёнида ўйнаётган ёш футболчилар учун жуда яхши ва катта омил. Чунки у ҳатто машғулотларда ютқазишни истамагани сабабли, ўйин темпини кўтаради. Ўйлайманки, футболда собиқ жамоангга қарши қандайдир ўзгача иштиёқ билан ўйнаш одати бор... Эҳтимол, ҳатто пенальти ҳолатида ҳам, гарчи мен у билан гаплашганимда "у ерда пенальти йўқ эди", деган бўлса ҳам...
– Агар бугунги ўйинни бошидан қайта ўтказиш имкони бўлганда, биринчи навбатда нимани ўзгартирган бўлардингиз – тактиканими, таркибними ёки ўйинчиларнинг руҳиятини?
– Биласизми, саволингиз учун раҳмат... Мен ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўлардим, ҳаммасини шундай қолдирардим. Чунки йигитлар, кўпларининг ёш бўлишига қарамай, деярли тенгма-тенг ўйин кўрсатишди. ОКМК – бу жуда кучли таркиб, ишонинг, уларда жуда зўр футболчилар йиғилган. Мени қувонтиргани шуки, асосий таркибда тушган ва захирадан қўшилган футболчиларимиз улар билан тенгма-тенг ўйнашди. Мураббий сифатида мен учун бу катта натижа. Мен фақатгина ўша кетма-кет 3 та гол ўтказиб юборилган 15-20 дақиқалик "эсанкираш" ҳолатини бироз тўғрилаган бўлардим. Ҳимоя чизиғида йигитлар билан бироз ишлаган бўлардим. Умуман олганда эса, ўйин жуда яхши ўтди.
– Фабио Каннаваро Ўзбекистонга қайтиб келгач, мураббийлар штаби билан биргаликда "Бунёдкор" машғулотига ташриф буюргани ҳақида хабарлар чиқди. У яқинда бўлиб ўтган матбуот анжмунида эндиликда ёшларга кўпроқ эътибор қаратаман деб айтиб ўтди. "Бунёдкор" ёшларида молиявий муаммолар фонида шунақа мотивация йўқолиб қолмадими? Чунки уларни ҳам Беҳруз Каримов сингари келажак кутиши мумкин.
– Ёш футболчилар олий лигада ўйнаши – бу жуда яхши ҳолат. Мен бунгача ҳам айтганман, агар имконият бўлса, улар 16, 17, 18 ёшидаёқ ўйнаши керак. Бизда ҳозир бундай имконият табиий равишда юзага келди, чунки кўплаб тажрибали ўйинчиларимиз клубни тарк этишди. Лекин мен қаердадир эшитдим... Ижтимоий тармоқларда кўп вақт ўтказмайман, аммо қайсидир футбол экспертлари "улар кўплаб ўйинчилари кетиб қолгани учунгина ёшларга имконият беряпти", деб ёзишибди. Бу ёлғон. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Агар улар сўнгги 2,5 - 3 мавсум давомида "Бунёдкор" қанча ёш футболчига ўйнаш имконини берганини холисона таҳлил қилишса, ҳаммаси ойдинлашади. Фақатгина нишонимизни бироз тўғрилаб олишимиз керак. Ҳозир уларнинг сони шунчаки кўпроқ бўлди, чунки бугун таркибда тахминан 7-8 нафар ёшлар ўйнади... Умуман олганда, бу ёш йигитлар шундай руҳда давом этишса, мен фақат хурсанд бўламан.



