

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Ҳаммага хайрли кеч. Сизлар билан яна кўришиб турганимдан хурсандман. Бугун матбуот анжуманига кўпчилик келибди, бу ҳам ёқимли. Демак, футболга бефарқ эмассизлар. Қолаверса, орангизда Жаҳон чемпионатида ишлаб келганлар бор, терма жамоамиз ўйинларини ёритиб борганингиз учун раҳмат.
- "Бунёдкор" уй учрашувини "Олимпия" стадионида ўтказди. "Бунёдкор" стадионининг ҳозирги ҳолати қандай? Жамоа қачон ўз майдонига қайтади?
- Стадион бўйича саволни маъмуриятга берганингиз маъқул. Мен бош мураббийман ва қачон қайтишимизни билмайман. Бу борада аниқ гап айта олмайман.
- Жамоада вазият қандай? Яхши томонга ўзгариш борми ёки "Титаник"ка ўхшаб чўкиб боряптими?
- Биз "Титаник" эмасмиз. Охиригача курашамиз. Мен бу ҳақда йигитларга ҳам айтдим. Вазият ҳамон оғир, ўтган йил декабрдан бери маош олмаган футболчилар бор. Клубимиз президенти вазиятни ўнглашга ҳаракат қилмоқда, бунинг учун хурсандмиз. Футболчиларимиз майдонга чиқиб ўзларини кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Фақат шуни айтишим мумкин, декабрдаги ҳолатдан бери ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.
- Самандар Мавлонқулов захирадан тушди, бироқ яна захирага олинди.
- Мавлонқулов ички вазият ҳақида ФИФАга ёзди. У икки кун олдин хат йўллади. Лекин мен ўз футболчиларимга ишонаман. Уни жамоамизга ёрдам бериши учун майдонга туширдим. Иккинчи томондан унинг ҳолатини яхши тушуниб турибман. У жамоага футбол ўйнаш ва шу орқали пул топиш учун келган. Самандар руҳий томондан ўйинга киришиб кета олмади, шу боис яна захирага олдим. Олдин ҳеч бундай қилмагандим, бу мен учун биринчи бор шунақа бўлди. Ўйлашимча, Самандар бошқа жамоа ҳақида ўйлаяпти ва унинг ҳолатини тушунаман.
- Клубдаги мавжуд вазиятдан келиб чиқиб тактика ҳақида сўрашнинг мавриди бўлмаса керак. Шу боис бошқа савол бермоқчиман. Маълумки, сиз ўз вақтида Италияда фаолият олиб боргансиз ва итальян футболини яхши биласиз. Италиядан кўп яхши мураббийлар чиққан. Лекин шундай бўлдики, Италия терма жамоаси қаторасига учта Жаҳон чемпионатини ўтказиб юборди. Мураббийлардан Карло Анчелотти Бразилия, Винченцо Монтелла Туркия билан вазифани адо эта олмади. Шундан келиб чиқиб Сиз Италия футболи ва италиялик мураббийлар билан нима рўй беряпти деб ўйлайсиз?
- Бу саволга аниқ жавоб йўқ. Мен Италияга илк бор 2000-йиллар бошида "Ювентус" ўринбосарлари сафига боргандим. Асосий жамоадан чақирув олганимда Кубок ўйинида иштирок этганман. Ўшанда Трезеге, Дель Пьеро, Давидс, Буффон каби юлдузлар бор эди. Италия футболининг ўз маданияти бор эди, вақт ўтиб шу маданият йўқолиб борди. Ҳар бир мамлакатнинг ўз футбол маданияти бор. Италияликлар испан футболи ортидан қувишга, шундай ўйнашга ҳаракат қилишди, лекин ўхшамади. Ҳам ўхшамади, ҳам ўз маданиятини йўқотди. Италия футболи ҳар доим метин ҳимояси билан донг қозонган. Каннаваро, Мальдини - булар супер авлод эди. Кейинги йилларда яхши ҳимоячилар чиқмай қўйди. Испанияда футбол буткул янгича тус олди, улар бу ишни болалар футболидан йўлга қўйишди. Ҳозирги испан футболи иқтидорлар макони. Португалия ҳам шулар жумласидан. Вақти келиб Ўзбекистон ҳам улар қаторига чиқади деб умид қиламан.

- Абдумавлон Абдужалилов мавсум аввалида дарвозани қўриқлаганди. Кейинчалик Федерико Ботти дарвозада тура бошлади. Бугун кўрдикки, яна Абдумавлонга имкон берилди.
- Бу ҳам молиявий ҳолат билан боғлиқ. Йиғинни бошлаганимизда қийинчилик сабаб Федерико ўз вақтида қайтиб кела олмади. Машғулотлар кетаётганди ва Абдумавлон сафимизда эди. У ҳам маош олгани йўқ, лекин машғулотларда астойдил ишлади. У профессионал, шу билан бирга кучли дарвозабон. Мағлубиятга учраган бўлсак-да, Абдумавлон ўз ишини яхши бажарди деб ўйлайман.
- Ўзбекистонда "Барселона" футбол академияси филиали очилиши мумкинлиги ҳақида хабар чиқди. Бу борада нима дея оласиз? Шундай академия бизда ҳам ташкил қилинса бунинг қандай плюс ва минус томонлари бўлади?
- Бу жуда яхши савол ва савол учун раҳмат. Албатта, ҳар бир ўзгариш ва ривожланиш инвестиция талаб қилади. "Барса" академияси дунёда қанчалик машҳур эканини ҳаммамиз биламиз. Бизда ҳам ривожланиш бўлиши учун кўпроқ пул сарфлашга тўғри келади. Балки бунинг мевасини ўн йилдан кейин кўрарамиз. "Барселона" академиясидан мутахассислар келиб дарс беришини яхши деб ўйлайман, фақат биз бунга қанчалик тайёрмиз, ҳамма гап шунда. Бизда болалар футболига эътибор ошяпти, буни кўраётганимдан хурсандман. Агар уларнинг методикаси бутун Ўзбекистон бўйлаб шаҳарлар ва вилоятларда ҳам қўлланилса, янада яхши ўйинчилар етишиб чиқади.



